Ўз ишини баҳолаш. Якка тартибда мустақил қарорларга келиши учун ижтимоий иш ходимидан талаб этиладиган автономлик ўз ишини холис ва бетараф баҳолай олишликни тақозо этади. Қизиғи шундаки, ижтимоий иш ходимларининг барча миқёслардаги ишларининг факторли текширувлари шуни кўрсатадики, улар мунтазам равишда ўз касбий фаолиятларига баҳо бериш билан боғлиқ бўлган вазифаларни ҳал этишларига тўғри келар экан.
Касбий ва шахс жиҳатдан ривожланиш. Ўз ишини доимий равишда баҳолаб бориш зарурати ҳақидаги хулосанинг мантиқий давоми сифатида ишчининг хусусиятларини кучайтириш имконияти мавжуд бўлган соҳаларда ўз устида ишлаш ва шу асосда ўз билим, кўникма ва қадриятларини ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги мулоҳазалар келиб чиқади. Ижтимоий иш ходимлари фаолияларининг таҳлили шуни кўрсатадики, улар кўпинча ўз ишларини баҳолашга, янги ахборотни олишга ҳамда ўзлаштирган кўникмаларини яхшилашга ёрдам беришга қаратилган топшириқ турларини бажариш билан машғул бўладилар. Бундай топшириқларни бажаришда асосий эътибор ўзининг шахсий ва касбий хусусиятларининг бажараётган ишига мос келишлигини тушунишини шакллантиришга қаратилади. Бундай вазифалар тегишли касбий адабиётларни ўқиш, семинар ва тренингларда қатнашиш, шахсий иш вақтини режалаштириш, ҳамкасблар ва бевосита бошлиқлар билан иш юзасидан баҳс-мунозаралар қилишни ўз ичига олиши мумкин.
Ижтимоий иш касбини яхшилаш. Ижтимоий иш ходимининг фаолияти, шунингдек, касб-корни ривожлантириш ва назарий асосни кенгайтиришга ҳисса қўшишни қамраб олиши керак. Шу билан бирга Ижтимоий иш ходимлари Миллий Уюшмаси ишида фаол қатнашиш, ўзининг куч-ғайрати ва вақтини касбий амалиёт сифатини ривожлантиришга сарф қилиш, ижтимоий иш касб соҳасини ҳимоя қилиш, қонунчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳам ҳар бир ижтимоий иш ходимининг мажбуриятидир. Бундан ташқари, турли конференцияларда чиқишлар қилиб ҳамда касбий ўқув ва махсус қўлланма ёзишда иштирок этиш орқали ўз касбий тажрибаларини бошқалар билан ўртоқлашиши муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ижтимоий иш ходими амалий ролларининг кўлами ҳақиқатдан ҳам жуда катта ва турли-тумандир. Шахсий хоҳиш-танловлар ёки хизмат мажбуриятларининг характери бажариладиган роллар сонини чегаралаб қўйиши мумкин бўлса-да, самарали иш олиб борадиган ижтимоий иш ходими юқорида таърифланган ролларнинг ҳар бирининг асосий элементларини эгалламоғи даркор. Ва албатта, универсал ижтимоий иш ходимлари доимо барча ролларни бажаришда ўз маҳоратларини оширишга ҳаракат қилишлари лозим.
Ўз ишини яхшилаш учун ҳар бир рол билан боғлиқ бўлган фаолият турлари ва функцияларини эгаллаш зарурдир. Турли иш техникаларини ўрганишдан ташқари ижтимоий иш ходими амалий вазиятларни ҳал этиш бўйича орттирган бетакрор кўникмалари ва билимларини қандай қилиб қўллаш кераклигини, юқорида баён этилган ролларни мижозлар учун қандай қилиб имкон қадар фойдали тарзда бажариш лозимлигини ўйлаб кўриши шарт. Бунда амалий иш барпо этилган вақтдан бошлаб ривожлантирилган тамойилларга амал қилиш ҳамда мижозни олдиндан режалаштирилган ўзгаришлар жараёни босқичларидан эҳтиёткорлик билан ўтказиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Кадрлар билан таъминлаш масаласида профессионал кадрлар ва салоҳияти маслаҳат кенгаши талаб қилиниб, улар ижтимоий хизматларни кўрсатишда ҳуқуқ-тартибот органлари, тиббиёт муассасалари, маҳалла қўмитаси, жамоат ташкилотлари билан биргаликда инсонларни қалтис вазиятлардан чиқиб кетишларига ёрдам беришда ҳамкорлик қилиш керак. Шуниси эътиборга лойиқки, мамлакатимизнинг учта олий таълим муассасасида узоқ йиллар мобайнида ижтимоий иш бўйича кадрлар тайёрланган. Бироқ, давлат органларининг бирортасида (болалар билан ишлаш соҳаси бундан мустасно) иш ўрни сифатида штат бирлиги яратилмаган. Иш билан таъминланиш самарали ташкил қилинса, ҳозирда истиқболсиз кўринган ушбу соҳанинг битирувчилари эртага янгиланган ижтимоий ҳимоя тизимига тамал тошини қўйишлари мумкин. Давлат томонидан тайёрланган ва фойдаланилмаётган керакли мутахассисларнинг ўз ўрнини топишига ёрдам беришимиз зарурлигига танқидий нуқтаи назар билан қараш ижтимоий соҳани тартибга келтириш ҳақидаги фикримизни тасдиқлайди.
Вазиятнинг ривожланиш истиқболини кўриш жуда муҳим. Аксарият хизматлар кейинчалик фуқаролик жамияти томонидан амалга оширилади. Бироқ, ҳукумат унинг сиёсатини, хизматларга ёндошувни белгилайди, методологик асосини яратади, ижтимоий хизматлар реестрини тузади, уларга белгиланган стандартни тасдиқлаш билан бир қаторда халқаро донор ташкилотлари, хусусий сектор, нодавлат ташкилотлари, ташаббускор гуруҳ ва ҳомийлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиради. Кейинчалик дунёдаги аксарият мамлакатлар сингари бундай кўринишдаги хизматлар ижтимоий буюртма тартиби асосида кўрсатилади. Яъни, вазирлик ва ҳокимликлар жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ёрдам кўрсатиш танловларини эълон қилиши мумкин бўлади. Айрим МДҲ давлатлари, жумладан, Қозоғистон, Россия, Белорусияда бундай амалиёт анчадан бери қўлланилиб келинмоқда.
Айрим ижтимоий хизматлар бугун у ёки бу шаклда амалга оширилмоқда, уларнинг самарадорлигини ўрганиш лозим. Шу билан бирга айрим хизматлар борки, улар ҳали йўлга қўйилмаган. Кузатишларимиз асосида юзага келган бир қанча фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Санкт-Петербургдаги уйсизларга бошпана берадиган, кечқурунлари бир нечта овқатланиш корхоналари билан келишган ҳолда уларга иссиқ овқат тарқатадиган «Ночлежка» жамоат бирлашмаси мавжуд. Улар (Кафелар бошпанасизларга «фудшеринг» дастури асосида бепул таом тайёрлашади) «Ночлежки» ходимлари уйсизларга реалибитациядан ўтишга, ҳужжатларини тўғрилашга, соғлиғини тиклашга, оиласига қайтишга ёрдам беришади. Айнан шу ерда хайрия қилмоқчи бўлганлардан кийим-бош қабул қилиб олинади, пул тўпланади. Бундан ташқари эълонлар тахтачаси мавжуд бўлиб, у ерда яқинини йўқотганлар қариндошини топиш мақсадида фотосуратини осиб қўйишади. Айтишларича, ижтимоий хизматчи фақат икки ойдагина кўчада дайдиб юрган одамни одатий ҳаётга қайтариши мумкин. Ундан кейин эса жараён қийинроқ кечиб, одам дайдиликнинг барча қора томонларини ўзига сингдириб олган бўлади.
Жамиятнинг долзарб муаммоларидан яна бири – ногиронлиги бор инсонлар вазияти. Муаммонинг қирралари кўп, уни кўз олдимизга келтириш учун фақатгина иккитасини келтириб ўтамиз. Афсуски, ногиронлиги бор инсонлар интернатнинг юқори деворлари ёки ўз уйларида «кўринмас одам» бўлиб қолишмоқда, камдан-кам ҳолатларда уларнинг жамият ҳаётига аралашганини кўриш мумкин. Буюк Британия, Австрия, Жанубий Корея, Исроил давлатларида ногирон кишиларни метро, театр, дўкон ва кўчаларда ҳар қадамда учратса бўлади. Бизда эса бу амримаҳол. Бунинг асосий сабабларидан бири – жамият ҳаётидаги эски қарашлар мавжудлиги, шаҳар муҳитида ногиронлиги бор шахслар учун йўлакларда тактиль кошинлар, аравачалар учун тўғри пандус ҳамда сурилувчи эшиклар, транспорт инфратузилмасида овоз сигналли ва таймерли светофорлар каби шарт-шароитларнинг яратилмаганидир. Шароитни яхшилашга кўпчилик ёрдам бера олади, бироқ бунинг учун кимдир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларнинг ҳолатини ўрганишни бошлаши зарур. Эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим тараф – фарзандларида ногиронлиги бўлган оилаларга эътибор. Бундай оилаларга кайси мамлакатда бўлмасинлар, бирдек қийин. Аммо бизнинг юртимизда бундай ота-оналар фарзандида ногиронлиги бўлгани учун олинадиган нафақадан бошқа ҳеч қандай ёрдам олмайди. Фарзандида ногиронлиги бўлган оилаларда асосий оғирлик она зиммасига тушади, ота одатда бундай оиласини ташлаб кетади. Бундай фарзандлари бор ота-оналар ўртасида ўзаро кўмак бериш гуруҳларининг тузилиши бундай болаларни парваришлашга ёрдам марказини юзага келтиради. Ёки, Россияда амалга оширилганидек, марказ томонидан оилага ёрдам учун келган ўрта маълумотли ижтимоий хизматчи озиқ-овқатларни харид қилишга, таом тайёрлашга, уйни йиғиштиришга ёрдам бериб, ҳаёт тарзига мазмун киритади. Онанинг қўлини ҳафтасига бир неча соатгина бўш қолдириш орқали давлат уни қўйилиши мумкин бўлган қалтис қадамдан, фарзандини интернатга топшириб, умрининг охири - ўлимигача давлат қарамоғида қолишидан тўхтатиб қолади.
Оилавий зўравонликдан вақтинчалик сақловчи Кризис марказлари ҳаётига охирги нуқта қўйиш ҳолатига келган аёлларга бошпана вазифасини бажаради. Бундай бошпаналар болали ёш аёлларни қабул қилиб, уларга ижтимоий хизматчи, психолог, юрист ёрдамини кўрсатади. Бундай бошпанада эълон қилиб осиб қўйилган ёзув ва рўйхат бўлмайди, у махфийликни таъминлаши ҳамда ишончли масканга айлана олиши шарт. Россия хоспислари ижтимоий фаолият ва паллиатив ёрдам кўрсатишнинг яна бир яхши тўқнашиш нуқтаси бўлиши мумкин (паллиатив ёрдам – даволаш мумкин бўлмаган, охири ўлим билан якунланадиган касалликларга чалинган беморларнинг дардини енгиллаштириш). Масалан, саратонга чалинган болалар умрининг сўнгги ойларини оғриқсиз ўтказиш имконига эга бўлади (ҳозирги кунда морфий етишмайди), уларга тиббий, ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатилади. Соғлиқни сақлаш Вазирлиги яқинда эълон қилган маълумотларга кўра, 100 мингдан ортиқ киши онкологик касалликка чалинган ва паллиатив ёрдам беришни ривожлантириш кимё-терапия курси ёрдам бера олмайдиган беморларнинг аҳволини енгиллаштириш билан чамбарчас боғланган. Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Бироқ, шуни айтиш керакки, янги орган турли тоифадаги хизматлар кўрсатувчи етакчи марказларни ишга тушириши ҳамда тажрибага асосан уни кенг татбиқ этишнинг миллий моделини ишлаб чиқиши мумкин. Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини самарали яратиш учун барча шароитлар мавжуд. Давлат органларида аниқ вазифалар асосида ўтказилаётган ислоҳотлар заминида узилган бўғинларни бирлаштиришга ёрдам берувчи ижтимоий хизмат кўрсатишнинг аниқ режаси ҳамда услубий ислоҳотининг аниқ “манзарасини кўриш” жуда муҳим. Ёрдамга муҳтожларга кўмак, меҳр-шафқат кўрсатиб ҳамжиҳатликда уларни қўллаб-қувватлаш, энг олий ва миллий қадрият ҳисобланиб, у бефарқ бўлган инсонларни эзгу мақсад йўлида бирлаштиради. Муҳими, қийин вазиятларга тушган, умидсиз қолган инсонларга уларни қўллаб-қувватловчи, ёрдам беришга тайёр турувчиларнинг борлигини билдиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |