Кириш дарслари. Бу дарсларнинг асосий вазифаси уларни кимё курсининг навбатдаги масаласини ёки бир бўлимини мувофаққият билан ўрганишга тайёрлашдир. Ўқитувчи бу дарсда қизиқарли факт ва тажрибалардан фойдаланиб, ўқувчиларни айни масалага қизиқтиради, мақсадини белгилаб беради. Ўқитувчилар бундай дарсларга жуда кўп тайёрланадилар. Масалан, энг қизиқарли материал, кўргазмали қўлланмалар, қизиқарли тажрибалар, Республика кимёгар олимларининг кашфиётлари, фаннинг янги ютуқларидан фойдаланилади.
Дарс конспектини тузишда дарснинг таълимий мақсади аниқ кўрсатилиши керак. Бунинг учун аввал дарснинг кимёвий мазмуни ўрганилиб чиқилади. Унинг асосида мақсади аниқланади ва шу мақсад асосида дарснинг мазмуни баён қилинади. Масалан, Органик кимё курсида алкенлар мавзусининг мақсади қилиб "Алкенларнинг изомерияси, номенклатурасини ўрганиш, тузилишини кимёвий ва электрон назариялар асосида аниқлаш ҳамда улар асосида хоссаларини асослаб бериш" масаласи қўйилади. Бу мақсад бўйича аввал алкенларнинг гомологик қатори, уларнинг занжир, қўшбоғни ҳолати, фазовий изомерларини ёзиш ва номлашни ўрганиш, олиниши ҳамда кимёвий хоссаларини реакция тенгламалари асосида кўрсатиб беришни ўқувчилар эгаллаши керак. Булар янги мавзуни баён қилиш дарснинг асосий қисмига киради. Бу асосий қисмда билимларни мустахкамлаш ва такомиллаштириш, уларни ўзлаштирилиш даражасини аниқлаш ҳам киради. Янги мавзу билимларини баён қилишда ўқитилаётган мавзунинг хусусиятига қараб 2 хил усулдан фойдаланилади.
Индуктив ўқитиш. Бунда мавзу материалларини асослашга ўқувчиларда назарий билимлар етарли бўлмайди. Масалан, 7–синф ўқувчилари "Кислород", "Водород" мавзуларини ўқитишда, кислороднинг кучли металлмаслигини асослаш учун назарий база етишмайди.
Дедуктив ўқитиш. Бундай ўқитиш фактик материалларни ўрганишда асосий метод ҳисобланади. Масалан, «Галогенлар» мавзуси даврий қонун, атом тузилиши ва кимёвий боғланиш мавзулари ўрганилгандан сўнг бошланади. Бунда галогенларнинг ҳамма хоссалари ўрганилган назарий материаллар бўйича асослаб берилади.
Янги мавзу материалини баён қилишда унинг режасини ўқувчиларга ёздириш керак. Режа асосида мантиқий кетма-кетликда билимлар баён қилинади. Янги мавзуни баёнидан сўнг уларнинг билимлари мустаҳкамланади. Мустаҳкамлашда мавзуларга оид масала ечишдан фойдаланилади, машқлар ишланади. Масалан: "Фосфор ва унинг бирикмалари" мавзуси бўйича қуйидаги ўзгаришларни амалга оширишга имкон берадиган реакция тенгламаларни ёзинг.
P→P2O5→HPO3→H3PO4→NaH2PO4→Na3PO4
Дарс конспектида уйга бериладиган вазифани тушунтириб беришга асосий диққат қаратилади. Унда дарсликдан вазифа берилади. Мавзуга оид масала ечиш методикаси кўрсатилади ва масала берилади.
Дарс конспектини ёзишда дарс ўтказилган сана, дарснинг мақсади ва вазифалари, дарснинг бутун бориш йўли конспектда кўрсатилиши керак. Конспектда намойиш қилинадиган тажрибалар тафсилоти қўлланиладиган ўқитиш методлари ва ўқувчилар ёзиб оладиган материалларни тагига чизиб қўйилади. Охирида уйга бериладиган топшириқлар бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |