Эстетик туйғу - воқеликдаги ва санъатдаги нафосатдор ходисани кўришдан хосил бўлган дастлабки туйғудир. У инсоннинг воқеликдаги ва санъатдаги нафосатга муносабатини ўзига хос ички кечинмалар орқали акс этишидир. Эстетик ҳис – туйғулар мураккаб ижтимоий ходиса сифатида нафосат, ҳамоҳанглик, оҳанг, шакл, уйғунлик, мосликкаби тушунчалар билан бирга шодлик, ҳайратланиш, ажабланиш, роҳатланиш, лаззатланиш, эхтиром, шавқ – завқ, нафрат каби тушунчаларни ҳам қамраб олади.
Эстетик дид – эстетик дид воқеликдаги ва санъатдаги гўзалликни хунукликдан, улуғворликни тубанликдан, кулгилиликни фожеавийликдан фарқлай олиш қобилиятидир. Дид инсонларни фикр мулохазалари, хулқ атворлари, ҳатта харакатлари орқали намоён бўлади. Эстетик дид воқеа ва ходисаларнинг эстетик сифатларини инсон томонидан идрок қилмоқ ва баҳоламоқ жараёнида олинадиган қониқиш ёки қониқмаслик туйғуси орқали ифода топади. Эстетик онг билан бадиий онгни тенглаштириб бўлмаганидек, эстетик дид билан бадиий дидни ҳам тенглаштириб бўлмайди. Эстетик дид мавзуси, эстетик қайта ишланган ва ижодкорнинг орзулари, дид фаросати, интилишлари даражасида ўзгартирилган нарсалар эса бадиий дид мавзусидир. Бадиий дид фикр – мулохазалари, эстетик дид фикр – мулохазаларидан фарқ қилади. Эстетик дид зиддиятли, у ўзида бевосита ва билвосита ҳиссий ва ақлий, якка одам ва жамият эстетик дидлари қарама-қаршиликлари бирлигини мужассамлаштиради. Эстетик диднинг мана шундай зиддиятли хусусияти ўз вақтида, Кант каби тадқиқотчиларнинг эътиборини тортган эди. Кант назарида дид–якка одамга хос бўлган туғма қобилият, дид шу қадар якка ҳодисадирки, уни ҳеч қандай далиллар билан инкор этиб бўлмайди. Бундан: «дид тўғрисида баҳслашмайдилар» деган хулоса келиб чиқади. Кант фикрича, лаззатланиш объекти ҳисобланган нафосат ҳамма учун бир хил аҳамиятлидир. Лаззатланиш муаян шахснинг ўзигагина эмас, балки ҳаммага ёқади. Даъфатан инсон ўзига ёқан нарсаларни бошқаларга ҳам ёқади деб ўйлайди. Демак, дидлар учун умумий ҳисобланадиган томонлар ҳам бор. Шу боис дид тўғрисида баҳслаш асослидир. Кант иккала мулоҳазани ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам тўғри, ҳам келиштириб бўлмайдиган зиддият (антиномия) сифатида таърифлайди. Эстетик дид масаласига шахсий ва ижтимоий, якка одам ва кўпчилик объект ва субъект мутаносиблиги нуқтаи назаридан баҳо берганда Кант қарашлари аҳамият касб этади. Зеро, якка одам ва жамият бир бутундир. Инсон ўзлигини жамиятда намоён қилади, жамиятда амал қилади, жамиятда ўз ўрнини топади. Якка одам ўз моҳияти жиҳатидан биологик ва мавжудотдир. Жамият якка одамлардан ташкил топади. Жамият одамларнинг миқдор йиғиндисингина англатмайди, балки унда муайян шахс эстетик дид намояндаси сифатида қарор топади. Одамларнинг дидларида, қандайдир умумийлик бўлсада, улар якка тарзда намоён бўлади. Шахснинг эстетик диди умумийликнинг жузъий ҳолда акс этиши жараёнидир.
Эстетик идеал - воқеликдаги ва санъатдаги нафосатнинг мукаммаллигига доир тасаввурлар мажмуидир. У миллий характерга эга бўлади. У эстетик бахода қатнашади. Инсоннинг ёшига қараб туриб унинг идеаллари ҳам ўзгариши мумкин.
Эстетик завқ - воқеликдаги ва санъатдаги нафосатдан олинган кучли ички туйғулар мажмуидир. Эстетик завқ ижобий мазмунга эга бўлади. Улуғворлик, олийжаноблик фазилатлардан олинади.
Эстетик идрок - воқеликдаги ва санъатдаги нафосатдар ходисани яхлитлигича, бир бутунлигича акс этилишидир. Гўзалликни идрок этиш жараёнида содир бўладиган ўзаро харакатлар эстетик муносабат замидир. Эстетик муносабат тизимида эстетик объект фақат идрок қилиш шакли сифатида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |