6. Мавзу Хиссиёт - шахс назарияларида
Ҳиссиётда шахс психикасининг ўзига хос жабҳалари, инсон фаолиятининг айрим жиҳатлари сифатида ҳаракатдаги, теварак-атрофдаги воқеликни одам бош миясида турли-туман шаклда ичдан акс эттирилади. Шунинг учун ҳиссиёт борлиқда содир бўлаётган нарса ва ҳодисалар юзасидан шахс учун аҳамиятли, қадр-қийматли аломатлари туйғусидан дарак берувчи сигналлар системаси тарзида талқин қилинади. Яққол воқеликда сезги аъзоларига таъсир этувчи ҳар хил қўзғовчиларидан баъзи бирлари алоҳидаланади, ўзаро мос тушганлари эса бирлашади, фавқулодда намоён бўла бошлаган ҳис-туйғулар билан улар аралашиб кетади. Бунинг натижасида муайян қўзғовчилар тирик мавжудодлар учун хотиржамлик ёки безовталик сигналига айланади, ҳиссий кечинмалар эса инсоннинг шахсий тажрибасини шакллантирувчи шартли рефлекслар тизимини барқарорлаштирувчи омил тариқасида акс этади. Ҳиссиётнинг бундай тарзда сигнал функциясининг бажариши унинг импрессив (лотинча impessio-сўзидан олинган бўлиб, таассурот деган маъно англатади) жиҳати деб номланишда ўзига хослиги шундаки, ҳиссиёт тасаввур қилинаётган образларга, фикран режалаштирилаётган мақсадларга майл, фаоллик, интилиш уйғотади, шахснинг фаолияти ва хатти-ҳаракатларининг муваққат ёки узлуксиз мотивига айланади. Ушбу физиологик жараённинг моҳиятини тушунтирилишда И. П. Павлов мана бундай ёндашади: тирик мавжудодларнинг табиий муҳитга мослашувида қатъийлашадиган ёки заифлашадиган динамик стереотиплар туфайли ҳиссий ва эмоционал кечинмаларнинг ижобий ёки салбий кўриниши вужудга келади. И. П. Павловнинг талқинича, динамик стереотип-бу ташқи таассуротларнинг маълум таркибда такрорланиши натижасида ҳосил қилинган шартли рефлекслар таъсиридаги нерв боғланишларининг барқарор тизимидир. Тирик мавжудод ҳаёти ва фаолиятида қийинчиликларга, қаршиликларга учраса, динамик стереотип «заифлашуви» юзага келади, бунинг оқибатида салбий эмоционал ҳолатлар, кечинмалар ҳосил бўлади.
Ҳис-туйғулар ва эмоционал ҳолатлар кечишининг турли шакллари, кўринишлари нафақат сигнал функциясини бажаради, балки улар шахснинг фаолияти, хулқ-атвори устидан бошқарувчанлик функциясини амалга оширади. Юксак ҳислар бу маънода устувор роль ўйнайди (виждон ҳисси, масъулият ва ватанпарварлик туйғуси, эмпатик, яъни ҳамдардлик кечинмалари ва бошқалар). Ҳатто эмоционал ҳолатлар, ҳодисалар, ҳаракатлар шахснинг тана аъзолари ўзгаришида ўз ифодасини топади ва ички ҳиссий кечинмаларнинг ташқи аломатларини акс эттирувчи муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Овоз оҳанги, суръати, тембри, частотаси ўзгариши, мимика, имо-ишора, пантомимика, организмнинг қизариши, оқариши, нафас олиш ва қон босимидаги беқарор ҳолатлар ихтиёрсиз ёки ихтиёрий, онгли равишда кечишидан қатъи назар эмоциянинг экспрессив (лотинча expressio-деган атамадан олинган бўлиб, ифодалаш деган маънони билдиради) жабҳаси дейилади.
Шахс ҳиссиётнинг субъекти ҳисобланиб, мазкур ҳолатнинг намояндаси, уни акс эттирувчи тариқасида оламни англаш, билиш жараёнида ўзининг шахсий фаолиятини (хулқ-атворини) мақсадга мувофиқ амалга ошириш учун ҳиссий кечинмаларни ўзгартириш қудратига эга. Ҳис-туйғулар шахсдан ажралган ҳолда вужудга келмайди, шунинг учун улар ҳиссиёт субъекти билан бирга ҳукм суради, бинобарин, ҳиссий кечинмалар аниқ инсонга тааллуқли бўлади, холос. Инсонда эмоционал таассурот қолдирадиган, юз тузилишида таъбассум ёки қайғу, гоҳо ажабланиш уйғотадиган нарса ва ҳодисалар ҳиссиётнинг объекти бўлиб ҳисобланади. Шахсдаги эмоционал ўзгаришлар унинг ҳаёти ва фаолиятида, шахслараро муносабатида, инсонлар билан муомалага киришишда, айрим ҳолларда бирон бир воқелик тўғрисида хаёл сурганда, армон туйғуси одамга хотиржамлик бермаганида юзага келади.
Ҳиссиёт субъектив ички кечинмаларда ифодаланса ҳам уни аниқлаш мумкин, чунки дилдаги қайғу аламлар, афсусланиш, ачиниш, қувониш, ўзидан нолиш, кўз ва юз ҳаракатларидаги безовталаниш, ҳадиксираш, ҳаяжонланиш ташқи тана аъзоларида, нутқ фаолиятида, сустлик, лоқайдлик ҳукмронлик қилганида бевосита ифодаланади. Ҳис-туйғулар ихтиёрсиз равишда вужудга келмайди, шунинг учун улар қатъий равишда детерминациялашган (сабабий боғланган) психофизиологик хусусиятга эгалиги туфайли у ёки бу ташқи кўзғатувчи таъсирига нисбатан муносабат билдириш (жавоб реакцияси) тарзида ҳосил бўлади. Вазият, шарт-шароитлар ҳиссиётнинг механизми тариқасида хизмат қилиши мумкин. Шуни ҳам аниқлаштириш лозимки, вазият ҳам, шароит ҳам табиий (биологик), субъектив (шахслараро муносабат) кўринишларда вужудга келганлиги сабабли ҳиссиётнинг моҳияти, сифати ва шаклига бевосита ўз таъсирини ўтказади. Қаттиқ совуқ, фавқулоддаги чанг-тўзон, хонада ток бўлмаслиги, қўпол муомала, лоқайд муносабат, авторитар хулқ-атвор ва бошқалар вазиятга, шароитга яққол мисол бўла олади.
Ҳиссиётнинг детерминизм (сабабий боғланиш) принципига асосланганлигидан қатъи назар шахс ўзининг фаолиятида, хулқида, муомаласида ҳиссиётини, эмоционал ҳолатларини идора қилишга, баъзи ҳолларда ўзини тутиб туришга, воқеликка ёки ҳодисаларга нисбатан олдинги баҳосини ўзгартиришга, ички мураккаб кечинмаларини онгли равишда бошқаришга интилади. Шахсда вужудга келувчи субъектив ҳолатлар, ҳис-туйғулар ўзининг юзага келиши, намоён бўлиши, моҳияти жиҳатидан ҳамиша объектив воқеликнинг тимсоли, инсон миясига сингдирилган, қайта ишланган кўринишидир. Объектив борлиқ юзага келтирадиган субъектив ҳис-туйғулар, кечинмалар моддий тана аъзоларидагина акс этиш билан чекланмасдан, балки муайян ўзгаришлар шахснинг фаолиятида, нутқида, мулоҳазасида, хулқида бевосита ифодаланади.
Шахс ҳиссиёт объектига нисбатан қандай шахсий муносабатда бўлиши фавқулоддаги ҳолатда «Мен» лик ифодаланиши ҳис-туйғуларнинг сифати дейилади. Масалан, шахснинг муҳаббати, раҳм-шафқати, ҳаяжонланиши, қаҳр-ғазаби, безовталаниши, руҳан эзилиш каби сифатларнинг муайян таснифи (классификацияси) мавжуддир. Сифатлар икки хил йўсинда вужудга келиши мумкин, жумладан, шахснинг ўз эҳтиёжини қондиришга ва унга қаршилик (тўсқинлик) қилишга алоқадор нарса ва ҳодисаларга нисбатан муносабатлари сон-саноқсиз бўлиши мумкин. Ҳиссиётнинг сифатлари шахснинг нарса ва ҳодисаларга нисбатан эмоционал муносабатининг ўзига хос ва зарурий аломатлари бўлиб ҳисобланади. Психологияда шахснинг ҳаётий ва табиат омилларига нисбатан эмоционал муносабатлари ижобий ва салбий туркумларга ажратилади. Ижобий сифатлар нарса ва ҳодисаларга нисбатан эҳтиёж мақсадга мувофиқ равишда қондирилса, у ҳолда роҳатланиш, қувонч ҳислари ифодаси юзага келади. Эҳтиёжларни қондиришда тўсиқлар, халақит берувчи омиллар намоён бўлса, у тақдирда нохуш кечинмалари, норозилик ҳислари туғилади. Ижобий ва салбий сифатлар бевосита йўсиндаги эмас, балки билвосита йўл билан ҳам вужудга келиши мумкин. Масалан, ҳаёт қувончларини эслаш далилликни уйғотса, муваффақиятсизликни хаёлга келтириш ҳадиксирашни ҳосил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |