Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, учта боб, хулоса ва тавсиялар, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат бўлиб, асосий матн 105 саҳифани ташкил этади.
I боб. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари тушунчасининг илмий назарий-методологик асослари.
Аҳоли бандлигини таъминлашнинг концептуал асослари.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини муҳофазалашнинг ҳуқуқий асослари мамлакатимизда бир қанча маҳаллий ва ҳалқаро ҳамжамиятлар тамонидан эътироф этилган ҳужжатлар орқали расмийлаштириб қўйилган21. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатида аҳоли иш билан бандлиги сиёсатининг амалий чора-тадбирлари билан бир қаторда унинг назарий жиҳатларини асослаш муҳим аҳамиятга эга. Деярли барча ижтимоий-иқтисодий назариялар маълум даражада меҳнат ва аҳолининг иш билан бандлиги масаласига дахлдордир. Социологик тадқиқотларда аҳолининг иш билан бандлиги ижтимоий воқелик сифатида қаралади; иш билан бандликни тартибга солиш ижтимоий бошқарув нуқтаи назаридан ўрганилади; меҳнат бозорини тартибга солишнинг ижтимоий механизмлари ва уни шакллантиришнинг ижтимоий жиҳатлари кўриб чиқилади, шунингдек, иш билан бандликда муайян мақомга ега бўлган ходимларнинг позицияси-ходимлар ва ўз-ўзини иш билан банд қилиш; меҳнат бозоридаги ишчиларнинг айрим тоифалари (ишчилар, ходимлар); иш билан бандлик соҳасидаги мослашиш жараёнлари; иш билан бандликнинг муайян шакллари ва уларнинг институционализацияси (қўшимча, яширин, норасмий, ортиқча бандлик ва бошқалар.); иқтисодиётнинг айрим тармоқларида бандлик (давлат, хусусий); аҳолининг айрим ижтимоий-демографик гуруҳларининг бандлиги; аҳолини иш билан таъминлаш масалалари; бандлик стратегияси; бандлик соҳасида ижтимоий шерикликни ташкил этиш, бандлик инқирозида маиший яшаш стратегияси ва бошқалар.
С. Ашвин22, Галенко В.А.23, Калугина З.И., Мартынова И.Н.24, Козлов А.Г.25, Силласте Г.Г. 26 каби олимлар ишсизлик билан боғлиқ жуда кўп социологик тадқиқотлар олиб борганлар. Жумладан, ишсизлар бўлишининг ўзига хос хусусиятлари, уларнинг иш билан бандлик соҳасидаги мослашиш йўллари, ҳаётий стратегиялар, тендер хатти-ҳаракатлари ва бошқаларни илмий тадқиқ қилганлар.
Замонавий хорижий тадқиқотчилардан J. Allen. J. Atkinson, М. Granovetter, S. Dex, R. Jenckins, A. Sorensen, G.Standing, M. Lonkila, S. Rosen, S. Wood, L. McDowell, Hill, Sinfield, Gallie, Therborn меҳнат бозори, меҳнат бозорининг ўзига хосликлари, меҳнат бозорининг мослашувчанлиги ва мослашувчан бандлик, меҳнат бозорининг сегментацияси ва уни белгиловчи омиллар, меҳнат ёлланишининг ижтимоий механизмлари, иш билан бандлик ва ишсизлик шакллари, бандлик муносабатларида "иқтисодий шахс", иш ўринларини тўлдиришнинг ижтимоий механизмлари, ишсизлар ҳолати, бандлик муаммосининг асосий жиҳатларини ўрганганлар.
Институционал-социологик мактаби вакиллари Т.Веблен, Д.Данлоп, Д.Гэлбрейт, Л.Ульманлар27 - бандлик муаммолари институционал реформалар ёрдамида ҳал қилиниши мумкин деб ҳисоблаган. Буни меҳнат бозорида вужудга келадиган тафовутлар ижтимоий, касб-ҳунар, саноат, жинс, ёш, этник ва ишчи кучи тузилишидаги бошқа фарқларнинг ўзига хос хусусиятлари билан белгиланишини тахлил қилганлар.
Дарслик ва ўқув қўлланмаларда аҳоли бандлиги бўйича неоклассиклар, кейнсчилар, монетаризм, институционал-социологик ва бошқа мактаб вакилларининг қарашлари баён этилган28.
П.Д. Павленок29, ижтимоий иш назарияси ва технологиясининг асосий қоидаларини ишлаб чиқиб, ишсиз фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда ижтимоий муҳандисликнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганган.
В.В. Радаев, О.В. Ромашов, Тощенко Ж.Т30 ва бошқалар меҳнат социологияси ёки иқтисодий социология доирасида бандлик ва меҳнат бозори муаммоларини ўрганганлар
Муаллифлар жамоаси (Е.В. Андронова, Е.В. Куканова, И.А. Ласкина, Т.Н. Попова)31 корреляция масалаларини кўриб чиқиш билан шуғулланганлар.
Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари бандлигини таъминлаш муаммоси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва Президент Шавкат Мирзиёев асарларида32, чуқур тахлил қилинган ва вазифалар кўлами кўрсатиб берилган.
Шунингдек, илмий тадқиқотлардан Д. Исаева, С.Х.Таджиева, М.Х.Ганиева, Н.М.Латипова, М.Х.Карамян, Л.Э.Ким, А.В.Шубина ва бошқалар33нинг изланишлари ҳамда бир қанча дастурлар34да ўз ифодасини топган.
Б.Й.Ходиев, Ш.Ш.Шодмоновлар35 ишчи кучи, аҳоли бандлиги, ишсизлик муаммоларини, А.В.Ваҳабов36, Ш.Х.Хажибакиев 37лар аҳолини ижтимоий химоя қилишнинг халқаро ва миллий тажрибаларини, иқтисодиётни модернизациялашда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари, аҳолининг ижтимоий таъминотида ижтимоий ишнинг ўзига хос ҳусусиятларини тахлил қилганлар. Аммо, уларнинг кўпчилигида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари бандлиги масалалари билан ишлашда минтақа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий иш ҳодимининг вазифаларига оид масалалар етарлича ёритилган деб бўлмайди.
Жаҳон миқёсида бандлик муаммолари халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ҳар томонлама ўрганиш предмети ҳисобланади. ХМТ експертлари бу муаммони дунёнинг алоҳида мамлакатларида ўрганадилар ва бу муаммо бўйича умумлаштирувчи тадқиқотларни тақдим этадилар. Шуни таъкидлаш керакки, бу соҳадаги ишлар кўп бўлишига қарамай, иш билан бандликни ҳар томонлама ижтимоий-бошқарув ҳодисаси деб ҳисоблайдиган тадқиқотлар ҳали ҳам мавжуд эмас. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш лозимки, илмий муомалада қўлланиладиган "бандлик" тушунчаси, одатда, "меҳнат бозори" тушунчаси билан аниқланиб, социологик контекстда категориал тадқиқот ва назарий тасаввурни талаб қилади.
Адабиётларни ўрганиш шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда ижтимоий-бошқарув шароитида бандлик назариясининг илмий ривожланиш даражаси жамиятнинг амалий эҳтиёжларини қондирмайди. Бу факт иш билан бандлик соҳасини ривожлантириш кўп жиҳатдан тартибга солинмаган жараён сифатида амалга оширилаётганини айтиш имконини беради. Айни пайтда, янги Ўзбекистон жамияти иш билан бандликни ижтимоий бошқариш назариясига кескин эҳтиёж сезмоқда. Уни янада ривожлантириш ва амалиётга татбиқ этиш миллий ғоя ва ижтимоий-маданий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда ижтимоий тизимнинг бир қатор жиддий зиддиятларини ҳал этиш ва уларни ҳал этишга йўл очиш имконини беради. Ушбу тадқиқот йўналиши ижтимоий менежментнинг асосий қоидаларига мос келади ва унинг ривожланиши бошқарув социологиясининг асосий категориялари тизимида "аҳолини иш билан таъминлаш соҳаси" категориал институционаллаштириш каби муаммоларни ҳал қилиш билан боғлиқ.
Ҳозирги кунда иш билан бандликни ўрганишда икки асосий ёндашув мавжуд - иқтисодий ва социологик. Иқтисодий ёндашувда бандлик макроиқтисодий назария нуқтаи назаридан иқтисодий категория сифатида қаралади, бу иқтисодий фикрлаш фалсафасини тарғиб қилади, инсонни иш билан таъминлаш ва шу жумладан, ўзига хос меҳнат кооперациясида муносабатлар сифатида. Фаолиятини англатади. Социологик ёндашув кам ривожланган бўлсада, муаммога кенгроқ қараш ва иш билан бандликни бошқарув таъсирини талаб қилувчи ижтимоий ҳодиса сифатида қараш имконини беради. Бундай ёндашув иш билан бандлик муаммосини шахс ва жамият ўртасидаги муносабатларни ҳисобга олган ҳолда, бинобарин, шахс ва жамият эҳтиёжларини, уларни қондириш йўллари ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш имконини беради.
Аҳолининг иш билан бандлик тоифаси фақат иқтисодий компонентлар билан чекланмайди. Иш билан бандлик, аввало, ижтимоий муносабатлардир. Шу боис қандайдир азалий, бевосита юзага келган ҳодиса сифатидаги ижтимоийлик унинг асосий хусусияти ҳисобланади.
Иш билан бандлик ижтимоий-иқтисодий ҳодиса сифатида намоён бўлар экан, уни қуйидагича таърифлаш мумкин. Иш билан бандлик – фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларни қондириш билан боғлиқ, уларга иш ҳақи ёки меҳнат даромади келтирадиган фаолиятдир.
Иқтисодиётнинг сифат жиҳатидан олдингисидан фарқ қилувчи ҳар бир ривожланиш босқичи учун иш билан таъминлашнинг муайян модели мос келади, чунки унинг асосий хусусиятлари жамият фаолиятининг муҳим жараёнларини очиб беради.
Тажриба шуни кўрсатадики, жамият муаммолари ичида инсоннинг шахси ва талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олмасдан ҳал қилишга уриниш омадсизликка маҳкум этади. Шунинг учун авваллари олимлар иш билан бандлик муаммоларини кўриб чиқаётганларида асосан, унинг иқтисодий жиҳатларига эътибор берган бўлсалар, кейинги пайтда иш билан бандликнинг ижтимоий жиҳатлари тўғрисида тобора кўпроқ гапирилаётганлиги бежиз эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |