Эстетик тасаввурлар – эстетик билишнинг шундай кўринишларидан биридирки бунда воқеликдаги ва санъатдаги нафосатдор муносабатлар инсон томонидан аввал қабул қилиниб, кейин инсон онгида қайта гавдаланишидир. Бунга мисол қилиб воқеликдаги ва санъатдаги кўрган ходиса, воқеа, кинодаги сюжет, китобдаги холат ва бошқалар бошқатдан қайта гавдаланишидир.
Эстетик баҳо - воқеликдаги ва санъатдаги нафосатнинг моҳияти тўғрисида ўзига хос эмоционал конкрет фикр юритиш махсулидир. Бунга мисол қилиб аския санъати, кино ва бадиий асарларга берилган бахоларни келтириш мумкин.
3. Хар бир фаннинг ўз катигориялар тизими мавжуд. Эстетика фанининг ҳам ўз катигориялари мавжуд бўлиб, воқеликдаги ва санъатдаги, бадиий адабиётдаги умумий яъни нафосатдор муносабатларни акс эттиради. Эстетика катигориялари воқеликка нисбатан инсоннинг эстетик муносабат ривожини акс эттиради. Эстетика катигориялари халқ ва миллатнинг тарихи билан боғлиқ бўлади.
Гўзаллик – эстетиканинг асосий катигориясидир. Гўзаллик- эстетиканинг асосий тушунчаси. Зеро, гўзаллик - нафосат оламининг мағзи, бош хоссаси, моҳияти, асосини ташкил қилади. Шунинг учун бўлса керак, эстетика, эстетика, гўзаллик фалсафаси тарзида ҳам талқин этиб келинади.
Гўзаллик муаммосига мурожаат этган барча мутафаккирлар гўзаллик ҳақида фикр юритиб ва уни тадқиқ қилиш ниҳоят даражада машаққатли масала эканлигини доимо таъкидлайди. Мазкур қийинчилик, биринчи навбатда, гўзаллик тушунчасининг ўзаро ҳеч бир умумийлиги бўлмаган турли-туман ҳодисаларнинг кенг доирасига тааллуқлилиги билан боғлиқдир.
Гўзал бўлган, яъни бизда ижобий туйғу қўзғатган нарсани кўрсатиб бериш нисбатан анча осон. Лекин нима учун мазкур нарса гўзал эканлигини тушунтириб бериш анча мушкул. Худди шу тарзда гўзаллик муаммосига фалсафий ёндошиш тарихан шаклланган.
Гўзаллик бу воқелик (табиат, жамият, санъат) ҳодисаси бўлиб, аниқ ҳиссий таъсир ўтказиш орқали инсонда жисмоний ва маънавий кучлар оқимининг кўпайишига, шодлик, завқланиш, тўла маънавий қониқиш ҳолати вужудга келишига имкон яратади. Гўзаллик доимо фойдалидир, лекин бу фойдалилик жамият тараққиёти учун хизмат қилишга мўлжалланган бўлади. Ва ниҳоят, гўзаллик, Шиллернинг ўринли ибораси билан айтганда, инсон озодлигининг рамзи сифатида ифода топади. Мустақил Республикамизда эркин маънавиятли шахс тарбияси муҳим вазифага айланган тарихий бир шароитда алоҳида аҳамият касб этади. Гўзаллик чексиз хилма-хилликка эга бўлади. Табиатдаги гўзаллик ижтимоий ҳаёт гўзаллигидан, фойдали амалий фаолиятидаги гўзаллик бадиий ижоддаги гўзалликдан фарқ қилади. Лекин гўзаллик қанчалик ўзининг ранго-ранглиги билан ажралиб турмасин, уларнинг барчаси қандайдир умумий туб белгиларга эга бўлиб, мана шу умумий туб белгилар туфайли уларнинг барчасини махсус илмий-фалсафий истилоҳ-гўзаллик тушунчаси орқали талқин этиш имконияти мавжуд.
Инсон ҳамма ерда ва ҳар қандай даражада мавжуд табиий ҳамоҳанглик билан тўқнашар экан, у албатта табиатнинг гўзаллигидан завқ-шавқ олади, онгли ёки англамаган ҳолда севинади, маънавий бойлик орттиради. Ижтимоий орзуга мувофиқ келиш табиатда инсондаги гўзалликдан заифроқ кўринади, аммо бу ерда ҳам ўша қонуният амал қилади. Инсон табиатдаги у ёки бу давр, у ёки бу ижтимоий гуруҳ ижтимоий орзусига мувофиқ келадиган ҳодисаларни гўзаллик сифатида баҳолайди. Ҳамма вақт табиатга эстетик муносабат ва табиатни эстетик ўзлаштириш уни «инсонийлаштириш», табиат ҳодисаларига инсон талаб-эҳтиёжларини, мақсад-орзуларини тадбиқ этиш билан боғланиб кетган. Шу муносабат билан бу ерда атоқли ёзувчиларни табиат манзаралари тасвирини ранго-ранг бўёқларда инсон қиёфаси, орзу-умидлари, интилишлари билан узвий-бадиий боғлаб ифодалашларини эслатиб ўтиш ўринлидир. (Ойбекнинг «Навоий» романи бошланиши, Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидаги Отабекнинг Марғилонга бориб келиши бадиий тасвири шулар жумласидандир).
Инсонда табиатга қандай муносабатда бўлиш туйғуси бирданига пайдо бўлмаган, албатта, у секин-аста, инсон зоти ва табиати ривожланиб боргани сари шаклланиб борган, ибтидоий санъат манзарали тасвирларни билмаган, табиат ҳодисаларининг гўзал ёки ҳунук эканлигини баҳоламаган, қадимги овчи-мусаввир ўз диққат эътиборини асосан тирикчилик манбаи бўлган нарсалар, воқеа ҳодисаларга қаратган эди. (Омон-Қўтон, Панжикент ва бошқа қоя расмларни эсланг). Ўша пайтларда инсон фаолиятининг асосий тури бўлган овчилик ўрнига у ёки у билан ёнма-ён деҳқончиликнинг пайдо бўлиши билан, яъни инсон атрофидаги табиатни ўзлаштира бошлаши билан табиат бошқача ижтимоий орзу мезонлари билан баҳоланади, ўлчанади, инсон учун табиатнинг гўзаллик ва хунук томонлари аён бўла бошлайди. Инсон куч-қудратига нисбатан табиат кучларининг қудратлилиги табиатни эстетик ўзлаштиришнинг дастлабки босқичини белгилаб берди. Биринчи пайтларда у ўзида гўзаллик ва фойдалилик томонлариниг тенг-баробар бўлишини ўзида ифодалади. Одамлар қурғоқчиликка қарши машаққатли кураш олиб борган даврларда ер юзида сув билан боғлиқ бўлган ҳамма нарса гўзаллик касб этади. Йил давомида кўпчилик кунлар ёғингарчилик билан ўтган ерларда қуёш энг гўзал ҳодиса сифатида қабул қилинди. Табиатдаги гўзалликка манфаат нуқтаи назаридан ёндошиш, одамларнинг ҳозирги кунда ҳам асалари ва оддий ариларга бераётган баҳосидан қарама-қарши ҳис-туйғуларга кўринади. Бир вақтнинг ўзида улар иккаласи ҳам жон оғритиб чиқишларига қарамай, одамлар учун асаларида гўзаллик, оддий арилар ҳунуклик тасаввурлари билан боғлангандир.
Гўзалликни юксак даражадаги фойдалилик тарзида идрок этиш тушунарли, албатта. Лекин бундай қараш гўзалликнинг кўринишларидан фақат биттасини ўз ичига олади. Биз яшаб турган асрда инсоният улкан вайрон қилиш қудратига эга бўлган ишлаб чиқариш кучларига ҳам эга бўлиб қолди. Шу нарса аниқ-равшан бўлиб бормоқдаки, табиатга фақат моддий манфаатдорлик нуқтаи назаридан муносабатда бўлиш бутунлай истиқболсиздир. Инсоният ҳозир табиатни, атроф-муҳитни ҳимоя қилиб, ундан оқил тарзда фойдаланиб, айни вақтда, табиий ҳамоҳанглик сирлари ичига янада чуқур кириб бориб, ўзига унинг янгидан-янги мўжизаларини очмоқда, ундан таълим-сабоқлари олмоқда. Инсоният табиат устидан қозонган ғалабаларини мутлақлаштириб мақтаниш тобора табиат билан бирга ўзаро алоқадорликда, иттифоқда бўлиш томон интилмоқда. Бу ҳолатни Чингиз Айтматов ўзининг машҳур «Кунда» «Плаха» романида жуда ишончли тарзда бадиий бўёқларда ифодалай олганлар.
Санъатдаги гўзаллик-эса ҳаётдаги гўзаллик инъикоси бўлиб, унинг битмас-туганмас манбаи-воқеликдир. Гўзаллик яратувчи ижодкорлардан бири айтаганидек, ижодкорнинг бошқа одамлардан фарқи шундаки, у бошқалар фаҳмлай олмаган гўзалликни ҳамма ерда кўра билиш қобилиятига эгадир.
Табиатга, инсонга, инсоний муносабатларга кўпинча биз санъатнинг буюк ижодкорлари кўзи билан қарашга ўрганиб қолганмиз. Бизни ҳайратга соладиган, ажойиб табиат ҳодисалари билан тўқнашганимизда беихтиёр: «Қандай гўзал, Худди Ван Гогдагидек-а Левитандагидек, Рембрантдагидек, Гойядагидек ва ҳ. » деб хитоб қиламиз. Бундай ҳайратли ҳолатга келиш тасодифий эмас, чунки Ван Гог, Левитан, Рембрант, Гойя ва б. Ўзлари яшаб инъикос этган табиатни, унинг бағридаги одамлар ва ҳайвонларни умумлаштирилган, рамзий шакллардаги объектив гўзалликларини очиб намойиш қилганлар ва уларни идрок этиш билан боғлиқ кўпчиликка хос кечинмаларни ифода этганлар.
Санъат ҳаётнинг беқиёс бойлигини ва хилма-хиллигини, гўзаллик ва ҳунукликни, юксаклик ва пасткашликни акс эттириши ҳамда бу вазифасини аниқ эстетик орзу мавқеида турган ҳолда амалга ошириши лозимдир.
Санъатдаги гўзаллик кўп қиррали, кўп ўлчовли томонларга эга бўлиб, улар орасида эстетик орзу белгиловчи аҳамият касб этади. Санъат гўзал ва ҳунук ҳодисаларни акс эттириши мумкин. Лекин унинг ўзи ҳамма вақт ҳам гўзалдир, чунки у ўз таркибига ажралмас қисм сифатида эстетик орзу, яъни гўзалликнинг зарурий ҳоссасини сингдирган тасаввурни англатади.
Санъат ўзининг барча тараққиёт босқичларида эстетик орзу ўзгарувчанлигини, унинг ижтимоий ва миллий жиҳатларидан боғлиқлигини нозик ва сезгир ифодалаб берган. Санъатда қарор топган эстетик орзунинг асосий мазмунини инсон гўзаллиги ҳақидаги турли давр одамлари, миллатлар, ижтимоий гуруҳлар тушунчалари бўйича уни қандай қиёфада кўриш истаклари мавжудлиги тўғрисидаги тасаввурлар ташкил этади.
Кўп асрлар давомида санъат эстетик орзуни рўёбга чиқаришнинг икки асосий йўналишини ишлаб чиққан. Унинг биринчиси – эстетик орзуни ижобий қаҳрамон тимсолини яратиш орқали рўёбга чиқариш йўли йўли ташкил этади. Ижобий қаҳрамон-ижодкор эстетик орзусининг, у орқали жамиятнинг намояндасидир.
Илғор орзуларни уларга қарама-қарши ҳаёт ҳодисаларини тасвирлаш орқали қарор топтиришнинг иккинчи йўли биринчисидан кам бўлмагансамарали ва эстетик аҳамиятлидир. Буюк сўз усталаридан бири санъат орзу |идеал|даги одамларни эмас, балки ижодкорнинг ўзида орзу бўлишини тақозо этади, деб ҳақ гапни айтган эди. Шундай орзу бўлган тақдирда энг мудҳиш, ҳунук, пасткаш ҳаёт ҳодисаларни тасвирлаш ҳам санъат асарларининг ижобий эстетик қийматини тушуриб юбормайди.
Санъатда илғор эстетик орзунинг бўлиши санъат гўзаллиги билан боғлиқ зарурий, лекин ягона бўлмаган омилдир. Санъат гўзаллиги унинг ҳаққонийлигидан ажралмаган ҳолда қарор топади. Бадиий ҳақиқат сиз санъатда гўзаллик бўлиши мумкин эмас. Ҳақиқат ва гўзаллик бирлиги санъат тараққиётининг қонуниятларидан биридир. Мазкур қоидани нозик фаҳмлаш, ифода қилар экан, Шекспир ўзининг сонетларида бири: «Гўзаллик қимматли ҳақиқат билан якунланиб, юз чандон гўзаллик кашф этади»,- деб ёзган эди. Гўзалликни ҳаёт ҳақиқатидан ажратиб ташлашга ҳар қандай уриниш санъатга ҳалокатли таъсир қилиб, унинг фаол, ўзгарувчан аҳамиятини пасайтиради.
Санъатдаги гўзалликни ҳақли равишда шаклли ва мазмуний бирлиги билан боғлаб мушоҳада этадилар. Камолотга, гўзалликка интилиш кўп жиҳатлардан энг мувофиқ шаклини излаб топиш билан боғлиқ бўлиб, бу шакл яратилмиш нарсанинг мазмунига мос келишини тақозо этади. Гўзаллик қонунлари бўйича яратиш мутаносиб шакл излаб топишни ўз ичига олади.
Шаклнинг мазмунга мос келиши санъатдаги гўзалликнинг мезони эканлиги ҳақидаги қоидага баъзи бир аниқликлар киритишимиз бу ерда ўринлилир. Масала қандай мазмун ҳақида гап бораётганлигидадир. Ёлғон, зарарли, ғоявий бузуқ мазмун ўзига яраша ифода топади, лекин бунинг натижасида санъат асари гўзаллигининг мезонларидан бири бири сифатида қараш мумкин бўладики, агар гап ижтимоий аҳамиятли, ғоявий, илғор, ҳаёт ҳақиқатига эга мазмун ҳақида борса ҳамда унга мувофиқ, баркамол шаклда бу мазмун ифодаланса.
Юқорида баён қилинган фикр-мулоҳазалардан ҳулоса ясаб шуни айтиш мумкинки, санъатдаги гўзаллик, унинг камолот даражаси кўп томонли, мураккаб тизим бирлигини англатиб, унинг таркибий қисмлари сифатида тасвир объектининг гўзаллиги, эстетик орзунинг ҳаққонийлиги ва илғорлиги, воқеликни билишнинг ҳақиқий ва чуқур мазмундор эканлиги, бадиий маҳоратнинг юксаклиги намоён бўладилар. Мазкур омиллар орасида эстетик орзу ўзининг ҳаққонийлиги, демократиклиги, инсонийлиги билан белгиловчи, система ташкил этувчи аҳамиятга моликдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |