ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (13-мақола)
Чегара (4-қоида)
4 - Динимизни нотўғри етказиш ва динга оид масалаларни нотўғри талқин қилиш каби ҳолатлар рўй берса интернетдан четланишимиз биз учун яхши бўлади.
Бутун дунёда насронийлар ва яҳудийлар учун ҳам ўз ўрнида мусулмонлар учун ҳам номақбул ва ношаръий мавзулар (сўкинишлар, уятсиз тасвирлар ва ҳоказо...) маълум алгоритмлар орқали тақиқлаб қўйилган. Улар бундай ҳолатларни оилалари учун хавф ҳамда инсоннинг фитратига зид деб биладилар. Бу нарсага ор-номус ва иффатни, ҳаёни илдизи билан қуритиб юборадиган бомба, деб қарайдилар. Бу борада биз кофирлар билан ҳамфикрмиз. Лекин кофирлар, мисол учун, Исо алайҳиссаломга нисбатан қилинган ҳақоратни жиноят ҳисобламасликлари мумкин. Улар учун бу «ҳурматсизлик» ҳисобланмаслиги, зотан шундай ҳам, уларнинг динининг муқаддаслиги баъзи ўринларда пул билан ўлчаниши мумкин.
Бизда эса янада кенгроқ маъно ва аҳамиятли нарсалардан бири бўлган «муқаддас» сўзи, баъзиларнинг тарқатган ва иймонимизга (масалан: фаришталарга ва қадарга бўлган иймонимизга) хавф туғдирса, муносабатимизни муомалавий, ақидавий ва шаръий мавзуларда бўлгани сингари бу ерда ҳам билдиришга мажбурмиз.
Бунга шундай мисол келтиришимиз мумкин: эрларининг беҳаё сайтларга кираётганини шикоят қилаётган аёлларимиз, фақатгина эринингАллоҳнинг шариатига зид материал томоша қилаётганидан эмас, ўз нафс-истаги учун бунга қаршилик қилаётган бўлса, ундай аёллар «муқаддас» сўзининг маъносини яхши тушунмаган бўладилар. Чунки бу иш эрларининг иймонига зарар беришини ўйламаётган бўладилар.
Қўшхотинлик масаласи кўтарилганда, ор-номус, дин-диёнат, иймон, ахлоқ, келажак, виждон каби ҳар мавзуларга шўнғиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига тил узатилган бир мавзуда ғийбат эшитаётгандек эшитиб, буни домлалар ҳал қилади, деб ҳисоблайдиган мантиқ, тор дунё қарашли инсоннинг мантиғидир. Албатта бир муслима аёл бундай ҳолат юз берганида, эрига одоб ва ахлоқ доирасида «Аллоҳдан ҳаё қилмайсизми?!» дейиши ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига ҳурматсизлик қилинаётган сайтларга, саҳифаларга кирмасликка чақириши лозим.
Интернет – динимизни бузиш, фасод чиқариш, ақидамизга ва шариатимизга зид ишлатилганда қарши томонда туришимиз керак. Ота-оналар фарзандларининг беҳаё саҳифаларга кирмасликлари учун қаттиқ назоратга олганлари сингари, уларнинг иймонларига зарар берадиган мавзуларга аралашмасликлари учун ҳам астойдил ҳаракат қилишлари керак. Акс ҳолда, мусулмонлигимизни фақатгина жинсий мавзулардагина қаршилик кўрсатадиган, кичик доирага маҳкум қилинган дин ҳолига келтирган бўламиз.
Ҳолбуки, бизнинг мусулмонлигимиз ақидамизни, ахлоқимизни, ижтимоий ҳаётимизни муҳофаза қиладиган тизимдир. Дунёдаги таҳликалар фақатгина жинсий мавзулардан иборат эмас. Интернетдан фойдаланишимиз керак бўлганда фойдаланиб, ундан четланишимиз керак бўлганда қандай услуб билан бўлса ҳам ўз муносабатимизни билдирамиз, четланамиз. Беҳаё материалларга оид сайтларга қандай муносабатда бўлаётган бўлсак, Аллоҳга бўлган иймонимиз ва ақидамизга алоқадор хавф-хатарга, шариатимиз аҳкомлари нобакорлар томонидан муҳокама қилинаётган ҳар қандай мавзуга ҳам шундай муносабатда бўлмоғимиз керак. Яна ҳам чуқурлашадиган бўлсак, иймон муҳимроқми ор-номусми? Бу икковидан қайсиниси биз учун қадрли бўлса, қаршилигимиз ҳам шунга яраша бўлиши керак.
Кўзда ёш билан эсланадиган хотира: бир яқин дўстим менга телефон қилиб: «Ҳозир ҳазрати Ҳамзанинг қабрлари бошида турибман. Сени ҳам ўз дуоларимга шерик қилмоқчиман, эшит!» деди. Мен дарҳол гўшакни қўйиб қўйгандим. Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қабри бошида турганимизда олишимиз керак бўлган ибратни интернет борича ер билан яксон қилиб ташлаяпти. У зотнинг қабрларини зиёрат қилганимизда олинадиган фойдалар: ўзимизнинг ҳаётимизни сарҳисоб қилишимиз ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда шаҳодат қийматини билишимиз, зиёратдан қайтганимизда гуноҳларни тарк қилишимиздир.
Ҳатто шундай ерда ҳам телефон ва интернет билан овора бўлгандан кейин қандай маънавий фойда олинган бўлиши мумкинки, биз уни бошқа билан ўртоқлаша олсак?! Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қабрлари устида ҳам бизни ўзлигимиздан четлаб қўйган интернет ҳовузи ҳақида интернет фиқҳи ва ахлоқий қоидалари қўлланмаси тайёрланиши албатта зарурийдир.
Гуноҳ нарса бир сайтда нашр қилинишидан олдин бир одам гапириб юрганида у гуноҳни 100 балл деб ҳисоблайлик. Нашр қилингач шу гуноҳни 100 киши кўрган бўлса, у гуноҳ энди 100×100 бўлади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуноҳга далолат қилган одамга, ўша гуноҳни такрорлаганларнинг гуноҳлари ҳам унга ёзилишини айтганлар. Бир бидъатни, ҳаромни, ифлосликни, ахлоқсизликни тарқатишнинг хатари жуда катта.
Мисол учун: «Бу ахлоқсиз малъун шундай дебди, Аллоҳ унинг жазосини берсин, бунга норозилигимизни кўрсатайлик, ўртоқлар!» деб нашр қилинган бир пост, уни олдин кўрмаган кўплаб инсонларнинг ўша малъун деб зикр қилинаётганнинг саҳифасига киришлари, ўша ердаги хунук тасвирни кўришларига сабаб бўлса, ўша кирганлардан ҳам бирортаси «қани бу саҳифада яна нималар бор экан?» деб ўша ерда қоладиган бўлса, охиратда буни биринчи тарқатган киши шарманда бўлади. «Қани яна нима бор экан бу ерда?» деб кирган йигитнинг ҳам гуноҳи унинг бўйнига юкланади.
«Лекин мен хавфдан огоҳлантириш учун айтгандим» баҳонасини Қиёмат куни айтиш қанчалик мантиқдан бўлади, униси номаълум. Ёмонликни ёмонлаб ҳам унга ташвиқ қилаётган бўлиш мумкин. «Аллоҳ қаҳр қилсин!» деб қаршилик кўрсатилаётган нарсани одамлар наздида улуғлантириш, қудратли қилиб кўрсатиш мумкин. «Бу нарса ёмон» деб ҳам ўша ёмон нарсани реклама қилиш мумкин. Шундай экан билингки гоҳида норозилик ҳам, қарши томонга фойдали бўлиб қолади. Интернет шундай ҳолга келиб бўлган.
Бир ҳаромнинг ҳажми ва доираси қанчалик ёйилиши етиб борган одамнинг ададича кўпаяди. Бир муаллиф фаришталарнинг кўр эканлигини иддао қилса, бу ҳақиқат ёки тўғри эмас, ақидамизга ҳам зид. Шундай иддаодаги одам фаришталарни ҳақорат қилган бўлади. Биз шу каби разил мақолани беш юз обуначиси бор саҳифада улашганимизни фараз қилайлик. Ўша ёзилган ёзув унутилиб кетар ва ўша ёзувни ёзган ҳам (балки тавба қилиб) ўчириб юборар, бу борада муаммо йўқ. Лекин беш юз киши кузатадиган саҳифада ҳеч бўлмаганда беш киши ўша ёзув (пост) ортидан Googleга кириб «фаришталар кўрми?» деб излайди. Шунчалик бекорчи наслга айланганмизки, «осмонда ралли (пойга) бўляпти» дейишса, ойнани очиб осмонга қарайдиганларимиз бор.
Ўша беш кишининг бирортаси қизиқиб, Googleдан «фаришта» деб изласа, Google чиқарган бирор тасвирни кўрса ва кўрган тасвири туфайли фариштанинг қизга ўхшашини хаёлидан ўтказса, буларнинг барчасига сабаб бўлган(биринчи пост ёзган) киши, жоҳилият давридаги мушрикларнинг фаришталарни қизларга ўхшатишларини бугунги кунимизда ҳам ташвиқ қилаётган одамга айланади. Қиёмат куни шундай фикрни ёйган одам сифатида тирилтирилади.
Бу жуда узун занжир бўлди, шундайми? Балки, ҳа. Аммо натижада дўзахга тушиш хавфи борми-йўқми, шуниси муҳим.
Do'stlaringiz bilan baham: |