Марказлашган тузилишга эга бўлган кристалл спектрини ўрганишда кичик тебранишлар тушунчасини қўлласа бўлади. Аммо кристалл спектр бўйича жиддий хулосалар чиқариш учун унинг тузилиш хусусиятини ҳисобга олмоқ керак. Шунда, квант кимёвий ҳисобларни назарга олиб талқин этилганда, бошқача натижалар ҳосил бўлиши мумкин.
˜400 – 4000 см-1 оралиғида деярли барча ноорганик ва органик моддаларни ИҚ – спектрлари ўрганилган, натижада кўпчилик атом гуруҳлар ва кимёвий боғларни тавсифий частоталари аниқланган. Тавсифий частоталар кўплаб жадвалларда, ИҚ ютилиш спектрларига оид мақола, монография, атлас, маълумотнома ва каталогларда чоп этилган. Дори препаратлар субстанцияларига доир ИҚ спектрлар тўплами (Jnfrared Reference Spectra). Британия Фармакопеясида (British Pharmacopeia 1993, Volume I. London: HMSO) ва унинг қўшимча нашрларида эълон қилинган. 900 га яқин анорганик ва органик бирикмаларни ИҚ спектлари (45-3800 см-1) Р.А.Никвист ва Р.О.Кагелнинг (Richard A. Nyguist, Ronaldo О. Kagel. Infrared Spectra of Inorganic Compounds (3800-45) Academic Pres. New York and London 1971) монографик асарларда эълон қилинган.
Баъзи молекула, катион ва анионларни ютилиш ИҚ – спектрлари асосида айниятлаш. Икки ва кўп атомли молекула, катион, анионлар ИҚ спектларидаги асосий тебранма частоталарининг сони, юқорида баён этилганидек тармоқланган молекула ёки ион учун 3N-6, чизиқли тузилишда бўлса 3N-5 га тенг. Ҳар бир кимёвий боғга хос бўлган частота мазкур кимёвий боғ (ёки гуруҳ) турли бирикмалар таркибида (баъзан кристаллизацион сув таъсирида) бироз ўзгаради. Бу ўзгаришлар бир неча ўн тескари сантиметрдан ортмайди. Шунинг учун жадвалларда муайян атомлар гуруҳи ёки кимёвий боғнинг тавсифий частотасининг эҳтимоллик оралиғи келтирилади. Спектрда мазкур ютилиш бандлари, маълум сабабларга кўра бироз силжиган, бўлинган ёки шакли бир оз ўзгарган ҳолда намоён бўлиши мумкин.
Молекула, унинг таркибидаги катион, анионлар функционал гуруҳларга хос бўлган тавсифий бандлар (частоталар) асосида айниятланади. Ҳар бир бирикманинг ИҚ – спектри фақат шу бирикманинг ўзига хос бўлгани учун муайян бирикма баъзи тавсифий бандлар асосидагина (гарчанд, бундай усул жуда кенг қўллансада) эмас, балки унинг 400 – 4000 см-1 гача (ёки ноорганик бирикмалар учун 200-4000 см-1 гача) ёзилган тўлиқ ИҚ – спектри асосида айниятлаш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун мазкур бирикманинг эталон (стандарт) намунасининг ИҚ спектри бўлиши керак. Эталон намуна ИҚ спектрини тахлил этилаётган объект таркибига қиёслаб, эталон бирикма текширилувчи объект таркибида борлиги ёки йўқлиги ҳақида хулоса чиқарилади.
Анорганик тузлар ва анорганик лигандлик координацион бирикмаларнинг спектрлари (уларда ютилиш бандларининг сони камроқ бўлгани сабабли) органик бирикмаларнинг спектрларидан соддароқ, шунинг учун органик бирикмаларга нисбатан анорганик ва координацион бирикмаларни ИҚ – спектрлари асосида айниятлаш осонроқ.
ИҚ - спектроскопик усул дори субстанциялари чинлигини аниқлаш билан бир қаторда турли дори шаклларининг таркибий қисмларини аниқлашда қўллаш ғоятда истиқболлик бўлиб, бу усулда дори шаклини таркибий қисмларга ажратиш талаб этилмайди.
Масалан, дори шакли сифатида таблетка таҳлил этиладиган бўлса, уни туйиб, кукун ҳолидаги намунанинг ИҚ спектри асосида фақат фармакологик фаол модда эмас, балки таблетканинг бошқа таркибий қисмлари (ёрдамчи ва боғловчи моддалар)ни ҳам айниятлаш мумкин.