1.6-боб. Электр катталикларни ўлчаш
Қўллаш доираси
1.6.1. Қоидаларнинг мазкур боби стационар (кўрсатадиган, рўйхатга оладиган, қайд этадиган ва х.к.) воситалар ёрдамида амалга ошириладиган электр катталикларни ўлчашларга татбиқ этилади.
Умумий талаблар
1.6.2. Электр катталикларни барча ўлчов воситалари ўрнатилган тартибда текширилган бўлиши ва қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
1) ўлчов асбобларининг аниқлик класси 2,0 дан катта бўлмаслиги керак;
2) ўлчов шунтларининг, қўшимча резисторларнинг, трансформаторларнинг ва ўзгартиргичларнинг аниқлик класслари 1.6.1 - жадвалда (мазкур Қоидаларга 2-сон илова) келтирилганлардан ёмон бўлмаслиги керак;
3) асбобларнинг ўлчов чегараси ўлчанаётган катталикларнинг номинал миқдорларидан узоқ вақт мумкин бўлган энг катта ўзгаришлари ҳисобга олинган холда танланиши керак.
1.6.3. Ўлчов асбоблари, одатда, бошқарув амалга ошириладиган пунктларда ўрнатилади.
Доимий навбатчилик қилувчи тезкор ходимлар мавжуд бўлмаган подстанцияларда ва гидроэлектростанцияларда стационар кўрсатувчи асбобларни ўрнатмасликка руҳсат этилади. Бунда, маҳсус ўргатилган ходимлар томонидан кўчма приборларни улаш учун жойлар назарда тутилган бўлиши керак.
1.6.4. 220 кВ ва ундан юқори электр узатиш линияларида, шунингдек генераторларда ва трансформаторларда ўлчовлар узлуксиз амалга оширилиши шарт.
Гидроэлектростанцияларнинг генераторларида ва трансформаторларида ўлчовларни вақти-вақти билан, марказлашган назорат воситалари ёрдамида амалга оширишга руҳсат этилади.
Ўлчовларни бир неча уланма учун (биринчи хатбошида кўрсатилганлар бундан истисно) умумий кўрсатувчи асбоблар комплектига “чақириқ бўйича” амалга оширишга, шунингдек марказлаштирилган назоратни бошқа воситаларини қўллашга руҳсат этилади.
1.6.5. Рўйҳатга олиш асбоблари бошқарув пунктини тезкор контурида ўрнатилганда, ушбу катталикларни ўзини узлуксиз ўлчаш учун кўрсатувчи асбобларни ўрнатмасликка руҳсат этилади.
Токни ўлчаш
1.6.6. Токни ўлчаш, у технологик жараённи ёки ускунани тизимли назорати учун зарур бўлган барча кучланишлар занжирларида амалга оширилиши керак.
1.6.7. Ўзгармас токни ўлчаш қуйидаги занжирларда амалга оширилиши керак:
1) ўзгармас ток генераторлари ва куч ўзгартиргичлари занжирларида;
2) аккумулятор батареялари, зарядлаш, зарядлаб олиш ва разрядлаш қурилмалари занжирларида;
3) синхрон генераторларнинг қўзғатишлари, компенсаторлар, шунингдек қўзғатиши бошқариладиган электродвигателлар занжирларида.
Ўзгармас ток амперметрлари икки томонли шкалага эга бўлишлари керак, агар ток йўналишининг ўзгариши мумкин бўладиган бўлса.
1.6.8. Уч фазали ўзгарувчан ток занжирларида, одатда, битта фазанинг токини ўлчаш лозим.
Ҳар бир фазанинг токини ўлчаш қуйидагилар учун амалга оширилиши керак:
қуввати 12 МВт ва ундан юқори бўлган синхрон турбогенераторлар учун;
фазалари бўйича башқариладиган электр узатиш линиялари, бўйлама компенсацияли линиялар ва узоқ муддат тўлиқ бўлмаган фаза режимида ишлаши мумкинлиги назарда тутилган линиялар учун; асосланган холларда уч фазали бошқарувдаги 330 кВ ва ундан юқори электр узатиш линияларининг ҳар бир фазаси токини ўлчаш назарда тутилиши мумкин;
ёйли электр печлар учун.
Do'stlaringiz bilan baham: |