БЕЗ ҲУЖАЙРАЛАРИНИНГ ЭЛЕКТРОФИЗИОЛОГИЯСИ Организмдаги қўзғалувчан тўқималарга асаб ва мушаклардан ташқари без тўқимаси ҳам киради. Аммо без тўқимасини ҳосил қилган гландулоцитлар кўпгина ўзига хос морфофункционал хусусиятларга эга. Гландулоцитлар алоҳида ҳужайралар сифатида тарқоқ жойлашган ёки экзокрин ва эндокрин безлар таркибида бирлашган бўлиши мумкин. Барча гландулоцитларга секреция қобилияти хос. Безлар қондан олинган кичик молекулали моддалардан махсус бирикмаларни синтезлайди.
Секреция - гландулоцит ичига кирган моддалардан махсус маҳсулот (секрет, инкрет, экскрет)ларни ҳосил қилиб, уларнинг ҳужайрадан чиқарилиш жараёнидир. Секреция (шира ёки гормон ажратилиши)да ҳужайрадаги барча органоидлар иштирок этади. Гландулоцитларда секретнинг ҳосил бўлиши ва ажратилиши билан боғлиқ бўлган жараёнларга с е к р е т о р ц и к л дейилади. Секретор цикл қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: бошланғич моддаларнинг без ҳужайрасига кириши (бунда диффузия, фаол ташилиш ва эндоцитоз асосий ўрин эгаллайди), бирламчи моддаларнинг синтезланиши, секретнинг ташилиши ва етилиши, секретор доначаларнинг шаклланиши ва секретнинг ҳужайрадан чиқарилиши - экзоцитоз.
Гландулоцитларнинг бу ўзига хос фаолияти уларнинг электрофизиологик жихатдан махсуслиги билан боғлиқ. Без тўқимасида электрофизиологик тадқиқотларни илк бор швед олими Лундеберг ўтказган. Микроэлектрод техникасидан фойдаланиб, олим гладулоцитларда биопотенциаллар асаб ва мушак тўқималаридаги биопотенциаллардан фарқ қилишини аниқлади.
Ҳозирги вақтда гландулоцитлардаги электрофизиологик текширишлар натижасида бошқа қўзғалувчан тўқималардан фарқ қиладиган қатор ўзига хос хусусиятлар аниқланди.
Нисбатан тинч ҳолатда турли гландулоцитлар мембрана потенциали анча паст ва бир мунча кенг чегарада (-10 дан -75мВ гача) бўлиши мумкин, ҳатто бир бездаги ҳужайралар мембрана потенциали ўзаро фарқ қилиши мумкин. Турли безлардаги секретор ҳужайралар мембрана потенциали катта фарқ қилади. Ҳатто бир ҳужайранинг ўзида, унинг апикал ва базал мембраналари кутбланиши турли даражада бўлади.
Секрецияни қўзғатувчи омиллар мембрана потенциалини ўзгартиради. Мембрана кутбланишининг бу ўзгариши с е к р е т о р п о т е н ц и а л дейилади. Турли гландулоцитларда секретор ( ҳаракат) потенциали кескин фарқ қилади, секретор жараённи тавсифлайди, секретор цикл ва ундаги даврларга таъсир этади. Қўзғалишнинг латент (яширин) даври анча узоқ бўлади. Секретор потенциаллар вужудга келиши учун мембрананинг -50 мВга тенг кутбланиши оптимал ҳисобланади. Гландулоцитларда потенциал секинлик билан ўсади ва биоэлектрик жавоб таъсир кучига қараб ҳар хил бўлади, яъни “бор ёки йўқ” қонунига бўйсунмайди.
Кўпчилик гландулоцитлар қўзғалилганда уларнинг мембранасида деполяризация кузатилади. Аммо қўзғалганда мембранаси гиперполяризацияланадиган, икки фазали потенциал ҳосил қиладиган без ҳужайралари ҳам бор. Мембрана деполяризацияси натрий ионларининг ҳужайра ичига кириши ва калий ионларининг ҳужайрадан чиқиши оқибатидир. Мембрана гиперполяризацияси эса хлор ионларининг ҳужайрага кириш ва натрий ҳамда калий ионларининг чиқиши натижасида содир бўлади. Гландулоцитлар базал ва апикал мембраналари кутбланишидаги фарқ 2-3 мВ ни ташкил этади ва мана шу фарқ анча кучли (20-30 В/см)электр майдонини ҳосил қилади. Секретор ҳужайра қўзғалганда электр майдонининг қуввати тахминан икки маротаба ошади ва унинг таъсирида секретор доначалар апикал қутбга ўтиб, секрет ҳужайрадан чиқарилади.
Гладулоцитларда кальций концентрациясини оширувчи секрециянинг физиологик қўзғалувчилари натрий ва калий каналларига таъсир этиб, секретор потенциални келтириб чиқаради. Аденилатциклазани фаоллаштириш орқали таъсир этувчи ва гландулоцитларда кальций алмашинувига таъсир этмайдиган қатор қўзғатувчилар без ҳужайраларида электр самараларни пайдо қилмайди. Демак, гландулоцитларда мембрана потенциалининг ва электр ўтказувчанликнинг ўзгариши ҳужайра ичидаги кальций концентрациясининг оширилиши натижасидир.