Сув алмашинуви
Сув катта ёшдаги одамда тана оғирлигининг 60% ни, янги туғилган болада 75% ни ташкил этади. Сув ҳужайра, аъзо ва тўқималардаги модда алмашинуви муҳитини ташкил қилади. Организмга узлуксиз сув кириб туриши ҳаётий фаолиятлар учун зарур шароитлардан биридир. Организмдаги сувнинг асосий қисми (71% га яқин) ҳужайралар протоплазмаси таркибига киради ва ҳужайра ичидаги сув дейилади. Ҳужайрадан ташқаридаги сув тўқима суюқликлари (21% га якин) ва қон плазмаси (8%) таркибига киради. Одам овқат билан бир кеча-кундузда ўртача 150 мл сув, ичимликлар ва тоза сув сифатида 630 мл сув қабул қилади. Метаболизм жараёнида оқсиллар, карбонсувлар ва ёғлар оқсидланиши оқибатида 320 мл сув ҳосил бўлади. Тери ва альвеолалар юзасидан буғланиш орқали организм 600 мл сув йўқотади. Сийдик билан ҳам шунча сув ва нажас билан 100 мл сув ажратилади. Демак, бир кеча-кундузги минимал талаб 1700 мл сувни ташкил этади. Организмга сув кириши чанқоқлик сезгиси билан намоён бўладиган организм талаби томонидан бошқарилади. Чанқоқлик гипаталамусдаги ичимлик маркази қўзғалганда вужудга келади. Чанқоқликни бостиришда сувнинг мутлақ миқдоридан ташқари унинг тами муҳимдир. Кўк чой, мевалардан тайёрланган компотлар, мева шарбатлари, квас чанқоқликни яхши бостиради. Иссиқ иқлим шароитида сув истеъмол қилишнинг тўғри режими муҳимдир. Эрталаб нисбатан кўпроқ чой ичиб, организмда “сув депоси “ ни ҳосил қилиш керак. Куннинг иссиқ қисмида ичишни чеклаш зарур.
Минерал моддалар алмашинуви
Минерал моддалар оқсиллар, ёғлар, карбонсувлар ва витаминлар билан бир қаторда овқатнинг ҳаёт учун муҳим таркибий қисмидирлар. Улар тирик тўқималар структураларини кўриш ва энг муҳим биокимевий ва физиологик жараёнларни амалга ошириш учун зарурдирлар. Ҳайвонлар овқати таркибидан минерал моддалар чиқариб ташланса, оғир касалликлар ва хатто ўлимга олиб келади. Тирик организм асосий хусусиятларидан бири бўлган қўзғалиш жараёни ҳам минерал моддалар мавжудлиги билан боғлиқдир. Суяклар, нерв элементлари, мушакларнинг ўсиши ва ривожланиши учун ҳам минерал моддалар керак.
Минерал моддалар қон ва бошқа ички муҳит суюқликлари реакцияси (рН) ни аниқлайди, ҳужайралар, оқсиллар, скелет суяклари, ширалар, ферментлар ва гормонлар таркибига киради. Улар юрак ва асаб тизими меъерий фаолияти учун зарур, гемоглобин, меъда ширасидаги хлорид кислота ҳосил қилиш учун фойдаланилади. Минерал тузлар ҳужайралар ҳаётий фаолияти учун зарур бўлган муайян осмотик босимни яратади.
Ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларидан иборат бўлган аралаш овқат таркибида минерал моддалар етарли, фақат ош тузи-натрий хлорид бир кеча-кундузда 10-15 г дан овқатга қўшилади. Организмнинг ош тузига бўлган бир кеча-кундузги талаби ҳаммаси бўлиб 20 г, оғир жисмоний иш вақтида 25-30г. Катта ёшдаги организмда ош тузининг заҳираси 100-120г. Организмда минерал моддаларнинг умумий миқдори тана массасининг 4,5% ни ташкил этади, улардан 5\6 суяклар таркибига киради.
Минерал моддалар организм барча функцияларининг меъерида содир бўлишини таъминлайди. Минерал моддаларнинг ионлари осмотик босим доимийлиги ва кислота-ишқор мувозанатини таъминлаб туради. Минерал тузлар қон ивишида,газлар алмашинувида, секреция, сўрилиш ва айирув жараёнларида иштирок этади. Жигар ва мушакларда темир, суякларда кальций ва фосфор, мушакларда калий йиғилади. Керак бўлганда бу заҳиралар сафарбар этилади. Масалан, ҳомиладорликда ҳомиланинг ривожланиши туфайли она организмидаги суяклардан кальций сафарбар этилади. Организм физиологик жараёнларини амалга оширишда фосфор, олтингугурт, йод, бром, фтор в.б. иштирок этади.
Анионлар – хлоридлар, фосфатлар, сульфатлар, карбонатлар ва силикатлар, катионлардан натрий, калий, кальций, темир, магний ва мис айниқса катта аҳамиятга эга.
Катта ёшдаги одамнинг бир кеча-кундузги талаби ўртача: натрий 5 г, кальций 1 г, калий 5 г, фосфор 1,5-2 г, олтингугурт 1г, темир 10-15г (ҳомиладорликда кальций 3-5 г, темир 3-4 г).
Цитоплазманинг асосий қисмини ташкил этувчи минерал моддалар (натрий, кальций, фосфор, калий, хлор, олтингугурт) макроэлементлар дейилади. Цитоплазмада жуда кам миқдорда (% нинг юздан ва мингдан бир бўлакларида ) бўлган моддалар -йод, бром, фтор, кобальт, темир, рух, мис, молибден в.б. микроэлементлар дейилади.
Микроэлементлар аъзоларда бир хил миқдорда, яъни бир текис йиғилмайди: мис жигар ва қизил кўмикда, хром, марганец ва бром гипофизда, рух жинсий безлар, гипофиз ва меъда ости безида, кадмий буйракларда, стронций суякларда йиғилади.
Микроэлементлар ферментлар, гормонлар ва витаминлар таркибига кириб, уларнинг таъсирини кучайтиради. Рух протеазалар ва карбоангидраза каби ферментлар таркибида, темир нафас ферментларида, хром трипсинда бор. Кобальт мушак ферментларини фаоллаштиради ва В12 витамини таркибига киради. Марганец В1 витаминини, мис А ва В гуруҳидаги, С, Е ва рр витаминларини фаоллаштиради.
Микроэлементларнинг физиологик аҳамияти жуда катта. Кобальт ҳомиланинг ривожланиши ва қон ишланиши учун керак, йод тироксин ва трийодтиронин таркибига киради. Мис тўқималардаги нафас жараёнларида иштирок этади. Суяклар ва нерв тўқимаси ривожланиши жараёнида натрий, калий, кальций ва фосфор фойдаланилади. Суяклар ўсиши ва ҳайвонлар кўпайиши учун марганец зарур. Эритроцитлар ҳосил бўлиши учун темир ва мис керак.
Организм ўзига керак бўлган минерал моддаларни овқат ва сув билан қабул қилади. Кобальт, мис ва рухнинг энг кўп миқдори картошка, карам (рангли денгиз карами), лавлаги, сабзи, тухум сариғи, жигар, мол гўшти, малина, ўрик, балиқ в.б.да бор
Минерал моддалар қонга ингичка ичак деворидан ўтади. Уларнинг бундан кейинги қон плазмаси билан ҳужайрааро суюқлик орасида, шунингдек ҳужайрадан ташқи ва ҳужайра ичи суюқликлари орасида тақсимланиши осмотик босимга боғлиқ. Аммо ҳужайра мембранаси турли ионларни бир хил ўтказмайди.
Минерал моддалар организмдан сийдик, нажас ва тер билан чиқарилади, шунинг учун уларнинг чиқарилган миқдори, қабул қилинган миқдори билан мувозанатлаштирилиши лозим.
Минерал моддаларнинг етишмовчилиги физиологик функцияларнинг турли бузилишларига ва хатто улимга олиб келиши мумкин. Иккинчи томондан,уларнинг керагидан анча купайиб кетиши ҳам организм функцияларининг бузилишига сабаб бўлади. Масалан,натрий тузларининг бола организмига куп миқдорда киритилиши тана хароратини ошириб,тузга оид лихорадкани келтириб чикаради.
Минерал моддаларнинг организмдаги функциялари хилма-хилдир. Кальций ва фосфор суяклар таркибига киради,энергия алмашинуви ва мушак қисқаришида иштирок этади. Натрий ва калий қон плазмаси ва ҳужайралар осмотик хоссаларини сақлашда муҳим роль уйнайди. Темир ва мис кислород ташишда ва ҳужайра ичидаги оқсидланиш жараёнларида иштирок этади.
Калций асаб тизими қўзғалувчанлиги ва мушак қисқариши меъерида бўлиши учун зарур, у қон ивитувчи тизимнинг муҳим таркибий қисмидир. Одам организмида одатда 1200г га якин кальций бор, унинг 99% суякларда йиғилган. Шундай қилиб, суяк тўқимаси кальцийнинг асосий депосидир. Суяк тўқимасида кальцийнинг энг кўп қисми мустаҳкам боглангандир, аммо унинг муайян қисми бу тўқима ва қон орасида эркин алмашинуви мумкин. Суякларда кальций мунтазам янгиланиб туради, яъни у йиғилади ва эркин кўринишда ажратилади ёки ювиб чиқарилади. Йил давомида кальцийнинг янгиланиши болаларда 100% ни, катта ёшдаги организмда 16 дан 20% гачани ташкил этади.
Қонда кальций икки кўринишда плазма оқсиллари (аксарият альбуминлар) билан бириккан ҳолда ва эркин кальций ионлари сифатида учрайди. Бириккан кальций ярим ўтказгич мембраналардан ўтиш қобилиятига эга эмас, мембрана орқали фақат кальций ионлари ўтади. Одамда кальцийнинг қондаги умумий миқдори 10 мг\100мл. Диффузияланишга қобилиятли эркин кальций ионлари физиологик фаолдирлар. Айнан шулар қон ивишида, асаблар ва мушаклар қўзғалишида ҳамда ҳужайралар ҳаётий жараёнларида иштирок этади.
Организм кальцийни асосан сут ва сут маҳсулотлари таркибида қабул қилади, 500мл сигир сути одамнинг кальцийга бўлган бир кеча-кундузги талабини тўла қондиради.
Кальций алмашинуви, жумладан кальцийнинг қондаги ва тўқималардаги миқдори, асосан уч гормон томонидан бошқарилади: 1) қалқон орти безларининг паратгормони, 2) қалқонсимон безнинг кальцитонини ва 3) Д витаминидан жигар ва буйракларда ҳосил бўлиб, ичакларда кальций сўрилишини кучайтирувчи кальциферол.
Натрий ҳаёт учун зарур бўлган энг муҳим элементлардан биридир. У асаб ва мушак ҳужайралари қўзғалишида иштирок этади, томир деворидаги силлиқ мушаклар тонусини сақлаб туради, организм тўқималари ва суюқликларидаги керакли осмотик босимни таъминлайди, сув алмашинувини бошқаришда иштирок этади. Организмдаги натрий миқдори тана массасининг 0,2% ташкил этади, яъни массаси 70 кг булган одам организмида тахминан 140г натрий бўлади.
Натрийнинг ички алмашинуви айниқса каттадир. Бир кеча-кундузда одамда қондан тўқималарга 25 кг натрий хлориди ўтади ва шунча миқдор қонга қайтади, буйрак каналчаларида 1 кг га яқин натрий қайта сўрилади.
Калий ҳам асаб ва мушаклар қўзғалиши жараёнларида, скелет мушаклари тонусини сақлашда, юракнинг меъерий фаолиятида, меъда шираси нордонлиги даражасини бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Калиийнинг организмдаги миқдори тана массасининг 0,22-0,23% га тенг, яъни натрийдан бирмунча кўпроқ.
Фосфор ДНК ва РНК таркибига киради, генетик ахборотнинг кодлаштирилиши, сақланилиши ва фойдаланилиши жараёнларида иштирок этади, оқсил биосинтези ва ҳужайралар бўлинишининг фаол иштирокчисидир. Организмнинг энергетик таъминланишида ҳам фосфор бирикмаларининг роли катта. Фосфор бирикмалари АТФ ва креатинфосфат энергия ҳосил қилиш биохимик жараёнларида иштирок этади. Одам организмида 600-900 г фосфор бор, унинг асосий қисми суякларда. Оғир жисмоний иш вақтида организмнинг фосфорга бўлган талаби икки баравар ошади. Сут ва сут махсулотлари, гушт, балиқ ва дуккакли ўсимликлар фосфорга бой.
Темир организмнинг энг муҳим функциялари билан ўзвий боғлангандир. У гемоглобин ва миоглобиннинг алмаштириб бўлмайдиган таркибий қисмидир. Катта ешдаги одам организмида 0,005-0,006%, яъни 3-4г га яқин темир бор. Темирнинг энг кўп қисми организмда қизил кўмик томонидан янгидан ҳосил бўлаётган эритроцитларнинг гемоглобини синтези учун сарфланади. Жигар, қон қўшилган колбасалар, дуккаклилар, балик ва гўшт маҳсулотлари темирга бой.
Мис одам организмида ўртача 100 мг бўлади, у кўпгина аъзоларда топилган. Жигар, буйрак, юрак, мушак ва суяк тўқимасида мис концентрацияси нисбатан баланд. Мис ферментлар ва оқсиллар таркибига киради.
Рух катта ёшдаги одам организмида 2-3 г бўлади, унинг энг кўп қисми суякларда, тери, уруғ суюқлиги, простата бези ва сочларда йиғилган. Рухнинг биологик роли шундан иборатки, у организмнинг меъерида ўсиши, ривожланиши ва жинсий балоғатга етиши, қон ишланиши, таъм билиш, жароҳатларнинг битиши в.б. учун зарурдир.
Магний организмда асаблар қўзғалиши жараёнида ва оралиқ алмашинувда муҳим роль ўйнайди. Магний муайян даражада кальций антагонисти бўлиб, организм учун кальций-магний мувозанати жуда муҳимдир. Магнийнинг организмдаги миқдори 14-21г (0,02-0,03%).
Do'stlaringiz bilan baham: |