Индивидуаль ҳимоя воситаларидан қандай фойдаланилади?
Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш. Шахсий ҳимоя воситаларидан аҳолини танага, терига ва кийимга радиоактив, токсик ва бактериал воситалар кириб келишидан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади. Улар филтрловчи ва изоляция қилувчи газ ниқоблари, респираторлар, чангга чидамли мато ниқоблари ва пахтадан қилинган докалар ва терини ҳимоя қилиш воситалари - махсус изоляцияловчи ҳимоя кийимлари, филтрловчи ва мослаштирилган ҳимоя кийимлари каби нафас олиш йўлларини ҳимоя қилувчи воситаларга бўлинади.
Ҳимоя воситалари ҳимоя принципига кўра филтрловчи ва изоляцияловчи ҳимоя воситаларига бўлинади. Филтрловчи ҳимоя воситалари ҳавони инсон ҳаёти учун зарарли бўлган моддалардан тозалаб бериш хусусиятига эга бўлса изоляцияловчи ҳимоя воситалари инсонни атрофдаги ҳар хил заҳарли моддалардан ҳимоя қилинади. Изоляциялаш мустаҳкам материаллар ёрдамида таъминланади.
Ишлаб чиқариш услубига кўра, ҳимоя воситалари саноат томонидан ишлаб чиқарилган ва қўлбола материаллардан тайёрланган турларга бўлинади.
Ҳимоя воситалари меъёрий ва меъёрий бўлмаган турларга бўлинади. Меъёрий ҳимоя воситалари деганда тузилмаларни маълум миқдордаги ҳимоя воситалари билан таъминлаб бериш учун ишлаб чиқилган (ажратилган) ҳимоя воситалари тушунилади. Меъёрий бўлмаган ҳимоя воситалари деганда тузилмаларни қўшимча равишда ҳимоя воситалари билан таъминлаш учун ишлаб чиқилган (ажратилган) ҳимоя воситалари тушунилади.
Нафас олиш йўлларини ҳимоя қилиш воситалари. Фавқулодда вазият эълон қилинганда имкон даражасида бутун аҳоли шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак. Тузилмалар аъзолари, ишчи ва хизматчилар учун ҳимоя воситалари ўз объектларида, аҳоли учун эса эса яшаш жойларида сақланади ёки аҳоли мустақил равишда мато ниқоблар, пахта-докали ниқоблар ёрдамида нафас олиш йўлларини ҳимоя қилишади. Терини ҳимоя қилиш учун ҳар хил ёпичиқлар, резина этик, резина, полиэтилен ёки теридан ишланган қўлқоплардан фойдаланишади.
Газниқоб нафас олиш тизимини, одамнинг юзини ва кўзларини ҳаводаги зарарли аралашмалардан ҳимоя қилишга мўлжалланган мослама бўлиб, нафас олиш аъзоларини ишончли ҳимоя қилиб берувчи воситалардан бири ҳисобланади. Қўлланилишига кўра барча газ газниқоблар филтрловчи ва изоляцияловчи турларга бўлинади.
Нафас олиш тизимини ҳимоя қилувчи воситалар ичида энг муҳими – бу нафас олиш тизимини, юзни ва кўзни ҳаводаги турли зарарли бирикмалардан тозалаб берувчи – филтрловчи газниқоблар ҳисобланади.
ФМ тизимда катталар учун ГП-5 филтрловчи газниқоблардан, болалар учун эса ДП-6, ДП-БМ, ПДФ-7, ПДФ-д, ПДФ-ш ва болалар ҳимоя камераси (КЗД-4)дан фойдаланилади. Ушбу газниқобнинг камчилиги шундаки, улар углерод оксидидан ҳимоя қила олмайди. Углерод оксидидан ҳимояланиш учун бундай газниқобни қўшимча патрон билан таъминлаш керак бўлади.
Изоляция қилувчи газ ниқоблари (ИП-4, ИП-5, ИП-46, ИП-46М) филтрловчи газниқоблар тўлиқ ҳимояни таъминлай олмайдиган ҳолатларда шу жумладан, ҳавода кислород миқдори кам бўлган ҳолатларда ишлатилади. Изоляция қилувчи газ ниқобларда нафас олиш учун зарур бўлган ҳаво махсус моддага эга, янгиланадиган патрон ёрдамида кислород билан тўйинтириб турилади. Газниқоб юз қисми, регенератив патрон, нафас олиш учун сумка, рамка ва сумкадан иборат.
Газниқобдан ташқари, Р-2 респиратори ҳам тез-тез ишлатилади. У яримниқоб кўринишида бўлиб, иккита нафас чиқариш клапани ва битта нафас олиш клапанлари, бошга тортиладиган тасма билан таъминланган. Яримниқобнинг ташқи қисми яшил полиуретан пенопластдан, ички қисми эса ҳаво ўтказмайдиган ингичка полиэтилен плёнкадан ишланган. Полиуретан ва полиэтилен ўртасида полимер толали филтр ўрнатилган. Ушбу нафас олиш мосламаси бурундаги ярим ниқобни маҳкамлаш учун мўлжалланган клип билан жиҳозланган.
Респираторнинг ишлаш принципи шундан иборатки, нафас олинаётганда ҳаво кетма-кет равишда ниқобнинг аввал филтр қатлами орқали ўтиб, йирик чанглардан тозаланади, сўнгра филтрловчи полимер толали материал орқали ўтиб, майда чангдан тозаланади. Шундан сўнг, олинаётган ҳаво клапанлар орқали ўтиб, ниқоб остидаги бўшлиққа ва нафас олиш тизимига тушади. Нафас чиқарганда ҳаво маска ости бўшлиғидан тегишли клапан орқали чиқиб кетади.
Радиоактив моддалар ва бактериал воситалардан ҳимояланиш учун чангга қарши матоли маска – ПТМ-1 ҳамда пахта ва докадан тайёрланган қўлбола маскалардан фойдаланилади. Бироқ улар ҳам респираторлар каби заҳарли моддалардан ҳимоя қила олмайди. Бундай қўлбола воситалардан ҳар бир киши ўз уйида ёки иш жойида фойдаланишлари мумкин.
Терини ҳимояловчи воситалар. Ҳимоя принципига кўра терини ҳимояловчи воситалар изоляцияловчи ва филтрловчи турларга бўлинади. Изоляция материаллари ҳаво ўтказмайдиган, махсус эластик каучукли матодан материаллардан тайёрланади. Улар герметик ва ногерметик бўлиши мумкин. Герметик ҳимоя воситаси танани тўлиқ қоплайди ва ЗМ буғлари ва томчиларидан ҳимоя қилади. Ногерметик ҳимоя кийими фақат заҳарли моддалар томчиларидан ҳимоя қилади. Ҳимоя кийимлари ЗМлардан ташқари радиоактив моддалар ва бактериал воситалардан ҳам ҳимоя қилади. Терини изоляция қилиш учун ҳимоя кийимларидан фойдаланилади. Узоқ йиллар давомида махсус тайёрланган турли хил комбинезон ва костюмлардан, хусусан, Л-1 енгил ҳимоя костюми ва умумҳарбий ҳимоя комплектларидан фойдаланиб келинган.
Ҳозирги пайтда турли давлатлар томонидан турли хил ҳимоя костюмлари ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ҳимоя тўпламлари таркибига, резина этик ва резина қўлқоплар ҳам киради.
ФМ разведка тузилмаларида енгил ҳимоя костюмларидан фойдаланилади. Бунга мисол қилиб, капюшонли кўйлак, пайпоғи билан биргаликда тикилган шим, икки бармоқли қўлқоп, ҳимоя костюмига мослаб тикилган астарликлардан иборат Л-1 костюмини мисол қилиб келтириш мумкин.
Ҳимоя костюмларидан бири умумҳарбий ҳимоя костюми ҳисобланади. У енг ва бошни ёпадиган қисмлардан иборат бўлган ҳимоя плаши, оёқ кийим ва бошқа кийимлар устидан кийиш мумкин бўлган, асоси резинадан ишланган, тасмачалар билан мустаҳкамланадиган, махсус оёқ кийим ва қўлқопдан иборат.
Кимёвий зарарловчи воситалардан муҳофазалаш индивидуал ва жамоавий ҳимоя воситалари ёрдамида амалга оширилади. Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, филтрловчи газниқоблар нафас олиш тизимини барча КТЭЗМдан ҳимоя қила олмайди. Шунинг учун аммиак, олтингугурт диоксиди, водород сулфиди билан ифлосланган муҳитда филтрловчи саноат газниқобларидан фойдаланилади.
Кимёвий воситалардан фойдаланиш саноат корхоналарининг бинолари, иншоотлари ва жиҳозларига шикастловчи таъсир кўрсатмаса ҳам, бу корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Масалан, цехларнинг ишчилари ва хизматчилари кимёвий ифлосланиш шароитида доимий иш пайтида шахсий ҳимоя воситаларида ишлашлари керак. Ишлаб чиқариш жараёни тўхтатиб қўйилиши мумкин бўлган жойларда, ишчилар ва хизматчилар ҳимоя иншоотларида бошпана олишади. Бино ва уларнинг атрофи ҳамда жиҳозлар дегазация қилингандан сўнг ишлаб чиқариш жараёни қайта тикланиши мумкин.
Герметик бино ва иншоотларда амалга оширилаётган ишлаб чиқариш жараёни ҳам тўхтатилмайди. Шунинг учун озиқ-овқат, фармацевтика, сув таъминоти ва қишлоқ хўжалиги саноатидаги саноат бинолари ва технологик жараёнларнинг герметиклигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Касалликлар тарқалишининг олдини олиш, бактериологик (биологик) зарарланиш зоналари ва ўчоқларини локализация қилиш ва йўқ қилиш мақсадида вилоят ФМ бошлиғининг буйруғи карантин ва обсервация режимлари ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |