51. Лойиҳаларни кўриб чиқиш усули /6/
Экспертиза қилиш чоғида лойиҳани кўриб чиқиш қуйидаги босқичларга бўлинади:
- лойиҳани кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш;
- лойиҳани кўриб чиқиш;
- экспертиза натижаларини расмийлаштириш (ёзма кўрсатма тузиш, қисқача маълумотнома тузиш ёки хат тайёрлаш, ДЁХХ аппарати раҳбарияти номига билдирги тайёрлаш ва лойиҳа ташкилотининг раҳбарига тақдим этиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш).
Лойиҳа ҳужжатларини дастлабки кўриб чиқиш пайтида қурилиши мўлжалланаётган ташкилот, муассаса ёки иншоотнинг тавсифи ҳам аниқланади. Текширилиши зарур бўлган масалалар аниқлаб олинади. Кейинчалик зарур адабиёт манбалари ва меъёрий ҳужжатлар танланади.
Лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва меъёрларининг талаблари бузилганлиги аниқланади, аниқланган камчиликларни қайд қилиш учун иш ёзувлари олиб борилади, тегишли меъёрий ҳужжатлардан кўчирмалар қилинади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун талаблар қўйилади.
Лойиҳаларни қуйидаги тартибда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ:
-бош режа ва қурилиш бош режаси;
-технологик қисми (ишлаб чиқариш технологияси, технологик жараёнларнинг автоматлаштирилганлиги);
-қурилиш қисми (меъморий-қурилиш ечимлари, ички режалаштириш, қутқарув йўллари, қурилиш конструкциялари, ёнғин хавфсизлиги тўсиқлари);
-сантехника қисми;
-электр-техник ва лойиҳанинг бошқа қисмлари.
Лойиҳанинг технологик қисмини экспертиза қилиш - технология жараёнининг ёнғин хавфини, ишлаб чиқаришнинг портлаш, портлаш-ёнғин ва ёнғин хавфи тоифаларини аниқлаш имконини беради.
Лойиҳанинг қурилиш қисмини экспертиза қилиш – бинонинг ҳақиқий ёнғинга чидамлилик (оловга бардошлик) даражасини ва бинонинг ҳажмий-режавий ечимларининг меъёрий ҳужжатларга мос келишини аниқлаш имконини беради. Бинонинг келажакдаги фаолияти йўналиши ва ишлаб чиқаришнинг ёнғин хавфи бўйича тоифасини аниқлагандан сўнг унинг керакли ёнғинга чидамлилик даражасини, неча қаватдан иборат бўлиши лозимлигини, ёнғинга қарши деворларнинг зарурлигини, қутқарув йўлларининг узунлигини ва қутқариш учун зарур бўлган максимал вақтни аниқлашади.
Бундан кейин исталган кетма-кетликда иситиш тизими, ҳавони шамоллатиш ва салқинлаштириш тизимлари, сув қувурлари ва канализация, электр-техник ускуналари кабиларнинг, лойиҳа ҳужжатлари кўриб чиқилади. Фақат лойиҳани экспертиза қилишнинг ўзи етарли эмас, негаки ишчи чизмаларни тайёрлаш жараёнида лойиҳа ташкилоти ўз ташаббуси билан, буюртмачининг ёки ҳужжатларни тасдиқловчи ташкилотнинг талабига кўра у ёки бу қарорларга ўзгартириш киритилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |