Кулгилилик. Инсонннинг дунё-воқеа-ҳодисаларига ўзига хос муносабатларидан бири-дунёга кулгили нигоҳ билан қарашдир. Бундай қарашни мавжуд воқелик ва унинг беўхшов томонлари тўлдиради.
Барча тадқиқотчилар бир овоздан кулгилилик категориясининг мураккаблиги ва уни тушунчалар системасини англаб, инъикос этиш жуда қийинлигидан нолийдилар ва огоҳлантирадилар. Масала шундаки, кулги қўзғайдиган ҳодисаларнинг бениҳоят кўплиги, энг муҳими, кулгилилик кўлами ҳамда чегарасининг ўта ҳаракатчан, қўнимсиз, ўзгарувчан бўлиши натижасида нима, қачин, қаерда, қандай шароитда кулги қўзғайдию, нима, қачон, қаерда, қандай шароитда кулгини тўхтатади ёки умуман гулгига олиб келмайди деган саволга бир мазмунда жавоб топиб бўлмайди. Кулгилилик таърифига, илмий тушунчасига нисбатан ишлаб чиқилган нуқтаи нажарлар, фикр-мулоҳазаларнинг ўта хилма-хиллиги, ранго-ранглиги шундан келиб чиққандир. Кулгилиликка нисбатан мавжуд бўлган қарашларнинг хилма-хиллиги, табиийки, нафақат нарса, ҳодиса билан боғланибгина қолмай, балки унинг ижтимоий алоқадорлиги, гўзаллик ва кулгилилик тушунчаларининг у ёки бу талқини билан боғланганлигидир.
Кулгилилик тушунчаси талқинининг ҳар бири одатдагидек ўзининг аниқ, оқил мағзига эга бўлади, кулгилиликка ҳақиқатда ҳам хос бўлган баъзи томонларини очиб беради, лекин шу билан бирга бир томонламалик касалига учраб, кулгилиликнинг қандайдир бир томонинни бўрттириб, ҳаддан ташқари ошириб юборадида кейин уни кулгилиликнинг мутлоққоидасига айлантиришади.
Кулгилилилк бошқа эстетик ҳодисалар снгари фақат объектив томонга эга бўлмай, субъектив томонларни ҳам ўзида бирлаштиради. Кулгилиликнинг субъектив томони-кенг маънодаги ҳазил (юмор) туйғусидир. (Мольер ҳазил туйғусини инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган хусусияти деб атаган эди.) Кулгилиликнинг субъектив томони бўлган ҳазил туйғуси шахснинг табиий ва эркин, бевосита идрок этиш натижасида хилма-хил кулгили беўхшовликларни кўриб, англаб, уларга кулги билан жавоб бериш қобилияти ифодасидир. Ҳазил туйғуси жуда мураккаб ақлий туйғу бўлиб, унда шахс ўзининг бутун борлиғи билан намоён бўлади, унинг ҳис-туйғу ва ақл маданияти, орзу-умидлари матни ва табиати намойиш этилади. Халқ орасида кенг тарқалган: «Дўстларинг кимлигини менга айтсанг, сенинг кимлигингни мен айтиб бераман» нақлига қиёс қилиб, бу ерда биз ҳам: «Нима ҳақда кулаётганингни менга айтсанг, сенинг кимлигингни мен айтаман» дейишимиз мумкин бўлар эди.
Кулги у ёки бу даражада ўз манбаи ва ўз намоёндаси билан бирга яхлит бирликни ташкил этади. Инсоннинг турли сабаларга кўра кулгиси қистайди. Масалан, тўйимли ва мазали овқатланишдан роҳатланиб куладиган одамлар ҳам учрайди: чунки бундай одамлар учун кулги ҳаётни соф физиологик-жисмоний идрок этиш ифодаси бўлиб хизмат қилади. Бевосита кулгилилик билан боғлиқ бўлган кулги масаласига шуни айтишимиз керакки, у бирор бир ҳодисанинг, биринчи навбатда, инсоннинг ташқи кўриниши билан унинг асл моҳияти ўртасидаги номувофиқлик зиддияти, бошқача айтганда, амалдаги воқелик билан юксак эстетик орзуларга мос келиши керак бўлган воқелик ўртасидаги муҳим тафовутлар, беўхшовликлар, келишмовчиликларни табиий англаш натижасида вужудга келади.
Баъзи-бир одамлар ўзининг пасткаш, жоҳил, лоқайд, худбин моҳиятини ташқи виқор, олифталик, такаббурлик билан «безаб» кўрсатмоқчи бўлади. Бундай одамларни учратганда ҳам кулиш, ҳам қувониш мумкин. Кулишимиз манбаи бўлиб бу одамлаги моҳият билан кўриниш ўртасидаги беўхшовлик бўлса, қувонишимиз сабаби мазкур ҳақиқатни англашимиздан, ҳақиқатни ёлғондан ажратиш қобилиятимиз мавжудлигини келиб чиқади. Бу нисбатнинг яна бир (ўзига хос кулгили) томони шундаки, бизнинг қувончимизга «соғлом» худбинлик ҳисси ҳам қўшилиб кетиши мумкин, чунки биз мазкур одамнинг асл моҳиятини англаш қобилиятимиз билан маънавий-инсоний жиҳатдан у одамдан юқори туриш ўйига ҳам келишимиз бизга ёқади. Кулги шу тариқа инсонни руҳан кўтаради, унга инсоний ғурур туйғуси бағишлайди. Қўрқув билан кулги бир-бирига ўта қарама-қарши тушунчалар бўлиб, агар инсон ярамас ва ҳунук ҳодисалар устидан кулишга ўрганиб олса, у бу иллатлардан қўрқишни тарк этади ва улар билан курашга бел боғлайди.
Кулги ўз табиати жиҳатидан демократик мазмунга эга бўлиб, барча одамларни бир-бирига қовуштириб бараварлаштиради, чунки кулишаётган одамлар ўзаро тенглашадилар. Кулги эскилик билан курашнинг омилкор воситасигина бўлиб қолмай, балки инсоннинг куч-қудрати ва озодлиги тимсоли ҳамдир. Кулги беқиёс ранго-ранглик, хилма-хил қирраларга эга бўлиб, майин, рағбатлантирувчи, ҳушфеъл ҳазил туйғусидан тортиб, то аёвсиз аччиқ истеҳзогача бўлган кенг доирада амал қилади.
Кулгилилик ўзининг барча хилма-хил кўринишлари бойлиги билан санъатнинг меъморчиликдан бошқа деярли ҳамма турларида намоён бўлади, лекин ўзининг энг тўла бўлган эстетик ифодасини комедияда топади.
Комедия мавзуини ҳаётдаги ва инсондаги беўхшовликлар, номутаносибликдан олади. Кулгилиликнинг намоён бўлиш шакллари хилма-хиллиги уларнинг санъатда хилма-хил тарзда акс этишларини келтириб чиқаради. Комедия асарлари турларининг хилма-хиллиги, ранго-ранглиги мана шундан келиб чиқади.
Комедия билан кулги эгизаклардек бир-биридан ажрамайдиган тушунчалардир. Кулги комедияда тасвирланаётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини очиб беришнинг ҳал қилувчи воситаси, тасвирланаётган объектга нисбатан эстетик баҳолашнинг ва муаллиф муносабати ифодасининг асосий шакли бўлиб хизмат қилади. Комедия санъатида кулгини асосий эстетик восита қилиб ишга солиш унинг ижтимоий аҳамиятлилигини пасайтирмайди, чунки кулги дунёнинг баркамол эмаслигини таъкидлаб қолмасдан, балки уни қайта қуриб янгилашни ҳам кўзда тутади.
Кулгининғ комедияда ўйнайдиган махсус роли кўп жиҳатлардан унинг ўзига хос ижтимоий бурч-вазифаларида ифода топади. Комедия, биринчи навбатда, бадиий танқид ва ўз-ўзини танқид қилишнинг ўзига хос шаклидир. Комедияларнинг асосан танқидий йўналганлигини кўпинча ўта соддалаштириб, комедия ёмон ҳулқ, ёмон одам, ёмон ҳодисаларни тўғридан-тўғри, бевосита тузатишга, яхшилашга олиб келади деб тушунадилар ва тушунтирадилар.
Объектив кулгилилик кулги қуроли бевосита ўзларига қарши қаратилган одамларга, улар фаҳм-фаросатига етиб бормаслиги ҳақида гапирганида Лессинг ҳақ фикрни айтгани шубҳасиздир. Комедиянинг бош вазифаси утилитар-маиший моҳияти эмас, балки эстетик йўналишдадир, яъни комедия ахлоқ-одобдан сабоқ бериб қолмай, ҳаётдаги кулгулиликни илғаб олишдаги қобилятини ўстиради, одамларда ҳазил туйғуси каби қимматбаҳо фазилатни ҳам ривожлантиради.
Комедия асарларининг буюк ижодкорлари эстетик баҳоларининг аниқлиги ва тўғрилиги билан ажралиб турадилар. Улар ҳеч маҳал аччиқ, савағич, истеҳзоли кулгини фақат майин ҳазил ва мурувватли табассумга лойиқ ҳодисаларга нисбатан ишлатмаганлар ва аксинча, аёвсиз кескин қораланиши лозим бўлган ҳодисаларни тасвирлаётганларида майин ҳазил ва мурувватли табассумдан бутунлай юз ўгирганлар.
Кулгилининг бадиий шакллари орасида масҳара (сатира) алоҳида ўринга эга. Умумэстетик маънода масҳара воқеликни бадиий тасвирлаш тури бўлиб, унда ҳаётнинг салбий ҳодисалари устидан кулиш-бундай ҳодисалар асосида юксак инсоннинг орзуларига зид эканлигини бўрттириб кўрсатиш мақсади ётади. Масҳара санъати ҳар хил кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Унга лирика ҳам,эпос ҳам, драма ҳам ёт эмас. Шунинг билан бирга ифода кучининг ўзига хос мақсадлари ва воситалари билан фарқланадиган санъатнинг ўзига хос алоҳида турини ташкил қилади.
Масҳара марказида доим ҳаётнинг салбий воқеа-ҳодисалари жойлашган бўлиб, бутун фош қилиш кучи уларга қарши қаратилган бўлади. Шунинг учун комедия санъатига хос танқидийлик йўналганлик масҳарада энг тўла ва энг аниқ ифода топади. Масҳарага асосан кулги фош қилади, лекин у бу ерда қаҳр-ғазабдан ажралмаган ҳолда намоён бўлади.
Масҳара энг ҳажмли комедия турларидандир. Атоқли санъаткорлар Петроний, Ювенал, Свифт, Гоголь, Сольтиков-Шгедрин, Булгаков ва бошқаларнинг асарларида масҳара умумбашарий муаммоларни кўтариш даражасига чиқади ва бу томондан фожиа билан яқинлашади. Ўз мақсадига эришиш йўлида у воқеликни англашнинг барча эстетик шаклларидан фойдаланди ва биринчи навбатда, кулгилининг барча туслари-зардали ҳазил туйғуси, аччиқ киноя, нозик ҳазил туйуси кабилан ишга солинади. Масҳара енгиллик, ўткир фикрлилик ва ҳазилдан истисно бўлмай, улар билан қўшилиб кетган ҳолда фош қилиш бурчини оғишмай амалга ошираверади.
Масҳара бадиий умумлаштиришнинг алоҳида тури сифатида мумкин қадар кенг мушоҳадаларга этилади. Шу боисдан масҳара объекти бўлган кимсалар гоҳида йирик рамзий умумлашмалар даражасига кўтарилади. Бекорга биз гап орасида Тартюф, Қори Ишкамба, Хлестаков, Иудушкалар номини қистириб ўтмаймиз, чунки бу ҳолларда устида гап бораётган одамнинг уларга ўхшаган хислатлари борлигига ишора қилиб, узоқ вақт ижтимоий ҳаётда ўз мавқеини сақлашга қодир бўлган табақалар қиёфаларини масхараомуз умумлаштиришга уринган бўламиз.
Масхара мазмунининг хусусияти унинг муболаға (гипербола) ва ғаройибот ҳажви (гротеск) каби кескин бўрттириш воситаларидан келиб чиқади.
Бугунги кунда масхара керак бўлмай қолди ёки у ўзининг аёвсиз, муросасиз, ўткир айбловчи, фош қилувчи йўналишидан «майин масхара», «юмшоқ масхара», «мурувватли масхара» йўналишига ўтиб амал қилаверсин деган фикр-мулоҳазалар кенг тарқалгандир. Лекин масхара ўткирлиги ва аёвсизлиги улоқтириб ташланса, унда унинг жони ҳам бирга чиқиб кетади ҳамда унинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолади.Жамият ривожланиб бориши жараёнида масхара кулгисининг объекти билан бирга унинг субъекти ҳам ўзгариб боради. Ҳозирги даврда умуминсоний мақсад-манфаатларнинг устиворлиги умуминсоний қадриятлар воситасида жаҳон халқлари ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган экан, инсониятнинг мана шу бош тараққиёт йўлини тўсадиган барча чирик, эскириб қолган, қотиб қолган нарсалар, воқеа-ҳодисалар, одамларнинг ўткир ва ҳаётчан масхара объекти бўлиб қолаверади десак, бу соҳада ижод қилаётган ёзувчи, мусаввир, драматург, шоирларга-масхара яратувчиларга ҳам эҳтиёж катта бўлади.
Кулгили санъат турлари ва хиллари орасида ҳазил туйғуси (юмор) ҳам алоҳида ўринга эга. Унинг иштирокисиз бирор-бир кулгилилик тури амал қила олмайди, у энг буюк қадрият сифатини ташкил этиб, унга мойиллик кўрсатган одамлар, одатда, барча улуғворлик, аҳлоқлилик, олижаноблилик ҳис-туйғуларининг нақадар буюк ва қадрли фазилатлар эканлигини ҳам чуқур анлайдилар. Ҳаёт икир-чикирлари, камчиликларини танқид қилаётган ижодкор ҳазил туйғусининг юксак сифат даражасида намоён бўлиши ҳамда шахс маънавий юксаклигининг кўрсаткичи деб инсоннинг нуқсонлар, кулгили томонларини фақат бошқалардагина эмас, балки ўзида ҳам топа билиш ва кўра билиш қобилиятини кўрсатади. Ҳазил туйғуси ўзида танқид билан ўз-ўзини танқидни узвий боғлайди. У воқеликка ҳиссий муносабатнинг алоҳида шакли сифатида масхарали комедия асарининг таркибий қисми ва ифода воситаси бурчини ҳам адо этиши мумкин.
Ҳазил туйғуси ва воқеликка масхарали муносабат-бу кулгилиликнинг ҳар хил шаклларидир. Лекин ҳазил ҳам ижтимоий-кулгили ҳаёт томонларини масхара кулгисидан кам бўлмаган даражада очиб беришга қодирдир. Фақат бунда ҳазил объекти ғазаблик қоралашдан кўра кўпроқ ачиниш, йўқ қилиб юборишдан кўра кўпроқ ёрдам кўрсатиш объектига айланади. Шекспир, Лопе де Вега, Чехов каби ёзувчиларнинг комедия асарларида ҳазил туйғуси масхара кулгисидан устун даражада ифодаланган, лекин шунга қарамай, уларнинг ҳазили ўткир кучга эга.
Комедияга инкор қилиш, танқид этиш орқали эзгулик, яхшиликни қарор топтиришда хизмат қилади. Арастунинг биз юқорида келтирган комедия энг тубан одамларни ўз тасвир объекти қилиб белгилаши ҳақидаги фикри тарихий чекланганлик табиатига эгадир. Қадимги юнонлар Арастунинг заҳарли, аччиқ масхаралари билан бир қаторда ўз матни марказида кулгили ниқоблар шовқин-суронлар билан ўраь олинган, ажойиб-ғаройиб ёш йигитчалар жойлашритилган Менандр комедияларини ҳам севиб томоша қилар эдилар.
Шекспир комедиялари ҳам кўпроқ ижобий қарор топтириш табиатига эга бўлиб, масхара уларда кўмакчи вазифаларини бажаради. Шекспир асарларида кулгилилик одамларнинг оддий табиий заифликлари-камчиликларини ниҳоят даражада муболаға қилиш орқали келтириб чиқарилган ҳис-туйғулари намунаси эди.
Шекспир кулгисининг ҳаётбахш руҳини халқ байрамлари, томошалари, йиғинларининг ўйин-кулги ҳукмрон бўлган хислатларидан илдиз отган ҳосила сифатида қарсак янглишмаган бўламиз, чунки унинг комедияларидаги ҳазил ва масхара уйғунлиги аслида асоратдан бўшатилган ижодий кучларнинг мавж уриш ўйинининг ифодасидир.
Шекспир комедияларининг марказида инсонни улуғлайдиган, табиий ва соғлом туйғу билан тўлган севги туради. Уларнинг кўпчилигидаги кулгилилик инсон табиатини бузадиган шартлилик, расм-одатлар устидан севги ғалабаси мавзуи асосига қурилгандир. Мана шу муносабат билан истиқлол йўлида амал қилаётган ўзбек комедия санъати учун Шекспир бадиий анъаналарининг аҳамияти беқиёсдир. Ҳақли равишда кулгининг фош этувчи ролини таъкидлар эканмиз, унинг кам аҳамиятли бўлмаган бошқа қирралари тарбияловчи кулги, кўнгилни юмшатадиган ва бўшатадиган кулги, ачиниш ва меҳр-шафқат кўрсатиш кулгиси, ҳаётбахш ва дўстона кулги кўринишлари мавжуд эканлигини унутмаслигимиз керак. Кулгилиликнинг барча шакллари улар қанчалик эркин намоён бўлиш имкониятларига эга бўлиб борсалар, шунчалик кўп аҳамият касб этадилар. Ривожланган ҳазил туйғуси, ҳаётнинг кулгили томонларини нозик илғаб олиш ва фаҳмлаш қобилияти ривожи борган сари шахснинг маънавий-руҳий соғломлиги ҳамда баркамоллиги кўрсаткичи бўлиб бораверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |