Витаминларнинг физиологик моҳияти
Витаминлар турли кимёвий табиатли органик бирикмалар гуруҳидир. Улар овқат маҳсулотларида жуда кам миқдорда бўлади, аммо организмнинг физиологик ҳолатига кучли таъсир этади. Витаминлар сезиларли пластик ва энергетик аҳамиятга эга эмас, уларнинг кўпчилиги ферментлар таркибига киради ва моддалар алмашинувида катализатор ролини бажаради.
Витаминлар манбаи бўлиб ўсимликлар ва ҳайвонлардан ҳосил бўлган овқат маҳсулотлари хизмат қилади. Овқат маҳсулотларида витаминлар тайёр ҳолда фаол шаклда ёки нофаол (провитамин) шаклда бўлади. Провитаминлардан организмда витаминлар ҳосил бўлади. Витаминлардан баъзилари ичак микрофлораси томонидан синтезланади.
Овқатланиш физиологияси нуқтаи назаридан витаминларнинг сувда эрийдиган (В гуруҳи витаминлари , С ва Р) ва ёғда эрийдиган (А, Д, Е ва К) витаминларга бўлиниши муҳимдир. Сувда эрийдиган витаминлар ўсимлик маҳсулотлари (донли ва дуккакли ўсимликлар, сабзавот, мева ва кўкатлар) таркибида кўпроқ, ҳайвон маҳсулотларида камроқ бўлади. Ёғда ёрийдиган витаминлар манбаи бўлиб ёғга бой бўлган ҳайвон маҳсулотлари (витаминлар депоси айниқса жигар) хизмат қилади. Бу қоидадан истисно шаклда никотин кислота ва цианкобаламин каби сувда эрийдиган витаминлар ҳайвон маҳсулотлари таркибида учрайди.
Овқат билан у ёки бу витамин етарли миқдорда қабул қилинмаганда организм меъерий функцияларининг бузилишига гиповитаминоз, витамин бутунлай бўлмаса авитаминоз дейилади. Ҳар бир алохида витаминнинг етишмовчилиги ёки бутунлай йўқлиги фақат унинг ўзига хос бўлган касалликни келтириб чиқаради. Авитаминоз ва гиповитаминозлар нафақат овқат таркибида витаминлар бўлмаганда ёки етишмаганда, балки меъда-ичак йўллари касалликларида витаминлар сўрилишининг бузилишида ҳам кузатилади. Витаминларнинг одатдагидай миқдори овқат билан қабул қилинганда ҳам гиповитаминоз ривожланиши мумкин, бундай ҳолат организмнинг витаминга бўлган талаби ошганда (ҳомиладорлик, тез ўсиш вақтида) ва ичак микрофлораси антибиотиклар билан йўқотилганда кузатилиши мумкин.
В1 витамини (тиамин) оқсиллар, ёғлар ва карбонсувлар алмашинувида қатнашади, меъерий ўсишни таъминлайди, меъданинг секретор ва ҳаракат функциясини кучайтиради, юрак ишини нормаллаштиради. В1 витаминининг энг кўп миқдори бош мия томонидан фойдаланилади, у ацетилхолин ва нуклеин кислоталар синтезида қатнашади.
В1 авитаминозида бери-бери касаллиги ривожланади, асаб тўқимасининг кислородни истеъмол қилиши пасаяди ва унда тула оқсидланмаган моддалар йиғилади. Натижада полиневрит ривожланади. Юрак ва меъда-ичак йўллари фаолияти бузилади.
Катта ёшдаги одамнинг В1 витаминига бир кеча-кундузги талаби ўртача 2мг, оғир жисмоний иш вақтида 5 мг гача ошади. В1 витамини организмда йиғилмайди, шунинг учун у узлуксиз қабул қилиниши керак. Тиамин донли ва дуккакли ўсимликлар, жигар, буйрак, юрак, енғоқ, тухум сариғи таркибида бор. Унинг биологик фаол формаси кокарбоксилазадир.
В2 витамини ( рибофлавин) ҳомила ва боланинг ўсиши ва ривожланишига таъсир этади. Кўрув пигменти-родопсин, оксиллар ва ёғлар синтезида, гемоглобин ҳосил бўлишида қатнашади. В2 авитаминозида ўсиш ва ривожланиш кечикади, катта ёшдаги одамларда кўзда ва оғиз шиллиқ пардасида ўзгаришлар пайдо бўлади. Шох пардада томирлар пайдо бўлади (васкуляризация), гавҳар яллиғланади ва тиниқлигини йўқотади (катаракта). Бир кеча-кундузда одам 2-3 мг В2 витамини қабул қилиши керак. Донли ва дуккакли ўсимликлар, жигар, буйрак, юрак, гўшт, сут, тухум, наъматак таркибида бор.
В3 витамини (пантотен кислота) ёғ кислоталари, стероид гормонлар, ацетилхолин в.б. муҳим бирикмалар синтези учун зарур, оқсил, ёғ ва углеводлар алмашинуви ниҳоявий маҳсулотлари оқсидланишида иштирок этади. Авитаминозида ҳолсизланиш, тез чарчаш, бош айланиши, дерматитлар, шиллиқ пардаларнинг хасталаниши, невритлар ривожланади. Бир кеча-кундузги эҳтиёж 10мг. Дуккакли ва донли усимликлар, картошка, жигар, тухум, балиқ в.б. таркибида бор.
В6 витамини (пиридоксин) оқсиллар алмашинуви ва қон ишланишида иштирок этади, МНТ ва вестибуляр аппарат функцияларини бошқаради, денгиз ва ҳаво касалликларида вестибуляр аппарат иши бузилишига чидамлиликни оширади. В6 авитаминозида мушакларнинг ҳолсизланиши, атаксия, мушакларнинг узоқ муддатли ва кучли қисқаришлари пайдо бўлади, тери, шилимшиқ пардалар ва асаб тизими зарарланади, гипохром анемия ривожланади. Бир кеча-кундузги эҳтиёж 2-4 мг. Дуккакли ва донли ўсимликлар, қора мол, чўчқа, қўй гўшти, жигар, балиқ таркибида бор. Ичак микрофлораси томонидан синтезланади.
В9 витамини (фолий кислотаси) нуклеин кислоталар ва аминокислоталар синтезига таъсир этади, хромосомалар таркибида бор ва ҳужайралар кўпайишининг муҳим омилидир. Қон ишланишини бошқаради ва қўзғатади. Авитаминозида анемия ривожланади. Карам, помидор, салат, сабзи, буғдой, арпа, жигар, буйрак, мол гўшти, тухум таркибида бор. Организмнинг бир кеча-кундузги талаби 400 мг.
В12 витамини (цианкобаламин) таркибида 5% га яқин кобальт бор. Моддалар алмашинувида иштирок этади, қон ишланиши учун зарур. Цианкобаламинни Каслнинг ташқи омили деб ҳам юритадилар, меъда шираси таркибидаги оқсил гастромукопротеид (Каслнинг ички омили) билан бириккан ҳолдагина сўрилади. Жигарнинг ҳимоя функциясига ёрдам беради, фолий кислотаси (В9 витамини) ни фаоллаштиради. Авитаминозида ёмон сифатли анемия ривожланади. Балиқ жигари, қора мол жигари ва буйрагида бор. Ичак микрофлораси томонидан синтезланади. Бир кунлик эҳтиёжи 2 мкг.
В15 витамини (пангам кислотаси) тўқималар томонидан О2 истеъмолини яхшилайди, ацетилхолин таъсирини кучайтиради. Гуруч майсалари, гуруч пучоги, хамиртуруш замбуруғи, жигар, кўпчилик ўсимликлар уруғида бор. Бир кунлик дозаси 100-300 мг.
Н витамини (биотин) лизоцим ҳосил бўлишида иштирок этади. Кўп миқдорда хом тухум оқсили истеъмол этилганда биотин у билан боғланади ва дерматит ривожланади: тери яллиғланади, сочлар тушиб кетади. Бир кунги талаб 150-200мкг.
РР витамини (никотин кислотаси) ҳужайра нафаси ва оралиқ алмашинувда иштирок этади, меъда-ичак йўллари секретор ва мотор функцияларини нормаллаштиради, жигарнинг барьер функциясини кучайтиради. Авитаминозида пеллагра номли касаллик ривожланади (РР пеллагранинг олдини олувчи ). Пеллагра хасталиги дерматит-тери шиллиқ пардасидаги ўзгаришларда, психика-руҳий ўзгаришлар: ҳотиранинг йўқолиши, эснинг пасайиши, алаҳсирашларда намоён бўлади. РР витамини мол гўшти, жигар, буйрак, юрак ва балиқ таркибида бор. Организмнинг кунлик эҳтиёжи 15мг.
С витамини (аскорбин кислотаси) кўпчилик озиқа моддалар, жумладан наъматак, карам, петрушка, салат, турп, редиска, қалампир, помидор, кўк пиёз, апельсин, лимон в.б. таркибида бор. С витаминининг физиологик моҳияти катта, оқсиллар синтези, карбонсувлар алмашинуви, тўқималардаги нафас жараёни, суякларда оссеин ҳосил бўлиши, тишлар ва милкларнинг соғлом бўлиши учун зарурдир. Деярли барча аъзолар таркибида мавжуд, иммунитетни кучайтиради, организмнинг юқумли касалликларга чидамлилигини оширади. Авитаминозида лавша (цинга) ривожланади: қон томирлар синувчан бўлиб қолади, улар деворининг ўтказувчанлиги ошади, терида қон қуюлишлар кузатилади, тиш милклари шишади ва қонайди, тишлар тушади, касалликнинг оғир холлари ўлимга олиб келади. С витаминининг гиповитаминози: а) овқатда С витамини етишмаганда; б) ҳазм йўлларида унинг сўрилиши бузилганда; в) витаминнинг сарфи кўпайиб кетганда кузатилади. Организмнинг кунлик эҳтиёжи 100 мг, оғир жисмоний иш бажарганда 200-300мг.
Р витамини (рутин) лимондан олинган, у бўлмаганда лавша ривожланади. Одамнинг кунлик эҳтиёжи 50-100мг.
А витамини ёғда эрийдиган витаминлардан бўлиб, организмда оқсил етарли истеъмол қилинганда каротиназа ферменти таъсирида провитамин А – каротиндан синтезланади. Сабзи, жигар, балиқ мойи, тухум сариғи, сариғ ёғ, сут в.б. таркибида бор. Бир кеча-кундузлик эҳтиежи 2 мг витамин ёки 5 мг каротин. Авитаминозида кўриш қобилияти бузилади, тур парда ялллиғланиши, шоҳ парда некрозга учраши ва хатто кўр бўлиш мумкин. Чунки кўрув пигменти родопсин А витамини альдегиди ретинен ва опсиндан иборат.
Д витамини (рахитга карши) организмда ультрабинафша нурлар таъсири остида провитамин эргостериндан ҳосил бўлади. Д витаминининг бир нечтаси мавжуд ( Д1, Д2, Д3, Д4) . Энг кўп хамиртурушда, балиқ мойида, балиқ жигарида, сариғ ёғда, сут, икра, тухум сариғида бор. Кунлик дозаси 25 мкг (0,025мг). Д авитаминози – рахит суяклар шаклланишининг бузилиши билан тавсифланади, Са ва Р нисбати бузилади, суякларда Са миқдори 3-4 маротаба камаяди, қўл ва оёқлар қийшаяди, жисмоний ҳолсизланиш кузатилади.
Е витамини (купайиш витамини) қора мол ва чўчқа гўшти, сариғ ёғ ва тухум сариғи таркибида бор. Одамнинг бир кунлик эҳтиёжи 30 мг.
К витамини (ивиш витамини) қон ивиши жараёни учун ва жигарда қон ивиши омиллари синтези учун зарур. Организмнинг бир кунлик талаби 30 мг.
F витамини ( усиш, Са алмашинуви омили) линол, линолен, арахидон каби тўйинмаган ёғ кислоталаридан иборат. Ўсимлик мойлари, салат, наъматак таркибида бор. Камқонликда жуда фойдали. Кунлик дозаси 10г. F авитаминозида ўсиш тўхтаб колади, тери қуриб, суяклар синувчан бўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |