Материалларнинг ўз-ўзидан алангаланганлиги тусмолини текшириш учун асосий саволлар ва белгилар (аломатлар) / 2; 6; 7/
Материалларнинг ўз-ўзидан алангаланганлиги тусмолини текшириш учун асосий саволлар ва белгилар (аломатлар) қуйидагилардан иборат:
1) ёнғин ўчоғи жойлашган жойда қанақа материаллар мавжуд эди, унинг миқдори ва муддати;
2) ёнғин ўчоғида иссиқликнинг аккумуляциаланиши учун мавжуд шарт-шароитлар (материалнинг оғирлиги), атроф-муҳитнинг ҳарорати;
3) ёнғин бўлган жой (хона) қанча вақт давомида қаровсиз қолдирилган;
4) ёнғин пайқалгунга қадар ўз-ўзидан алангаланишнинг ўзига хос аломатлари бўлганлиги (ўз-ўзидан алангаланган материалнинг термик парчаланиши маҳсулотларининг ҳиди, тутун аломатлари ва шу кабилар), улар қачон, ким томонидан ва айнан қайси жойда сезилган;
5) ўчоқ талафотининг хусусиятлари, материалнинг таркибий қисмларидаги чуқур ўйилишларнинг мавжудлиги ёки унинг йўқлиги, ёнғин ўчоғи билан алоқада бўлган конструкцияларнинг ёнган жойлари ёки қизиб кетган қисмларининг мавжудлиги;
6) ушбу объектда илгари ҳам ўз-ўзидан алангаланиш ҳолатлари рўй берилганлиги ёки худди шундай материалларнинг бошқа объектларда ўз-ўзидан алангаланганлиги ҳолатлари;
7) олиб қўйилган ашёвий далилларнинг ўз-ўзидан алангаланишга мойиллигини текшириш устидан олиб борилган тадқиқот натижалари;
8) тегишли материалларни қадоқлаш (ўраш), ташиш, сақлаш қоидалари бўйича давлат стандартлари, қоидалар, йўриқномалар ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг мавжудлиги. Ушбу ҳолатда бу ҳужжатларнинг талабларига қайси даражада риоя этилганлиги аниқланади.
Қуёш нурларининг фокусланиши натижасида ёнғин чиқиши эҳтимолини кўриб чиқиш шарт-шароитлари / 2; 7/
Қуёш нурларининг фокусланиши натижасида ёнғин чиқиши эҳтимолини кўриб чиқиш учун қуйидаги шарт-шароитлар бўлиши зарур:
1) қуёш нурларининг мавжудлиги; шу нарсани ҳам эътиборга олиш зарурки, ҳатто кам булутли ҳаво ҳам, атмосферанинг чангланганлиги ҳам ердаги қуёш радиациясини бирдан камайтириб юборади. Деразалардаги тоза ойналар хонадаги радиация миқдорини сезиларли даражада камайтиради, чанг ойналар эса – кўпайтиради. Энг кўп радиацияланиш ҳолатлари йилнинг баҳорги-ёзги ойларида куннинг биринчи ярмида кузатилади. Ушбу сабабдан содир бўлган ёнғинларнинг асосий қисми ҳам шу пайтга тўғри келади.
2) қуёш нурларини бир нуқтада тўплай оладиган предметнинг мавжудлиги (ичида рангсиз суюқлик солинган шиша идиш, телевизор линзаси ва шу кабилар);
3) фокусланган қуёш нурларидан алангаланадиган материалларнинг мавжудлиги;
4) фокусланган қуёш нурларининг тегишли материаллар устига тушиши учун қуёш ва фокусловчи предметнинг ўзаро жойлашуви ҳолати.
Do'stlaringiz bilan baham: |