ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (24-мақола)
Гўзаллаштир! (15-қоида)
Динимиз садақа беришга тарғиб қилади, лекин садақа фақатгина моддиятдан иборат эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касални бориб кўришни, биродаримизга насиҳат қилишимизни ёхуд унга ширин сўз айтишимиз, салом беришимизни ҳам садақа деганлар.
Интернетнинг кўпроқ салбий жиҳатларини тилга олганимиздек, унинг ижобий томонлари ҳақида ҳам гапиришимиз мумкин. Мисол учун, беш юз обуначиси бор бир биродаримиз, доимий айтиладиган (икки ҳайит ва жума) табрикларидан ташқари, интернетда ширин сўз, насиҳат ва қайтариқлар борасида ҳам қанчалик фойдаланаётганини ёки фойдаланмаётганини сарҳисоб қилиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «ширин сўз садақадир», деб марҳамат қилганлар. Қуръони Карим ҳам Бақара сураси 83-оятда
وَقُولُوا۟ لِلنَّاسِ حُسْنًا
«одамларга яхши гаплар айтинг», деб буюради.
Мусулмонлар буни фақатгина байрам кечаларида, байрамларда қилишмоқда, лекин бу доим ёзилгани ва кўчириб жўнатилгани туфайли буни ҳисобламайлик. Ҳеч қандай сабабсиз ҳам обуначиларига ширин сўз айтадиган (чегарадан чиқмай, айнимай) бўлишимиз керак. Бир мўмин интернетдан шу йўсинда қанчалик фойдаланаётганини текширсин. Агар бундай ишлатилмаётган бўлса, интернетнинг закоти берилмаётган ва ахлоқимизга хизмат қилдирилмаётган бўлади.
ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (25-мақола)
Сохталик! (16-қисм)
Интернет билан бирга сохта/тролл исмлар бозори ҳам чаққонлашди. Ҳар кимнинг бир қанча исми бор. Динимизда «Сохта исм жоиз эмас!» қоидаси бор ва биз бунга тобеъмиз.
Интернетда фейк (сохта) бўлмаганимиздек, унга сохта исм билан ҳам кирмаймиз. Қолаверса, бир мўмин ўз отасидан бошқани ҳазил тариқасида бўлса ҳам отам деб кўрсатиши гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Отаси Аҳмад бўлган киши, Аҳмад ўғли Алидир. Шу киши ўзини Муҳаммад ўғли Аҳмад деб таништирса, фоиз, қимор каби катта гуноҳлардан бирини қилган бўлади.
Инсон ўзига муносиб тахаллус танлаб қўйиши мумкин албатта, лекин бу буткул асли йўқ, ўйлаб топилган бўлмаслиги, шунингдек ота-онасининг исмини ўзгартириш даражасида ҳам бўлмаслиги керак.
Фосиқлар ва кофирларнинг рамзий ҳолига келган исмларни ишлатмаймиз. Наполеон — мусулмонларнинг қонини тўккан кофирлардан бири. Мусулмон одам бундай инсоннинг исмини бир сонияга ҳам ишлатиши жоиз эмас. Бир кофир, футболчи, жинси номаълум санъаткор... бу кабиларнинг ҳам исмларини, расмларини ишлатиш мутлақо мумкин эмас. Ишлатилаётган исм ёки расм четдан қараганда бунинг мўмин шахсият эканлигини билдириб туриши керак. Инсонни исмидан ва исми ёнидаги расмидан таниб олишимиз керак. Буларга қараб «Бу биздан (уммати Муҳаммаддан) эмас», деб ўйлаб қолмаслигимиз керак. Шундай бўлаётган бўлса, демак хато иш қилмоқдамиз. Бу хато, кези келса иймондан ҳам айириши мумкин. Ҳеч бўлмаганда ахлоқдан айириши аниқ.
Абдуллоҳ Раҳим таржимаси
Do'stlaringiz bilan baham: |