Мавзу: Қон тизими, функциялари. Плазма, унинг таркиби ва хоссалари. Эритроцитлар. Эритропоэз. Қон тизими ва унинг функциялари
Организм ички муҳитини тўқима (интерстициал) суюқлик, қон ва лимфа ташкил этади, бу суюқликлар таркиби ва хоссалари ўзаро узвий боғлиқдир. Аммо организмнинг ҳақиқий ички муҳити тўқима суюқлигидир, чунки организм ҳужайралари фақатгина тўқима суюқлиги билан бевосита алоқада бўлади. Қон эса юрак эндокарди ва томирлар эндотелийсига тегиб оқади ва тўқима суюқлиги орқали барча аъзолар ва тўқималар фаолиятига таъсир этиб туради. Томирлар девори орқали гормонлар ва турли биологик фаол моддалар қон оқимига ўтиб туради.
Тўқима суюқлиги, қон ва лимфанинг асосий таркибий қисми сувдир. Одам организмида тана массасининг 75% ни сув ташкил этган. Тана массаси 70 кг бўлган одамда тўқима суюқлиги ва лимфа30% (20-21л) ни, ҳужайра ичидаги суюқлик 40% (27-29л) ни ва қон плазмаси 5% га яқин (2, 8-3, 0л) ни ташкил этади.
Қон ва тўқима суюқлиги орасида узлуксиз равишда моддалар алмашинуви ва сув ташилиши содир бўлиб туради. Сув билан бирга унда эриган алмашинув маҳсулотлари, гормонлар, газлар, биологик фаол моддалар ҳам ўтиб туради. Демак, организм ички мухити ҳаракатдаги суюқликлар бир бутун тизимидан иборат бўлиб, умумий қон айланиши ва қуйидаги тартибдаги ҳаракатни ўз ичига олади: қон→ тўқима суюқлиги→ тўқима (ҳужайра)→ тўқима суюқлиги→ лимфа→ қон.
Шуни ҳам айтиш керакки, ҳужайра ичидаги суюқлик, қон плазмаси, тўқима суюқлиги таркиби турлича бўлганлиги сабабли қон, тўқима суюқлиги ва ҳужайралар орасида жадаллик билан катта ҳажмда сув, ионлар, электролитлар, катионлар, анионлар, метаболизм маҳсулотлари алмашинуви содир бўлиб туради. Ички муҳит суюқликларига бундан ташқари эндолимфа, перилимфа, орқа мия, бўғинлар ва плевра суюқликлари ҳам киради. Бу суюқликлар таркибидаги тафовутни организмнинг ички тўсиқлари сақлаб туради. Буларга гистогематик, гематоэнцефилик ва гематокохлеар тўсиқлар киради.
Эволюция жараенида кўп ҳужайрали организмларда (жумладан одам организмида) кўпчилик ҳужайралар ташқи муҳит билан бевосита алоқа қилишдан маҳрум бўлган. Организм ҳужайралари ички муҳит- ҳужайралараро суюқлик билан ўралган ҳолда яшайдилар. Алоҳида ҳужайралар ва ҳужайра гуруҳлари уларни ўраб олган муҳит шароити ўзгаришларига хаддан ортиқ сезувчандирлар. Шунинг учун ички муҳит таркиби ва хоссалари доимийлигининг сақланилиши организм ҳужайра, аъзо ва тизимларининг нормал яшаши учун зарурдир.
Ички муҳит доимийлигининг сақланилиши қон ва лимфа айланиши тизимлари, нафас ва овқат ҳазм қилиш ҳамда айирув аъзолари томонидан таъминланади. Маълумки, нафас ва ҳазм тизимлари хилма-хил моддаларнинг ташқи муҳитдан организм ички муҳитига ўтишини, айирув аъзолари эса моддалар алмашинуви маҳсулотларини ташқи муҳитга чиқарилишини амалга оширади.
Мана шу жараенлар туфайли муҳитнинг ҳар қандай ўзгаришлари, яъни ҳарорат, босим, намлик, еритилиш кескин ўзгарганда ёки озиқланиш вақтинча тўхтаб қолганда ҳам организм ҳужайралари нисбатан доимий шароитда яшайди ва ўз функцияларини бажаради. Ички муҳит доимийлиги канчалик аниқ ва ишончли бошқарилса, ташқи муҳит ўзгаришларига организм шунчалик камроқ боғлиқ бўлади ва шунчалик эркинроқ бўлади.
Йирик француз физиологи ва патологи Клод Бернар бу ҳолатни шундай ифодалаган: ”Ички муҳит доимийлиги – эркин ҳаёт шароити”. Ички муҳитда ҳаёт шароитлари доимийлигини сақлаш қобилиятига гомеостаз (юн. гомоес-бир хил, стасис – туриш) дейилади. Бу атама фанга америкалик олим Кеннон томонидан киритилган. Организмда қон босими, тана ҳарорати, кон ва тўқима суюқлигининг осмотик босими, уларда оқсиллар, қанд, натрий, калий, кальций, хлор, фосфор, водород ва бошқа ионлар миқдори каби кўрсаткичлар нисбатан доимий даражада сақланади.
Гомеостатик константаларни пластик ва мутлақ барқарор константаларга бўладилар. Пластик константалар бир мунча кенгроқ чегараларда ўзгарганда ҳам ҳаётий фаолиятга катта зарар етмайди. Уларга томирларда оқаетган қон миқдори, қондаги шаклли элементлар миқдори, қон плазмаси билан шаклли элементлар нисбати, Нв миқдори, қоннинг солиштирма оғирлиги, ёпишқоқлиги ва ЭЧТ киради. Мутлақ барқарор константалар ҳатто оз миқдорда ўзгарганда ҳам ҳаётий жараенларга катта зарар етказади. Бу константаларга қон плазмаси ион таркиби, рН, осмотик босим, плазмадаги оқсиллар, О2 ва СО2 нинг парциал босими, глюкоза миқдори в. б. киради. Гомеостаз заминида статик эмас, балки динамик жараенлар етади, чунки муҳит доимийлиги мунтазам бузилади ва мунтазам қайта тикланади. Шунинг учун ички муҳит доимийлигини сақлашга қаратилган жараенлар бутун комплексини гомеокинез дейиш тўғрироқдир. Гомеостазни таъминловчи, мослаштирувчи механизмлар мураккаб тизимида асаб ва эндокрин тизимлар хал қилувчи моҳиятга эга.
Қон тизими тўғрисидаги тушунчани 1939 йилда рус олими Г. Ф. Ланг яратди. Бу тизимга 4 қисм киради:
1. Томирларда оқиб турган периферик қон;
2. Қон ишловчи аъзолар (қизил кўмик, лимфа тугунлари, тимус ва талоқ);
3. Қон емирувчи аъзолар (талоқ, жигар, қизил кўмик);
4. Бошқарувчи нейрогуморал аппарат.
Одамда ҳам барча умуртқали ҳайвонлардагидай қон ҳужайралари асосан суяк кўмигида ҳосил бўлади. Эритроцитларнинг емирилиши, улардаги темирдан қайта фойдаланиш ва гемоглобин синтези ҳам кўмикда содир бўлади. Қариб қолган эритроцитларнинг қондан ажратиб олиниши ва уларнинг қайта ишланиши талоқ фаолиятига боғлиқ. Лимфа тугунларида оқ қон таначалари ривожланиб етилади. Бу жараенда талоқ ва тимус ҳам иштирок этади.
Қон тизими фаолиятини бошқаришда махсус гуморал омиллар –эритропоэтинлар, лейкопоэтинлар ва тромбопоэтинлар катта аҳамиятга эга. Нерв тизими ҳам бу жараенда иштирок этади.
Демак, қоннинг ўзи, қон яратилишини таъминловчи кўмик, лимфа тугунлари, талоқ ва тимус, кон ҳужайралари емирилишини юзага чиқарадиган талоқ, кўмик, бу тизим фаолиятини бошқарувчи нерв ва гуморал омиллар қон тизимини ташкил қилади.
Қон тўқима сифатида қуйидаги хусуситятларга эга:
1) унинг барча таркибий қисмлари томирлардаги оқимдан узоқда ҳосил бўлади;
2) қоннинг ҳужайралараро моддаси суюқ ва ундаги ҳужайралар – шаклли элементлар муаллак ҳолатда бўлади;
3) қоннинг асосий қисми мунтазам ҳаракат қилиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |