36. Масканларни қўриқловчи ёнғин хавфсизлиги қисмларидаги ёнғинни олдини олиш гуруҳининг вазифалари /1/
Объектларни муҳофаза қилаётган ёнғин хавфсизлиги қисми катта муҳандиси, катта инспектори, муҳандиси, инспектори ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғига бўйсунади. Инспекторлар таркиби ёнғинни олдини олишга, меъёр-техник экспертизага, ёнғинга қарши ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боришга ҳамда ўзларига бўйсунувчи шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий ҳолатига, уларни тарбиялашга ва интизомига жавобгардирлар.
Катта муҳандис, катта инспектор, муҳандис, инспектор, кичик инспектор:
-объектнинг технологик жараёнини, объектнинг ёнғинга қарши ҳолатини билиши;
-цехларда, устахоналарда ва шу каби жойларда қурилиш меъёрлари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва бошқа асосий ҳужжатлар талабларини, шунингдек давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ёзма кўрсатма ва фармойишларида, ёнғин техник ҳайъати актларида таклиф қилинган ёнғинга қарши чора-тадбирларни бажарилишини назорат қилиши;
-объектнинг ёнғин хавфсизлиги, ёнғин ўчириш қурилмаларининг ҳолати ва бошқа ўзгаришлар ҳамда кўрилган чора-тадбирлар ҳақида ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғига ахборот бериши;
-ишлаб чиқариш қурилмалари ва бошқа технологик тизимларнинг режа бўйича таъмирланишини, уларда ёнғин чиқиш хавфини камайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ва бажарилишини назорат қилиши;
-пайвандлаш ва оловли ишларни ҳамда ёнғин чиқиш хавфи бўлган бошқа ишларни доимий назорат қилиши;
-бириктирилган объектда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва ёнғиндан ҳимоялаш қурилмалари мавжудлигини ва объект маъмуриятидан уларни соз ва доимий жанговар ҳолатда бўлишини талаб қилиши ҳамда уларнинг ишга яроқлилигини текшириши;
-аниқланган камчиликлар бўйича ёзма таклифномалар тузиши ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўллаши, объектнинг ёнғинга қарши ҳолатини таъминлашда раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириши;
-бириктирилган ҳудудда ёнғин хавфсизлиги ҳолатини назорат қилиши, тунги вақтларда ва дам олиш кунларида қўшимча текширишларни ташкил қилиши;
-цехлар, қурилмалар, лабораториялар, омборлар маъмурияти билан биргаликда ишчи ва хизматчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўргатиши, кўнгилли ёнғин ўчириш дружиналари билан ҳамкорликда иш юритиши;
-ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ёнғин-техник ҳайъати ва жамоатчилик ташкилотлари мажлисларида кўриб чиқиш учун кун тартибига киритиши;
-мутахассислиги бўйича маълум йўналишда олиб борилаётган ёнғиннинг олдини олиш ишларини умумлаштириши ва таҳлил қилиши лозим.
Кичик инспектор ҳудуд бўйича бириктирилган инспекторга, агарда у бўлмаса смена бошлиғига бўйсунади.
Кичик инспектор ўзига бириктирилган секторда:
-ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича буйруқ ва йўриқномаларни, қоидаларни, меъёрий ҳужжатлар талабларини, ишлаб чиқариш технологик жараёнининг ёнғин хавфини, секторнинг ёнғинга қарши ҳолатини, алоқа ва ёнғин ўчириш воситалари ҳолатини, шунингдек кўнгилли ёнғин ўчириш дружиналари таркибини билиши;
-белгиланган рўйхат бўйича ёнғин хавфи юқори бўлган цехларни, лабораторияларни ва омборларни қабул қилишдан олдин, уларнинг ёнғинга қарши ҳолатини текшириб чиқиши;
-пайвандлаш ва оловли ишлар олиб бориладиган жойларни билиши ва уларни бажаришда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини назорат қилиши;
-ёнғин ўчириш воситалари борлигини ва автоматик қурилмалар ҳолатини билиши, уларнинг ишга яроқлилигини текшириши;
-ишчи ва хизматчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, ёнғин ўчириш ва алоқа воситаларидан фойдаланиш тартибини ўргатиши;
-кўнгилли ёнғин ўчириш жамоалари аъзолари билан доимо алоқада бўлиши, уларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказиши;
-объект маъмурияти ва қисм раҳбарияти эътиборига ёнғин хавфсизлиги талабларини бузувчи шахсларни жавобгарликка тортиш масалаларини қўйиши;
-ўзига бириктирилган секторнинг ёнғинга қарши ҳолати, сув тармоқлари, алоқа воситалари, ёнғин ўчириш автоматик қурилмаларидаги ўзгаришлар ҳақида инспекторга ҳамда катта инспекторга ахборот бериши лозим.
Хизмат вақтида инспекторлар таркибига ўзларига бириктирилган ҳудуд ва секторда қуйидагилар тақиқланади:
-ҳудудни, секторни назоратсиз қолдириб кетиш;
-хизмат бурчига кирмайдиган ишлар билан машғул бўлиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |