ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ (11 - мақола)
Яхши ният ёлғонни мубоҳ қилмайди (2-қоида)
2- Ниятларнинг яхши бўлиши, яхши ниятли бўлиш ёмонликни оқлаб бермайди. Ароқни замзам, деб ичган билан ароқ замзамга айланиб қолмайди. Ниятни ҳам, амални ҳам шариатга мос қилиш керак.
Биз кирган интернет саҳифаси, телефонимизга юкланган бир илова, «мен ундан яхши ниятда фойдаланаман» баҳонаси билан ҳалолланиб қолмайди. Яхши ниятда бирор иш қилсак, жиҳозимиз ва фойдаланадиган иловамиз яхши бўлса, шундагина яхши натижага эришамиз.
Оддий бир мисол: интернетда «дўстлар» деган нарса бор. Бир мўмин эркак бир мўмина аёл билан интернет орқали дўстлашадилар, лекин ҳеч қандай «ёмон ният»лари йўқ, ягона мақсадлари — Аллоҳ таолонинг розилиги ва Исломнинг ёйилиши. Булар диний масалада ёзишиб, гаплашиб юрадилар. Шайтон бу иккисини бир жойда қўлга туширдими, барибир «ниятингиз сизларники бўлақолсин, қани мен сизлар билан бир шуғулланай-чи», дейди.
Эркак билан аёлнинг бир жойда (хилватда) бўлишлари ниятларининг яхши бўлиши билан ҳалолга айланиб қолмайди. Интернетнинг асосий ботқоқликларидан бири ҳам шудир. Минг афсуски, оилали аёлларнинг ҳам энг жирканч ҳолатга тушишлари мана шу сабабдан бўляпти. Баъзида, гўё «яхши ният» билан бошланган суҳбат (бир мавзуда фикрларни ўртоқлашиш) оқибатлари ҳам аянчлидир. Бунга ўз кўзларимиз билан гувоҳ бўлмоқдамиз.
Мусулмон Пайғамбарининг айтмаган гапини айтган деб тарқатмайди. «Пайғамбаримиз айтганларки», деб бошланган бир сўз аслида ундай бўлмаса буни тарқатиш, ёлғонга хизмат қилишдир. «Googleда бор» қабилидаги баҳоналар ўтмайди, зеро, Google дунёнинг энг катта ахлатхонасидир. Динимизга хизмат қилиш учун, Пайғамбаримизга ёлғон гапиртиролмаймиз. Яхши ният ёлғонни мубоҳ қилиб қўймайди.
Интернетдаги профилимизда даъват қиламиз, инсонларни Аллоҳга чақириб савоб оламиз. Бир бидъатга даъват қилганимизда эса, «барча бидъатлар залолатдир», деб марҳамат қилган Расулуллоҳга қарши чиққан ва залолатга хизмат қилган бўламиз. Ниятимизнинг яхши бўлиши, натижани ўзгартирмайди. Ниятимиз мўминникидек, лекин бу яхши ниятимиз шариатга зид бўлган ҳолатларни ҳалоллаб бермайди.
Бир мусулмон ўлароқ, фойдаланаётган интернетимизда ғийбат, ёлғон, бўҳтон, бир мўминнинг обрўсига тажовуз қилмасликка масъулмиз.
Шундай динимиз борки, мўминнинг молига тегишни ҳаром қилгани (Вадо хутбасидан парча: Билингки, жонларингиз, молларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир) каби мўминнинг обрўсига қилинган тажовузни ҳам ҳаром қилди. Буни билган бир мусулмон ўз профилида бир мусулмоннинг обрў-эътиборига тажовуз қилиб бир нарса ёзиб, ўша телефон билан масжидга бориши мумкинми? Яъни, бир мусулмон аслида ўзини дўзахга киритадиган нарсаларни чўнтагига солиб масжидга бориши мумкинми?
Устига-устак бир мўмин ҳали ёшгина аёли билан бирга тушган суратини интернетга қўйиши мумкинми? Биз қандай аҳволга тушиб қолдик ўзи?! Мўмин бир одам аёли билан дам олишга бориб, у ерда расмга тушиб, расмни Facebookга жойлаб яна асосий(аватарка) расми сифатида қўйиши мумкинми? Бу уммат шундай уммат бўлса Аллоҳ бу умматга раҳмати билан йўлиқиши мумкинми? Биз раҳматнинг тўсиғи ва бошимиздаги мусибатлар сабаби ўлароқ фақатгина мазлум-ночорларга нисбаттан эътиборсизлигимиз туфайли деб биламизми? Барча ёмонликлар ғайри динларданми, ахир уларнинг ахлоқидан ўзимизга юқтирганимиз учун биз айбдор эмасмизми?!
Мусулмон инсон интернетдаги аниқ ёлғон бўлган бир мавзуни, унга жавоб бериш учун ҳам такрорламайди (яъни ўша ёлғонни кўчириб қўйиб, унга раддия ёзмайди). Ўзи ҳам хунук ҳолатни такрорлаб шайтонни хурсанд қилмайди ва бундай ишга асло рози бўлмайди. Ўнг кўзига урилган бир муштни қандай урилганини таърифлаш учун чап кўзига уриб кўрсатиш оқил инсоннинг иши эмас. Шайтоннинг истаги ҳам шу аслида, яъни ўша ҳодисанинг иложи борича кўпроқ такрорланишидир. Шунинг ўрнига ҳамсуҳбатига гапирган гапининг тўғри эмаслигини ва бу зулм эканлигини, мўмин бўлса ундан розилик олиши кераклигини, акс ҳолда қонуний йўл билан ҳал қилишини айтиши тўғри ечим бўлади.
Уммати Муҳаммаддан нафратланадиган, умматимизнинг зарар кўришидан семирадиган бир одам ёхуд бир гуруҳ бир видео тарқатади. Бошқа мусулмонлар ҳам «шу видеони кўриб, ҳамма норозилик билдирсин» деб, видеони улашади. Аллоҳ Сендан рози бўлсин! Қаердан топақолдинг буни? Кўрсатмасанг бўлмасмиди-а?...
Ҳеч қандай инсон бир фильмдан зарра қадар таъсирланмай қолмайди. Айтишадики, жиноят бўйича ишлайдиган прокурорлар ҳар кимни қотил деб шубҳаланади. Кун бўйи жиноят-ўлим ҳодисалари билан шуғулланганидан кейин ҳатто тўйга борса ҳам, у ердаги ҳаммани қотил деб ўйлайди. Чунки миядаги акс ва бир қанча йиллик тажриба шунга мажбурлайди. Янги прокурор билан тажрибали прокурор орасидаги фарқ янгисининг ҳали жиноят кўрмаганидадир.
Биз томоша қиладиган фильмларимиз ва кўрадиган расмларимиз таъсири ҳам шундай. Оилалар ҳам айнан шу сабабли ажралмоқдалар, юз-кўзи бўялган, ҳаётда ундай (гўзал) бўлмаса ҳам сон-саноқсиз аёлларнинг расмини кўриб, уларни ўз зеҳнида жонлантиради ва ўша кетворган аёлнинг ўй-хаёли билан уйига келади, эшикни очганида ўзининг «эски»сини кўргач, шайтон дарҳол орага кириб, «овқат нега тузсиз?», «бу нега бу ерда турибди?» каби васвасалар билан олов ёқиб ёнғин чиқаради.
Шариатимиз аёлларнинг кўчаларда кўп юришини шу боисдан ман қилган. Тўрт йил коллеж, тўрт йил университетда ўқиган минг турли гўзал қиз/йигитни кўрган қиз/йигит талабага оила қурадиган вақти келганда қайси психолог ким билан турмуш қуришини, ким билан умрининг охиригача ундан рози бўлиб яшашига кафолат бера олади?
Қишлоқдан шаҳарга келиб, биринчи марта кўп қаватли бино кўраётгани йўқ-ку, қанчадан қанча кўп қаватли бинолар орасида катта бўлган. Ким уни кулбада яшашга кўндира олади?!
Do'stlaringiz bilan baham: |