ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (22-мақола)
Арабча матнлар (13-қоида)
Интернет ёрдамида ҳар ким араб тилида ёза оладиган, тушуна оладиган бўлди. Мисол учун муборак кечаларда ёхуд диний байрамларда оят-ҳадис табригини улашиш одати (гўёки мажбуриятга айлангандек) кенг тарқалди.⓵
Оятлар ва ҳадислар ёзилган матннинг арабчаси борасида олдимизда икки хил фикр бор. Ҳар қандай компьютер ёки қўл телефони арабча матнларни асли ҳолича очиб беролмаслиги мумкин. Жиҳоздаги дастурнинг камчилиги ёхуд телефон операцион тизимининг версияси эскилиги туфайли тузук ишламаслиги, матн тўғри ва аниқ кўринмаслиги мумкин.
Фотиҳа сурасидаги биринчи оятни الْحَمْدُ للّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ шаклида ёзиб жўнатилса, қарши томоннинг жиҳозида ушбу оят للّهِ الْحَمْدُ الْعَالَمِينَ رَبِّ бўлиб бориши ҳам мумкин.
Арабчасида ва ўзбекчасида бундай хато пайдо бўлиши эҳтимолидан қўл телефонимизда бундай иборани ёзмаслигимиз кераклигини кўрсатади. Pdf файлларида ҳам ҳатто қарши томонга хато (ҳарфлар ва сўзлар нотўғри жойланиб қолган) ҳолда етиб бормоқда. Бу бир масъулиятдир. «Менга шундай келганди», деган баҳона ўтмайди, чунки, тугмага босиб бошқага жўнатилганида, энди бу нарса жўнатган одамники ҳисобланади.
Муаммо оят ва ҳадисларнинг арабча матнларини ёзаётганимиздадир. Токи аниқ ишонч билан жўнатилмаса ва матн ўқилганида тушунилмаса, уни ишлатмаслигимиз керак. Қуръонни бунчалик беқадр қилишга ҳаққимиз йўқ. Ёш боладек бўлишимизга ҳам ҳожат йўқ (яъни, ҳамма қиляпти, ҳамма жўнатяпти, деб биз ҳам уларга ўхшашга мажбур эмасмиз).
Оят ва ҳадислар нақл қилинганида, Аллоҳ ва Расулига тегишли сўз нақл қилинганида, ҳадиснинг остида «Бухорий» деб ёзилса, бу сўз Бухорийга тегишли эмаслигини яхши билмоғимиз лозим. Баъзида бундай кулгули ҳолатларга ҳам гувоҳ бўламиз, Имом Ғаззолийнинг асарларида юз марталаб ўқилган ва айнан у кишига тегишли бўлган сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси ўлароқ тақдим қилинади, устига-устак қўштирноққа олиниб жўнатилади. Бундай ҳолатга дуч келинганида «менга бошқаси жўнатганди» қабилидаги баҳоналар Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинганида аҳамиятга эга бўлиши амри маҳол.
Бир жойда намоз ўқишга тайёргарлик асносида «қани намозга иқомат айтилсин», дейилса, ҳамма масжиднинг ойналарига ўгирилиб, «менга иқомат айттиришмаса эди» деб ўйлаб қоладиган, иқоматга келганида шуни ҳам айтолмайдиган, отасининг қабрида Ёсин ўқиёлмайдиган кишининг жўнатган хабарларига қарасангиз, оят-ҳадисларни шундай тизганки, энциклопедик тарзда кетма-кет тартибланган. Бу «виртуал мусулмон»га айланаётганининг аломатидир.
Оят ва ҳадислар қўл телефони ва интернетда майнавозчилик қилинмаслиги лозим. Қўл телефони ва интернет ҳаммамизни гўё виртуал домла қилиб қўймоқда. Ҳа, биз истардикки, ҳар бир мусулмон оят-ҳадис ўқисин, лекин ҳар бир мусулмон масжидда иқомат ҳам тушира олсин, касалга Оятал-курсий ўқий олсин, шундай эмасми? Интернетни Қуръонни нашр қилиш учун ,албатта, ишлатиш керак, лекин бу ўз мутахассислари (ўз аҳли), тушунадиган инсонлар томонидан қилиниши керак. Ҳарфлар арабчага ўхшаяпти, деб оят-ҳадис нақл қилаётганини билмаган ва шу билан яхши иш қиляпман, деб ўйлаётган одам жуда хавфли йўлдадир. Кичкина бир хато қаршимиздаги суҳбатдошимизни иймонидан айириши ҳеч гап эмас. Ҳамма ўз ҳаддини билиши керак. Қариндошлар орасида оят-ҳадисларни улашганимизда ҳам оддий иш қилмаётганимизни яхшилаб билиб, англаб етишимиз керак.
—
⓵Бунинг бундай беқадр ҳолга келтирилиши бошқа бир масала, зеро, ёзилган бундай хабарнинг телефон рўйхатида номи қайд қилинганларнинг (контактдагиларнинг) нечтасига қизиқ бўлиши ҳам номаълум: Мусулмонни маст қилувчи ичимликдан воз кечишга чақирувчи ҳадисни, ҳаёти давомида бирор марта маст қилувчи ичимлик сотадиган кўчага қадам босмаган мусулмонга жўнатилмоқда. Бу эса ўз ўрнида ҳурматсизлик, лекин буни афсуски, кап-катта инсонлар ҳам қилмоқдалар. Ёш болага гапириладиган гапни каттага, каттага бериладиган насиҳат ёш болага қилинмоқда. Шахсан ўзим қўл телефонини ишлатишни ташлайдиган бўлсам, айнан мана шу сабаблар туфайли ташласам керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |