Тергов-тезкор гуруҳи (ТТГ) аъзоларининг ёнғин ҳақида хабар олгандаги ҳаракатлари /2/
Катта ёнғинлар, ўт қўйиб юбориш орқасида содир этилган оғир оқибатларга олиб келган ёнғинлар ҳақида ДЁН органи мансабдор шахси тезкор гуруҳнинг етиб келишини таъминлаш мақсадида дарҳол туман ички ишлар бўлими ва прокурорини хабардор қилиши лозим.
Тезкор гуруҳнинг етиб келиши билан ДЁН ходими мутахассис сифатида уларга «Ёнғин бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси»ни тузишда ва маълумотлар йиғишда ёрдам беради.
Ёнғин сабабини ва айбдорларни топиш мақсадида ДЁН ходими дастлабки тергов ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида корхона ёнғин хавфсизлигини тавсифловчи ҳужжатларни ўрганади ва гувоҳлардан бирламчи ўт-ўчириш воситаларининг, ёнғин автоматик даракчиларининг, сув таъминотининг кўнгилли ўт-ўчириш жамоат ташкилотларнинг корхонада бор-йўқлигини ва ёнғингача бўлган бошқа ҳолатларни сўроқ қилиш йўли билан аниқлайди.
Амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигига асосан (ЖПКнинг 38, 339-моддалари) ёнғин бўлиб ўтган жойни кўздан кечиришни ўтказган ДЁН ходими (суриштурувчи) жиноят аломатлари бор бўлган тақдирда, агар жиноят жойида терговчи бўлмаса, жиноят ишини қўзғатиб, уни ўз иш юритувига қабул қилади ва жиноят изларини топиш, уларни қайд қилиш учун барча тезкор қидирув ишларини амалга оширади (ёнғин бўлиб ўтган жойини кўздан кечириш, тинтув қилиш, олиб қўйиш, гувоҳлантириш, ушлаб туриш ҳамда жабрланувчи, гyвoҳ, ва гумон қилинувчиларни сўроқ қилиш ва бошқалар).
Аниқланган жиноят ва шу иш юзасидан бошланган суриштирув бўйича суриштирув органи дарҳол прокурорни хабардор қилади (қўзғатилган қарорнинг нусхасини жўнатиш йўли билан).
ДЁН ходими (суриштурувчи) ёнғин ҳақидаги хабарни олиши биланоқ ҳодиса бўлган жойга керакли илмий-техник воситалар билан дарҳол етиб келиши шарт. Ёнғин бўлган жойни кўздан кечиришда мутахассисларни (криминалист, электрик, химик, технолог ва бошқалар) жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шуни эсда тутиш керакки, суриштирувчининг (терговчининг) ўз вақтида ҳодиса жойига етиб бориши кўздан кечиришнинг самаралигини, ёнғин бўлган жойдаги ҳолатнинг, ашёвий далиллар ва изларнинг сақланишини таъминлайди, негаки уларгина ёнғин келиб чиқиш сабабларининг аниқланишини таъминлаб берадиган асосий шартлардир. Ёнғин бўлган жойни (ўчоғини) аниқламасдан туриб, ёнғин сабабини аниқлаш жуда қийин, айрим ҳолларда умуман имкони ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам ёнғин бўлган жойни кўздан кечиришнинг катта амалий aҳaмияти бор.
Кўздан кечириш қатнашчиларининг таркиби ёнғиннинг оқибатига ва ҳолатига қараб аниқланади. Одатда қуйидагилар кўздан кечиришда қатнашишади: суриштирувчи (терговчи), мутахассислар (криминалист, электрик, химик, технолог ва бошқалар), тезкор жиноят қидирув инспектори, милиция участка инспектори, инспектор-кинолог ва холислар.
Do'stlaringiz bilan baham: |