Буйраклар фаолиятининг бошқарилиши
Ички муҳит таркиби ва ҳажми доимийлиги сақланишига қаратилган турли рефлексларда буйрак бажарувчи аъзо вазифасини бажаради. Организм ички муҳити ҳақидаги ахборот МНТ га етказиб берилгандан сўнг буйракларнинг адекват функцияси эфферент нервлар ва эндокрин безлар орқали таъминланади. Буйраклар фаолияти симпатик ва парасимпатик нервлар томонидан бошқарилади. Симпатик нервлар ва буйрак усти бези ажратадиган катехоламинлар коптокчалардаги фильтрацияни пасайтириб, сувнинг каналчалардаги реабсорбциясини кучайтиради, оқибатда сийдик ҳосил бўлиши камаяди. Симпатик таъсиротлар натрий реабсорбциясини жадаллаштиради. Парасимпатик нервлар таъсирида сийдик ҳосил бўлиши кўпаяди, глюкоза реабсорбцияси ва органик кислоталар секрецияси фаоллашади. Шартсиз рефлектор механизмлардан ташқари буйрак иши шартли рефлекслар орқали бошқарилади. Кучли оғриқ таъсирида кузатилган анурияга шартли рефлекс ҳосил қилиш мумкин. Мазкур анурия механизми шундан иборатки, ярим шарлар пўстлоғи гипоталамик марказларни фаоллаштиради, улар эса нейрогипофиз томонидан антидиуретик гормон (АДГ) секрециясини жадаллаштиради. Шартли рефлектор йўл билан полиурия (кўп миқдорда сийдик ажратиш) ни ҳам келтириб чиқариш мумкин.
Буйрак ишининг ўзгартирилиши, унинг доимо ўзгариб турадиган шароитларга мослаштирилиши асосан гормонлар таъсирида амалга оширилади.
Буйраклар фаолиятининг гуморал бошқарилишида иштирок этувчи кўп сонли гормонлар орасида энг муҳимлари антидиуретик гормон (АДГ ёки вазопрессин) ва альдостерондир.
АДГ дистал эгри каналчалар ва йиғувчи найчалар деворининг сувга нисбатан ўтказвучанлигини ошириш йўли билан нефрон дистал бўлимларида сув реабсорбциясини жадаллаштиради. АДГ таъсирининг механизми АТФдан цАМФ ҳосил бўлишида иштирок этувчи аденилатциклаза ферментини фаоллаштиришдан иборат. цАМФ мембрана оқсилларининг фосфорлантирилишида иштирок этувчи протеинкиназаларни фаоллаштиради. Оқибатда мембрананинг сув учун ўтказувчанлиги ошади ва мембрана юза сатхи катталашади. Бундан ташқари, АДГ ҳужайралараро моддадаги гиалурон кислотани деполимерлайдиган гиалуронидаза ферментини фаоллаштиради ва натижада сувнинг осмотик градиент бўйича ҳужайралар оралиғидан нофаол ташилиши таъминланади.
АДГ ортиқча бўлганда сийдик миқдори кескин камаяди. АДГ секрецияси камайганда қандсиз диабет номли оғир хасталик ривожланади. Бу хасталикда нисбий зичлиги жуда паст бўлган рангсиз сийдик кўп миқдорда (бир кеча-кундузда 25 л гача) ажратилади. АДГ яна ички муҳит суюқликлари осмотик босими доимийлигини сақлаш (осморегуляция) да ва организм суюқликлари ҳажмини бошқариш (волюморегуляция) да қатнашади.
Альдостерон буйрак каналчалари ҳужайралари томонидан натрий ионлари реабсорбцияси ва калий ҳамда водород ионлари секрециясини кучайтиради. Шу билан бир вактда сув реабсорбцияси ҳам кучайиб, диурез камаяди. Мазкур гормон каналчалар проксимал қисмида кальций ва магний реабсорбциясини камайтиради.
Натрийуретик гормон (атриал пептид) сийдик билан натрий ионлари чиқарилишини кучайтиради.
Паратгормон кальций реабсорбциясини жадаллаштириб, фосфатлар реабсорбциясини тормозлаш орқали қон плазмасидаги кальций ионлари концентрациясини оширади ва фосфатларнинг сийдик билан чиқарилишини кучайтиради. Бундан ташқари паратгормон проксимал каналчаларда натрий ионлари ва НСО3- реабсорбциясини пасайтириб, Генле қовузлоғи кўтарилувчи қисмида магний реабсорбциясини фаоллаштиради.
Кальцитонин гормони кальций ва фосфатлар реабсорбциясини тормозлайди.
Адреналин кичик дозаларда чиқарувчи артериолаларни торайтириб, гидростатик босимни оширади, натижада фильтрация ва диурез ошади. Катта дозаларда гормон ҳам чиқарувчи, ҳам келтирувчи артериолаларни торайтиради ва натижада диурез камайиб, анурияга олиб келиши мумкин.
Инсулин етишмовчилиги гипергликемия, глюкозурия, сийдикнинг осмотик босимининг кўтарилиши ва диурезнинг кўпайишига олиб келади.
Тироксин алмашинув жараёнларини кучайтиради, натижада сийдикда осмотик фаол моддалар, жумладан азотли бирикмалар, миқдори кўпайиб, диурезни оширади.
Простагландинлар натрий реабсорбциясини пасайтиради, буйраклар мағиз моддасида қон оқимини кучайтиради ва диурезни оширади.
Соматотропин ва андрогенлар баъзи бир моддалар, масалан, парааминогиппур кислотаси секрециясини кучайтиради.
Ренин-ангиотензин-альдостерон тизими буйраклардаги ва тизимли қон айланишининг бошқарилишида ҳаракатдаги қон ҳажми ва организмда электролитлар балансини бошқаришда иштирок этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |