Аҳолини муҳофаза қилишнинг қандай усуллари мавжуд?
Муҳофазаланишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:
аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш.
радиацияга ва кимёвий зарарланишга қарши ҳимоя чоралари кўриш;
аҳолини ҳимоя иншоотлари ёрдамида муҳофаза қилиш;
индивидуаль ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;
эвакотадбирлар ўтказиш.
Шу билан бирга, аҳолини тайёрлашни ташкил этиш, озиқ-овқат, сув таъминоти тизимларини радиоактив, заҳарли модда ва бактериал воситалар билан ифлосланишлардан ҳимоя қилиш; радиацион, кимёвий ва бактериологик разведка ишларини йўлга қўйиш, ишчи ва хизматчиларни, ишлаб чиқариш фаолиятини муҳофаза қилиш режимини ўрнатиш; дозиметрик ва лаборатор (кимёвий ва бактериологик) назоратни йўлга қўйиш; зарарланиш ҳудудларида қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни режалаштириш; ёнғинга, эпидемияга қарши профилактик ҳамда санитар-гигиеник тадбирларни амалга ошириш; аҳолини санитар ишловдан ўтказиш, кийим-бош, ҳудуд ва қурилмаларни зарарсизлантириш ишларини амалга ошириш лозим.
Аҳолини ҳимоя иншоотлари ёрдамида муҳофаза қилиш қандай ташкил этилади?
Аҳолини ҳимоя иншоотлари ёрдамида муҳофаза қилиш. Аҳолини ядровий, кимёвий ва бактериологик (биологик) таъсирдан муҳофаза қилиш учун махсус ҳимоя иншоотларидан фойдаланилади. Бундай иншоотлар ҳимоя хусусиятига қараб панагоҳ ва радиац иядан яшириниш жойларига бўлинади. Панажой ўзининг мустаҳкам тузилиши ҳисобига заҳарли моддалардан, бактериал воситалардан, ёнғинлар натижасида ҳосил бўладиган юқори ҳарорат ва заҳарли газлардан, портлаш натижасида ҳосил бўладиган вайрона бўлакларидан ишончли ҳимоя қилади.
Ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган санитар-гигиеник шарт-шароитлар мавжуд бўлган бундай иншоотларда одамлар узоқ муддат давомида қолишлари мумкин.
Биноларнинг ертўла ва яримертўлаларида мослашган панажой ташкил этиш мумкин.
Ер ости йўллари, галареялар ва метрополитенларни ҳам панажойга мослаштириш мумкин.
Аҳоли зич жойлашган жойларда жойлашган ва уларни ҳимоя қилишга мўлжалланган панажой одамлар жойлашадиган асосий қисм ва ёрдамчи қисмдан иборат бўлиши лозим. Ёрдамчи қисм кириш жойи, фильтрвентиляция хонаси, санитар хонадан иборат бўлади. Озиқ-овқат сақланадиган ва бошқа шу каби жойлар ҳам панажойга айлантирилиши мумкин.
Панажойларда бир киши учун камида 0,5 м2 ер майдони ва 1,5 м2 ички майдон ажратилади. Йирик панажойлар 50 — 75 кишилик бўлмаларга ажратилади. Бўлмаларда ўтириш ва ётиш учун токчалар билан жиҳозланади. Бунда ўриндиқлар 0,45х0,45 м, ётиш жойлари эса - 0.55х1.8м ҳажмда олинади.
Одамлар жойлашадиган қисмга зарарланган ҳаво киришининг олдини олиш учун унинг герметиклиги таъминланган бўлиши, қарама-қарши томонларда жойлашган камида иккита кириш эшиги ва авария ҳолатларида чиқиш эшиги бўлиши лозим.
Панагоҳга кириш жойи икки табақали герметик эшиклар (тамбур) билан жиҳозланади. Ташқи эшик ядро портлаш зарбига чидамли ҳамда герметик қилиб ишланади. Баъзи ҳолларда тамбур олдидан камера ҳам қурилиши ҳам мумкин.
Авария пайтида чиқиш эшиги ер остидан ўтказилиб, вайроналардан холи жойгача етиб бориши мумкин. Ушбу чиқиш йўлаги портлаш зарбига чидамли мустаҳкам деворлар билан, герметик эшиклар ва бошқалар билан жиҳозланган бўлади. Вайроналардан холи ҳудуд деганда энг яқин бино баландлигининг ярмигача ва яна 3м масофада жойлашган ҳудуд тушунилади.
Ҳар хил муҳандислик тизимлари, хусусан, электр таминоти (электр симлари ўтказилган қора рангдаги металл труба) сув таъминоти (яшил ранг), иссиқлик тизими (жигар ранг) ер остидан ўтказилиши мумкин. Панажойда шунингдек, радиотранслятор (микрофон) ва телефон ўрнатилади. Бундан ташқари панажойда дозиметрик ва кимёвий разведка воситалари, ҳимоя кийимлари, ўт ўчириш воситалари, авария оқибатларини бартараф этиш учун жиҳозлар, авария пайтида ёритиш воситалари, озиқ-овқат ва сув заҳираси, панажойнинг паспорти ва режаси, унга хизмат кўрсатиш қоидалари, мавжуд жиҳозлар рўйхати, панажой ҳолатини текширувдан ўтказиш журналлари бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |