ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (9-мақола)
Ҳаётнинг барча жабҳаларида мусулмонча яшаш
Мусулмонлик ҳаётнинг барча жабҳаларида мусулмонча яшаш маъносини беради. Бу билан нимани назарда тутяпмиз?
Мисол учун, пешин намозининг уч ракатини таҳорат билан, бир ракатини таҳоратсиз ўқиб бўлмагани сингари, яъни, «Аллоҳ Акбар» деб қулоқ қоқиб намозга кирганимиздан икки томонимизга салом бергунимизча таҳоратли бўлишимиз керак бўлганидек, мусулмон инсон ҳам бутун ҳаёти давомида мусулмон бўлиб қолиши кераклигини назарда тутяпмиз. Ҳафтанинг иш кунлари мусулмон, дам олиш кунлари «эркинроқ» мусулмон бўлмайди. Ёки бўлмаса рамазоннинг биринчи уч кунлигида рўзадор, қолган кунларида рўзасиз юриши мутлақо мумкин эмас.
Модомики, Аллоҳ таолонинг бандаси эканлигимизга иймонимиз бор экан, бандалик ва ҳисоб-китоб қилинишни ҳам унутмаслигимиз лозим. Интернет ҳам айни шулар қаторига киради.
Интернет ҳаётимизнинг бир бўлаги (воқеликда эса катта бир бўлаги) экан, интернетни ёхуд интернетнинг бир қисмини шариатимиз кўрсатмаларидан ташқарига чиқариб ташлашга ҳаққимиз йўқ. Интернетни мусулмондек, фиқҳ асосида ишлатамиз, деб, фақатгина яланғоч аёлнинг суратини профилга қўймаслик, кофирларнинг тарғиботини оммалаштирмаслик, қўллаб-қувватламаслик билан чекланиб, қолган қисмида бемалол, истаганимиздек ўтказишга ҳаққимиз йўқ.
Интернетга қарши ўзимизда иммунитет ҳосил қилиб, тоқатимиз етгунича уни Исломлаштиришга уринамиз. Биз Исломий қила олмаган интернет (ёхуд ҳаётимизга оид бирор нарсани) токи ислоҳ қилмас эканмиз, бизни ўзидек қилиб қўяди. Интернетнинг йигирма фоизини шариат асосларидан ташқарида ишлатаётган бўлсак, йигирма фоизлик сирпанчиқ заминда турган бўламиз, интернетнинг бизга таъсири жиҳатидан йигирма фоизлик динимиз, ахлоқмиз ва инсонийлигимизни хавфга қўяётган бўламиз.
«Интернет Исломийлашсин», деганимизда бу орзу-истагимиз чексиз истак-орзу эмас, аксинча, ҳаётимизга алоқадор нарсаларни ислоҳ қилиш кўзда тутилган бўлади.
Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, юқорида зикр қилинган истагимиз амалга ошмаса нима бўлишини ўйламаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло намозни ҳам тоқатимиз етгунича ўқишимизни буюради. Намозни оёқда туриб ўқиёлмаган ўтириб ўқийди. Интернет ҳозир кафтимиз билан ушлай оладиган даражада эмас, лекин ин шаа Аллоҳ, бир кунмас-бир кун у ҳам бўлади.
Мусулмонлар дунёдаги нефт манбаининг катта қисмига эга эдилар. Агар шуни тўғри тасарруф қила олганларида эди, дунё энергиясини бошқарган ва ҳаётга бошқача тус берган бўлардилар. Аммо нефтдан олдин ернинг устидаги бошқарувни бошқаларга бой берганимиздан, ер остидаги нефт ҳам ўз-ўзидан кофирнинг қўлига ўтди. Шу боис ҳам, энергия аслида ўзимизники бўлса-да, бошқадан импорт қилинадиган нарсага айланди.
Интернетдан фойдаланишимизнинг нега мусулмонча бўлиши кераклигини ва бошқача бўлса, бизга зарар беришини мисоллар орқали тушунишимиз мумкин. Интернетга ҳукмрон бўла олишимиз учун руҳимизга динимиз ҳукмрон бўлиши, ахлоқимиз диндорлашиши лозимки, интернетда қиладиган ҳаракатимиз ўз натижасини кўрсатсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |