4.5.Татбиқий психология.
Психологиянинг Фан сифатида дунёга келиши ва ривожланиши кўплаб олимларнинг илмий адабиёт ва дарсликларида баён этилган. Франциялик олим Ж.Годфруанинг “Что такое психология” номли 2-жилддан иборат китобида антик дунёдан бошлаб инсон психикаси, унинг қалби, ҳислари, хулқи масалалари диққат марказда бўлган эканлиги, психологиянинг фан сифатида ривожланишида файласуфларнинг қарашлари, табиий фанлар ривожи, 17- асрдан бошлаб фалсафа фанидан турли фанларнинг ажралиб чиқиши, 18 ва 19- асрларда Кондильяк, Локк, Юм ёндашувлари асослаб берилган. Психологиянинг Фан сифатида ривожланишида немис психологи ва физиологи Вильгельм Вундт (1832-1920)нинг хизмати, унинг томонидан махсус тажрибавий синов лабораторияларининг ташкил этилиши ва моҳияти очиб берилгандир. Психологиянинг пайдо бўлиши ва Фан сифатида эътироф этилишида биологик, ижтимоий, бихевиор (хулқга кўра), когнитив, 9 психоаналитик, гуманистик, социал-психологик йўналишлар ва уларнинг асосчилари баён этилган. (Годфруа Ж. Что такое психология: В 2-х т. Т.1. Пер. с франц. М., Мир, 1992. -496 с. 57-80-б.) Россиялик психолог олим Р.С.Немов уч жилддан иборат “Психология” китобида психология атамаси 16-асрда биринчи марта қўлланилганлигини, онг ва ўзини кузатиш туфайли инсон ўзидаги психик холатларни ўргана борганлигини, кейинчалик инсоннинг фаолияти соҳасида шу психик жараёнларни ўрганиш зарурати етилганлигини изоҳлаб берган. (Немов Р.С. Психология: Учебник для студ. Вузов., Кн. 1.: 688 с. 8-12 б.) Ўзбек психолог олимлари Э.Ғозиев, М.Холмухамедов, Х.Иброҳимовларнинг “Психология методологияси” ўқув қўлланмасида психология фанининг фалсафа ва табиатшунослик фанлари негизида пайдо бўлганлиги етарлича далиллар воситасида кўрсатиб берилган. Демак, психология 1879-йилда Лейпциг Университетида немис физиологи ва психологи Вильгельм Вундт томонидан биринчи психологик лаборатория ташкил этилиб, унда илмий асосда турли тажрибалар ўтказиш бошлангандан кейин мустақил фан сифатида тан олинган.
4.6.Психология методлари. Коммуникация муаммоси.
Аниқ изланиш предметига эга бўлган ҳар қандай фан ўша предметининг моҳиятини ёритиш ва материаллар тўплаш учун махсус усуллар ва воситалардан фойдаланади ва улар фаннинг методлари деб юритилади. Фаннинг салоҳияти ва обрўси ҳам биринчи навбатда ўша методлар ёрдамида тўпланган маълумотларнинг ишончлилиги ва валидлилигига боғлиқ бўлади. Бу фикрлар бевосита психологияга ҳам алоқадор бўлиб, методлар масаласи бу фанда жуда катта аҳамиятга молик масала сифатида қаралади. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, психик ҳодисаларни бевосита қўл билан ушлаб, кўз билан илғаб, қулоқ билан сезиш қийин. Лекин жуда кўплаб фанлар билан фаол ҳамкорлик шунга олиб келганки, психологиянинг ҳар бир тармоғи ўз вазифаларини ечиш ва маълумотларга эга бўлиш учун кўплаб методларни синовлардан ўтказиб, энг ишончли ва мукаммалларини сақлаб қолган. Математик статистика ва эҳтимоллар назариясининг психология соҳасида қўлланилиши ва унда эришилган муваффақиятлар аввало ҳар бир методнинг ишончлилик даражасини аниқлаш, қолаверса, тўпланган маълумотларнинг қай даражада асосли ва валид эканлигини исботлашга ёрдам беради. Психология фанида инсон психикасини тадқиқот қилиш методларининг турлича таснифи мавжуд. Б.Г.Ананьев психикани ўрганиш методларини тўртта гуруҳга ажратиб берган. Бу тўртта гуруҳ методлар М.Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий Университети, Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика Университети, Фарғона Давлат Университети каби психолог мутахассис тайёрлайдиган олийгоҳларда муфассал ўрганилади. Биз мазкур мавзуимизда ҳар бир инсоннинг ўзини ва атрофидагиларни билиб олишига имкон берадиган, мураккаб бўлмаган, қўллаш шартлари шароитга мос бўлган ва умум қабул қилинган методларни келтирдик.
Шахс - ижтимоий муносабатлар маҳсулии дейилишининг энг асосий сабаби - унинг доимо инсонлар даврасида, улар билан ўзаро таъсир доирасида бўлишини англатади. Бу шахснинг энг етакчи ва нуфузли фаолиятларидан бири мулоқот эканлигига ишора қилади. Мулоқотнинг тури ва шакллари турличадир. Масалан, бу фаолият бевосита «юзма-юз» бўлиши ёки у ёки бу техник воситалар (телефон, телеграф ва шунга ўхшаш) орқали амалга ошириладиган; бирор профессионал фаолият жараёнидаги амалий ёки дўстона бўлиши; субъект-субъект типли (диологик, шериклик) ёки субъект-объектли (монологик) бўлиши мумкин. Инсоний муносабатлар шундай ўзаро таъсир жараёнларики, унда шахсларо муносабатлар шаклланади ва намоён бўлади. Бундай жараён дастлаб одамлар ўртасида рўй берадиган фикрлар, ҳис-кечинмалар, ташвишу - қувончлар алмашинувини назарда тутади. Одамлар мулоқотда бўлишгани сари, улар ўртасидаги муносабатлар тажрибаси ортган сари улар ўртасида умумийлик, ўхшашлик ва уйғунлик каби сифатлар пайдо бўладики, улар бир - бирларини бир қарашда тушунадиган ёки «яримта жумладан» ҳам фикр аён бўладиган бўлиб қолади, айрим холларда эса ана шундай мулоқотнинг тиғизлиги тескари реакцияларни - бир-биридан чарчаш, гапирадиган гапнинг қолмаслиги каби вазиятни келтириб чиқаради. Масалан, оила муҳити ва ундаги муносабатлар ана шундай тиғиз муносабатларга киради. Фақат бундай тиғизлик оиланинг барча аъзолари ўртасида эмас, унинг айрим аъзолари ўртасида бўлиши мумкин (она - бола, қайнона - келин ва х-зо). Ўзаро муносабатларга киришаётган томонлар муносабатдан кўзлайдиган асосий мақсадлари - ўзаро тил топишиш, бир-бирини тушунишдир. Бу жараённинг мураккаблиги, керак бўлса, «жозибаси», бетакрорлиги шундаки, ўзаро бир хил тил топишиш ёки томонларнинг айнан бир хил ўйлашлари ва гапиришлари мумкин эмас. Агар ана шундай вазиятни тасаввур қиладиган бўлсак, бундай мулоқот энг самарасиз, энг бетаъсир бўлган бўлар эди. Масалан, тасаввур қилинг, узоқ вақт кўришмай қолган дўстингизни кўриб қолдингиз. Сиз ундан хол-аҳвол сўрадингиз, лекин у ташаббусни сизга бериб, нимаики деманг, сизни маъқуллаб, гапингизни қайтариб турибди. Бундай мулоқот жуда бемаза бўлган ва сиз иккинчи марта ўша одам билан иложи борича расман салом - аликни бажо келтириб ўтиб кетаверган бўлардингиз. Яъни, мулоқот фаолияти шундай шарт-шароитки, унда ҳар бир шахснинг индивидуаллиги, бетакрорлиги, билимлар ва тасаввурларнинг хилма-хиллиги намоён бўлади ва шуниси билан у инсониятни асрлар давомида ўзига жалб этади. Ҳар қандай фаолиятдан зерикиш, чарчаш мумкин, фақат одам мулоқотдан, айниқса, унинг норасмий самимий, бевосита шаклидан чарчамайди, яхши суҳбатдошлар доимо маънавий жиҳатдан рағбатлантириладилар. ХХ1 асрда яшар эканмиз, одамнинг энг табиий бўлган мулоқотга эҳтиёжи, унинг сирларидан ҳабардор бўлиш ва ўзгаларга самарали таъсир эта олишга бўлган интилиши янада ошди ва бунинг қатор сабаблари бор. Биринчидан, индустриал жамиятдан ахборотлар жамиятига ўтиб бормоқдамиз. Ахборотларнинг кўплиги айнан инсон манфаатига алоқадор маълумотларни саралаш, у билан тўғри муносабатда бўлишни тақозо этди. Ахборот ХХI асрда энг нодир капиталга айланди ва бу ўз навбатида инсонларга зарур ахборотлар узатилиши тезлиги ва темпини ўзгартиради. Иккинчидан, турли касб-фаолият соҳасида ишлаётган одамлар гуруҳининг кўпайиши, улар ўртасида муносабатлар ва алоқаниннг долзарблиги ахборотлар тиғиз шароитда оддийгина мулоқотни эмас, балки профессионал, билимдонлик асосидаги мулоқотни талаб қилади. Умуман, ХХ1 асрнинг корпорациялар асри деб, башорат қилаётган иқтисодчилар ҳам бу корпорация инсонларнинг ўзаро тил топишларига қаратилган малакаларнинг ривожланган, мукаммал бўлиши ҳақида гапирмоқдалар. Ундан ташқари, бу каби корпоратив алоқа кўп холларда бевосита юзма-юз эмас, балки замонавий техник воситалар - уяли алоқа, факслар, электрон почта, Интернет кабилар ёрдамида аниқ ва лунда фикрларни узатишни назарда тутади. Бу ҳам ўзига хос мулоқот малакаларининг атайлаб шакллантирилишини тақозо этади. Учинчидан, охирги пайтларда шундай касб-ҳунарлар сони ортдики, улар социономик гуруҳ касблар деб аталиб, уларда «одам-одам» диалоги фаолиятнинг самарасини белгилайди. Масалан, педагогик фаолият, бошқарув тизими, турли хил хизматлар (сервис), маркетинг ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундай шароитларда одамларнинг атайлаб мулоқот билимдонлигининг оширилиши меҳнат маҳсулиини белгилайди. Шунинг учун ҳам мулоқот, унинг табиати, техникаси ва стратегияси, мулоқотга ўргатиш (социал психологик тренинг) масалалари билан шуғулланувчи фанларнинг ҳам жамиятдаги ўрни ва салоҳияти кескин ошди.Оммавий ахборот воситаларининг жадал ривожланиши, шубҳасиз, бутун дунёдаги ижтимоий жараёнларга тобора ортиб бораётган таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, бу таъсирнинг табиати зиддиятли ва баъзан зиддиятли баҳоларга сабаб бўлади. Бир томондан, электрон ихтиролар яхлит, шаффоф ва ақлли дунёни қуриш йўлидаги ҳал қилувчи ютуқ сифатида қабул қилинади. Фазовий ва маданий тўсиқларни енгиб ўтадиган хабарларнинг такомиллашуви туфайли одамлар бир-бирига яқинлашади, уларнинг бир тушунчага келишлари осонлашади.
Назорат учун саволлар:
1.Тарихий шарх ҳақида гапиринг?
2.Эмпатия муаммосини тушунтиринг?
3.Ўзини ўзи кузатиш методлари ҳақида гапиринг?
4.Шахс тажриба феномени тўғрисида гапиринг?
5.Татбиқий психология нимани ўрганади?
6.Психология методларини айтинг?
7. Коммуникация муаммоси нималарга боғлиқ?
Do'stlaringiz bilan baham: |