Эълон!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан, муҳтарам Нуриддин Йилдиз ҳафизаҳуллоҳнинг «Интернет фиқҳи» китобининг таржимасини ҳар жума куни каналимизда бериб боришни бошлаймиз. Ҳаққимизга дуода бўлишингизни сўраб қоламиз. Аллоҳ барчамиз учун хайрли қилсин ва ишимизни сўнггига етказишга муваффақ қилсин!
ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (1-мақола)
Ҳамд ва саловатимиз
Аллоҳим, Сенга ҳамд айтамиз. Бизни таъминлаб қўйган неъматларинг ва у неъматларни қамраб олган қудратинг ва азаматингдек Сенга ҳамд айтамиз.
Бизга эҳсон қилган неъматларинг орасида узоқни яқинлаштирган, қийинни осонлаштирган, маълумот берувчи интернетни ҳам Сенинг неъматинг ўлароқ кўрамиз. Бу учун ҳам Сенга ҳамд айтамиз. Уни Сенинг розилигинг йўлида ёрдамчи қилишингни сўраймиз!
Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салот ва салом айтамиз. Аллоҳим, у зотнинг аҳли байтига, асҳоби киромига салот ва саломларимизни етказ!
Бизга иймонни, ҳалол ва ҳаромни, одоб ва ахлоқни ўргатган Пайғамбаринг олиб келган шариат асосида интернетдан фойдаланишимизни бизга осон қил!
Кириш сўзимиз
Динимиз қиёматгача боқий қолувчи диндир. Ҳаётда қандай умр кечираётган бўлсак, бу кечирган умримиз динимизнинг соябони остида (йўл-йўриқлари асосида) бўлади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага пайғамбар қилиб юборилган онда бўлган инсондан тортиб, энг охирги инсонгача барча учун бирдек амал қилинадиган қоидадир. Ҳаётнинг ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ривожланиши, инсон фойдаланаётган воситаларнинг технологик жиҳатдан илгарилаб кетиши мазкур қоидани ўзгартирмайди.
Мулк Аллоҳникидир. Барча инсонлар ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Аллоҳ Ўзининг мулкидаги бандаларига шариат юборган. У шариат барча замонлар учун хосдир. Бутун маконлар ҳам ўша соябоннинг остида бўлади. Буни иймонимизнинг бир жузи ўлароқ кўрамиз. Шундай иймон билан ўлим топишни истаймиз.
Бугун ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган интернет неъмати билан ҳамнафас яшамоқдамиз. Бир томондан бу неъматга шукр қилсак-да, бошқа бир томондан эс-ҳушимиздан айирадиган даражада балога айланганидан хавотирдамиз.
Чорасизликка асло рози бўлолмаймиз. Динимиз бизни чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Интернет бўлсин ёки бошқа бир кашфиёт бўлсин, бу динга иймон келтирган мўминларнинг қўл-оёғини боғлаб қўядиган даражага етмасидан олдин, динни таълим берувчилар бирор ечим топишга ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Илгари телевизор мисолида лоқайдлик қилинди. Телевизор кўриб вояга етган насллар улғайганларидан кейин нималар қилишимиз мумкин деб изланишга киришилди. Натижада жуда кеч қолиб кетилди.
Бугун интернет масаласида ҳам мазкур ҳолатга йўлиқишни истамаймиз. Фиқҳ китобларимиз орасида камида кенгроқ мавзу ўлароқ кўрилишини истаймиз. Таҳорат ўргатилаётган пайтда интернетдан фойдаланиш ҳам ўргатилиши керак. Ҳаётнинг барча жабҳаларини ўраб олган диннинг олими шундай фикрлаши керак.
Аллоҳ таолодан истагимиз шуки, бу кичик китоб, мазкур ҳаракатнинг бошланишига васила бўлсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |