9. Мавзу Ирода хақида умумий тушунча. Ички иродавий бошқарув
Одатда психологияда ихтиёрсиз ҳаракатлар англанилган ёки етарли даражада англанмаган истак, хоҳиш, тилак, майл, установка ва шу кабиларнинг ички туртки таъсирида пайдо бўлиши натижасида рўёбга чиқарилади. Мазкур истак ва унинг бошқа шакллари импульсив (лотинча impulsus ихтиёрсиз қўзғолиш маъносини англатади) хусусиятига эга бўлиб, инсон томонидан англанилмаганлиги учун маълум объектга қаратиш юзасидан режалаштирилмаган, ҳатто кўзда тутилмаган бўлади. Инсоннинг фавқулоддаги вазиятда юзага келадиган саросималик аффекти, даҳшат, ҳаяжонланиш, ажабланиш, шубҳаланиш ва шунга ўхшаш бошқа моҳиятли, ҳар хил шаклдаги хатти-ҳаракатлари ихтиёрсиз туркумдагиларга ёрқин мисолдир. Ундаги атамалар маъноси, акс этиш имконияти бундан олдинги ҳиссиёт тўғрисидаги маълумотларда кенг кўламда баён қилинган.
Бошқа категорияда тааллуқли ҳаракатлар ихтиёрий ҳаракатлар деб номланиб, улар мақсад кўзлаш, мақсадни англашни ва уни амалга оширишни таъминловчи операциялар, усуллар ва воситаларни шахс ўз миясида тасаввур қилишни, самарадорлигини тахминан баҳолашни тақозо этади. Ўзининг моҳияти билан тафовутланиб турувчи ихтиёрий ҳаракатларнинг алоҳида гуруҳини иродавий ҳаракатлар деб аталувчи туркум ташкил қилади. Психологик маълумотларга асосланган ҳолда уларга қуйидагича таъриф бериш мумкин: «Мақсадга эришиш йўлида учрайдиган қарама-қаршиликларни бартараф қилиш жараёнида зўр бериш билан уйғунлашган, муайян мақсадга йўналтирилган онгли ҳаракатлар иродавий ҳаракатлар дейилади».
Шахснинг иродавий фаолияти ўз олдига қўйган англанган мақсадларни бажаришдан, амалга оширишдан иборат содда шаклдаги ҳаракатларнинг мажмуасидан иборат эмас. Зўр беришни тақозо этмайдиган иш ҳаракати (масалан, шкафдан чойнак олиш, сочиқни қозиққа илиш ва ҳоказолар) билан иродавий фаолият таркиблари ўртасида кескин тафовут мавжуд. Иродавий фаолият ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, унинг моҳияти шундан иборатки, бунда шахс ўз олдига қўйган ва унга муҳим аҳамият касб этувчи мақсадларига ўзи учун камроқ қийматга молик хатти-ҳаракат мотивларини бўйсундиради. Устивор (етакчи) мотивлар қўшимча кўмакчи мотивларни муайян йўналишга сафарбар қилиб, умумий мақсадга хизмат қилдиради.
Шахс фаоллигининг ҳар хил кўришлари мавжуд бўлиб, улар функционал томондан бир-биридан фарқланади, лекин ирода инсон фаоллигининг алоҳида ўзига хос шаклидан иборатлиги ажралиб туради. Ирода инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларини (хулқ-атворини) ўзи бошқаришини, у ёки бу хусусиятли интилиш ва истакларини тормозлашни талаб қилади, бинобарин, у англанилган турлича ҳаракатлар тизими мужассам бўлишини назарда тутади. Иродавий фаолият моҳияти шунда кўзга ташланадики, бунда шахс ўзини ўзи бошқаради, ўзини қўлга олади, ўзининг хусусий ихтиёрсиз импульсив томонларини назорат этади, ҳатто зарурат туғилса, у ҳолда уларни тамоман йўқотади ҳам. Ирода пайдо бўлишининг бош омили-инсон томонидан фаолиятнинг турли таркибларининг иродавий ҳаракатларни тизимли тарзда татбиқ этилиши бундай иш-ҳаракатларда онг билан мужассамлашувчи шахснинг фаоллигидир. Иродавий фаолият шахс томонидан кенг қўламда англанилган ва руҳий жараёнларни амалга ошириш хусусияти бўйича иродавий зўр беришни талаб қиладиган ақлий амалларни тақозо этади. Бундай ақлий амаллар фавқулоддаги вазиятни баҳолаш, келгусида амалга оширишга мўлжалланган ҳаракатлар учун воситалар ва операциялар танлаш, мақсад кўзлаш ва унга эришишнинг усулларини саралаш, уларни татбиқ этиш учун муайян қарор қабул қилиш кабилар бўлиб ҳисобланади. Ушбу амалларнинг барчаси иродавий фаолиятнинг операционал томони деб баҳоланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, баъзи психологик ҳолатларда, вазиятларда иродавий фаолият инсоннинг бутун ҳаёт йўлини аниқлаб берадиган, унинг ижтимоий-психологик қиёфасини (сиймосини) намоён қиладиган ва маънавий-ахлоқий қадриятини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган қарорга келиш билан уйғунлашади. Шунинг учун бундай иродавий ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида шахс онгли ҳаракат қилувчи субъект тариқасида ҳам уларнинг кашфиётчиси, ҳам бир даврнинг ўзида ижрочиси (бажарувчи) бўлиб иштирок этади. Мазкур ҳолатда шахс ўзида тўкис мужассамланган қарашлари тизимига (динамик стереотипига), иймон-эътиқодга, ишонч ва дунёқарашига, қадриятига, ҳаётий муносабатлари мажмуасига, ақл-заковатига, маънавиятига асосланган ҳолда онгли йўл тутади. Шахснинг умр (ҳаёт) йўлида қадрий хусусият касб этувчи жавобгарлик ҳисси иродавий ҳаракатларни татбиқ қилишда унинг миясига мужассамлашган, англанилган барча ижтимоий-психологик шартланган фазилатлар (қараш, эътиқод, қадрият, маънавият ва ҳоказолар) соғлом фикр, устувор (юксак туйғу) ҳиссиёт тариқасида фаоллашади, мустаҳкамланади ҳамда баҳолаш, қарорга келиш, танлаш, ижро этиш (бажариш) жараёнларига таъсир қилиб, умумий ҳамкорлик тизимида ўз изини қолдиради. Жавобгарлик ҳисси шахс маънавияти, руҳияти, қадрияти намоён бўлиши, кечиши, такомиллашиши босқичларининг бошқарувчиси, онгли турткиси, сифатининг кўтарувчиси функциясини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |