Тўқима гормонлари
Гормонлар фақат махсус эндокрин безларда эмас,балки турли аъзо ва тўқималарнинг ихтисослашган ҳужайралари томонидан ҳам ишлаб чиқарилади. Ҳозир тўқима ва аъзоларда 50 га яқин гормонни синтезлаш қобилиятига эга ҳужайралар топилган. Бу ҳужайралар ҳазм тизими аъзоларида, ўпка, буйрак, юрак в.б.аъзоларда учрайди. Бу ҳужайралар АПУД-тизимни ташкил қилади.
Апудоцитлар синтезлайдиган гормонлар жуда кўп, улар серотонин ва мелатонин, катехоламинлар ва гистамин, гастрин, секретин, мотелин в.б. Ҳазм тизимидаги апудоцитлар 20 тур гормон ишлаб чиқаради. Бу гормонлар ҳазм аъзолари фаолиятини бошқаришдан ташқари умумий модда алмашинувини назорат қилишда иштирок этади. Улар энтерин тизими гормонлари еки гастроинтестинал гормонлар дейилади.
Секретин ўн икки бармоқ ичакнинг шиллиқ пардасидаги махсус ҳужайралар томонидан синтезланади ва ўн икки бармок ичакка меъдадан хлорид кислота ўтиб, ундаги рН 4,5дан пастга тушганда қонга ўтади.
Секретин таъсирида меъда ости безидан бикарбонатларга бой шира ажралиши кўпаяди, ўт ва ингичка ичак шираси билан сув ҳамда тузлар ажралиши ортади. Секретин хлорид кислота секрециясини тўхтатади, ҳазм тизими силлиқ мушакларини тормозлайди, ичак шиллиқ пардасидаги энтероцитлар бўлиниши ва уларда инвертаза ва мальтаза ферментлари синтезланишини тезлаштиради.
Секретин юракдаги томирларга чиқадиган қон миқдорини, сийдик ҳажмини ва ундаги натрий, калий, бикарбонатлар миқдорини оширади. Гормон атамаси илк бор секретинга нисбатан (1902 йилда) ишлатилган.
Холецистокинин еки панкреозимин ўт пуфагини қисқартиради, ундаги ўтни ўн икки бармоқ ичакка чиқаради, меъда ости безидан ферментлар ажралишини кучайтиради. Холецистокинин меъда ҳаракатларини тормозлаб, ичак ҳаракатларини яхшилайди, инсулин ва глюкагон секрециясини тезлаштиради.
Холецистокинин фақат ўн икки бармоқ ичакда эмас, балки марказий ва периферик нейронларда ҳам синтезланади. Бундай нейронлар катта яримшарлар пўстлоғида, лимбик тизим ва нейрогипофизда топилган. МНТ даги холецистокинин иштаҳани бошқаришда иштирок этиши ва медиатор вазифасини бажариши тўғрисида маълумотлар бор.
Гастрин меъданинг пилорик қисмидаги, ўн икки бармоқ ичидаги ҳужайраларда ва меъда ости безининг Д-ҳужайраларида синтезланади ва қон орқали меъда безлари фаолиятини рағбатлантиради. Оқсил парчаланиши махсулотлари, овқатнинг экстрактив моддалари ва пилорус шиллиқ пардасига механик таъсиротлар, алкоголь ва адашган нервлар гастрин секрециясини тезлаштиради. Химусда хлорид кислотанининг кўпайиши гастрин секрециясини тормозлайди.
Гастрин хлорид кислота ва пепсиногенлар секрециясини ва меъда ҳаракатларини кучайтиради, меъда ости безидан ферментлар ва инсулин ажратилишини тезлаштиради, ўт секрециясини оширади, ингичка ичакда глюкоза, натрий ва сув сўрилишини тормозлайди.
Организмдаги апудоцитлар синтезловчи пептид ва аминлар орасида серотонин ва гистамин яхши ўрганилгандир.
Серотонин бош мия нейронлари ва ичак ҳужайраларида синтезланади. Тромбоцитлардаги серотонин қон томирларни торайтириб, қон оқишини тўхташини тезлаштиради. Бу модданинг хулқ-атвор шаклланишига таъсири аниқланган.
Яқинда аниқланишича серотонин бронхлар ҳужайраларида, эпифизда ва энг кўп (75-80% гача) чувалчангсимон ўсимтада ҳосил бўлади. Серотониннинг жигарда, буйракларда, буйрак усти безларида, айрисимон безда, томирлар энготелийсида, кўз тур пардасида ҳам ишланиши ҳақида маълумотлар бор.
Серотонин куйидаги физиологик самараларга эга:
1) тробоцитлар парчаланган жойда томирларни торайтирувчи, бу эса гемостазда муҳим аҳамиятга эга;
2) бронхлар ва меъда-ичак йўллари силлиқ мускуллари қисқаришларини рағбатлантиради;
3) ҳомиладор ва тугаетган аеллар бачадони миометрий қаватини окситоцинга ўхшаб фаоллаштиради, шунинг учун бачадонни фаоллаштириш мақсадида туғруқ фаолияти кучсизлигида акушерлик клиникаларида аел организмига юборилади;
4) серотонинергик тизим сифатида МНТ фаолиятида, жумладан эмоциялар, хулқ-атвор, уйқу механизмларида муҳим ўрин тутади;
5) ионлаштирувчи нурлантиришдан ҳимояловчи омил бўлиши мумкин, деган фикрлар мавжуд.
Гистамин гистидиндан ҳосил бўлади ва аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Унинг таъсирида бронх ва бронхиолалар тораяди ва нафас олиш қийинлашади. Тери қон томирларини кенгайтиради ва капиллярлар деворининг ўтказувчанлигини оширади. Гистамин таъсирида меъда безларида хлорид кислота секрецияси тезлашади. Медиатор вазифасини ҳам бажаради.
Гистамин кўпчилик аъзолардаги бириктирувчи тўқима ҳужайраларида махсус гранулаларда сақланади. Куйиш, электр таъсирланиш, кўп сонли экзоген омиллар таъсири вақтида гистамин мазкур ҳужайралардан қонга ўтади. Гистамин ўз таъсирини амалга ошириши учун ҳужайралардаги махсус гистаминга сезувчан рецепторлар билан боғланиши керак. Гистаминаза феременти таъсирида парчаланади.
Гистамин таъсири қуйидаги физиологик самаралар беради:
1) артериола ва капилярлар, жумладан тери томирлари, кенгайтирилиши оқибатида артериал босим пасаяди;
2) капилярлар ўтказувчанлигининг ошиши суюқликнинг томирлардан чиқиши, айланиб юрган қон ҳажмининг камайиши ва артериал босимнинг пасайишига сабаб бўлади;
3) гистамин сўлак ва меъда секрециясини рағбатлантирувчи кучли омилдир, унинг бу хусусиятидан меъда безлари функционал ҳолатини текшириш керак бўлганда фойдаланилади;
4) гистамин аллергик реакцияларнинг фаол иштирокчисидир.
Кининлар кининогендан калликреин ферменти иштирокида ҳосил бўлади. Брадикинин қон томирларни кенгайтиради ва капиллярлар ўтказувчанлигини оширади. Брадикинин иссиқ шароитда томирларни кенгайтириб, тер ажратилишини кўпайтиради.
Простагландинлар (ПГ) арахидон кислотадан синтезланади, улар илк бор уруқ суюқлигида топилган, аммо уларни деярли ҳамма ҳужайралар ишлаб чиқариши мумкин. ПГ турли жараенларга таъсир этади. Томирларни кенгайтириб, қон босимини пасайтиради. Ажратиладиган сийдик ҳажми ва ундаги натрий миқдорини кўпайтиради, бронхларни кенгайтиради, ҳазм аъзолари ва бачадон мушакларини қисқартиради, меъда ширасида HCl миқдорини камайтиради. ПГ қалқонсимон безда ва буйрак усти бези пўстлоқ қаватида гормонлар секрециясини тезлаштиради. ПГ лардан бўлган тромбоксан томирларни торайтириб, тромбоцитлар агрегациясини тезлаштиради, тана ҳароратини ошириш қобилиятига эга.
Ҳозирги кунда 20 га яқин эндоген келиб чиқишга эга бўлган простагландинлар аниқланган. Простагландинлар синтези фосфолипаза А2 ферменти иштирокида содир бўлади, бу жараен ҳужайралар мембранаси фосфолипидларидан тўйинмаган еғ кислотаси арахидон кислота ажратилишидан бошланади. Фосфолипаза А2 ферменти етарли даражада фаол бўлиши учун кальций ионлари ва цАМФ керак. Эстрогенлар мазкур ферментни фаоллаштиради. Арахидон кислотадан простагландинларнинг тўрт гуруҳи ҳосил бўлади: лейкотриенлар, простагландинларнинг ўзи, тромбоксанлар ва простациклинлар.
Простагландинларнинг ярим парчаланиш даври 1 дан 20 секундгача. Уларни парчаловчи ферментлар барча тўқималарда мавжуд, аммо ўпкаларда бундай ферментлар энг кўп. Простагландинлар факат маҳаллий таъсир кўрсата олади, қонда улар бир неча секунд сақланади холос, шу сабабли бу моддаларни гормонсимон моддалар дейилади.
Простагландинларнинг физиологик моҳияти хали тўла ўрганилмаган. Томирлар эндотелий қатламида аксарият синтезланадиган простациклинлар тромбоцитлар агрегацияси ва адгезияси (тромб ҳосил бўлиши)га қаршилик кўрсатади, деган маълумотлар мавжуд. Улар коронар томирларда қон оқимини яхшилайди, демак простоциклинлардан миокард инфарктини олдини олиш мақсадида фойдаланиш мумкин. Простациклинларнинг юрак ритмининг бузилишларини бартараф этиш қобилияти ва юрак мускули қисқарувчанлигини ошириши ҳам аниқланган.
Е1, Е2 гуруҳидаги простагландинлар яллиғланиш жараенлари ва аллергик реакцияларнинг ривожланишига шароит яратади, оғриқ рецепторларининг таъсиротга сезувчанлигини оширади, тана ҳароратини кўтариш (иситма) да иштирок этади. Кортизол кўпчилик тўқималарда мембрана фосфолипидларидан арахидон кислата ажралиб чиқишини тормозлаш орқали простагландинлар ҳосил бўлишини камайтиради. Глюкокортикоидларнинг яллиғланишга қарши таъсирининг механизми шундан иборат. Аспириннинг иситмани пасайтириши ҳам Е1 простагландини синтезини бартараф этиши оқибатидир. Простагландинларнинг физиологик функцияларга таъсири, бу соҳадаги қарама-қарши маълумотларни аниқлаш бўйича кўпгина тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Р субстанция, энкефалин ва эндорфинлар оғриқни сезиш ва хиссиетлар шаклланишида катта роль ўйнайди. Р субстанция томирларни кенгайтиради, сўлак, панкреатик шира ва ўт ажралишини тезлаштиради.
Энкефалин ва эндорфинлар организмнинг ўзида синтезланадиган наркотиклардир, улар оғриқ сезгисини камайтиради, кайфиятни яхшилайди, уларни эндоген опиатлар еки нейропептидлар ҳам дейилади. Уларнинг оғриқни камайтириши ва кайфиятни яхшилаши организмга ташқаридан киритилган қора дори еки морфий (кўкнордан олинадиган дори) га ўхшайди. Аммо одам эндоген опиатларга ўрганиб қолмайди. Эндорфинлар ишлаб чиқарилишини баъзи таъсирлар, масалан, игна санчиш кўпайтиради.
Соғлом организмнинг оғриқни сезмаслиги оғриқни пайдо қилувчи ва оғриқни йўқотиб турувчи тизимларнинг мувозанатда бўлишига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |