Минтақавий ташкилот сифатида Европа Кенгаши фаолиятида ҳам терроризм ва экстремизмга қарши кураш борасида бир қанча ишлар амалга оширилган.
2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактлардан сўнг Европа Кенгашининг Министрлар қўмитаси, Парламент ассамблеяси ва Адлия вазирлари конференцияси терроризмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, шу асосда ҳаракатларнинг режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга киришдилар. Министрлар қўмитаси томонидан 2001 йилнинг ноябр ойида қабул қилинган бу ҳаракатлар режасида Европа Кенгашининг фаолияти қуйидаги принципларга таяниши белгилаб қўйилган:
- терроризмга қарши курашда ҳуқуқий фаолиятни такомиллаштириш;
- асосий қадриятларни сақлаб қолиш;
- терроризм сабабларини бартараф этиш.
Европа Кенгаши БМТ ХК нинг 1373 (2001) – сонли резолюциясининг бажарилишини таъминлаш мақсадида асосий эътиборни:
аъзо давлатларнинг терроризмга қарши курашдаги имкониятларини такомиллаштириш,
минтақавий ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш ва амалиётга кўмаклашадиган турли форумларни ташкил этишга қаратиб келади.
ЕК таркибида масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари билан шуғулланувчи Фанлараро гуруҳ (Междисциплинарная группа) фаолият кўсатиб, унинг таклифига биноан 2002 йил ноябр ойида Европа Министлар қўмитаси терроризмга қарши курашнинг 6 устувор йўналишини белгилаб олди:
“терроризм ҳимояси” ва “терроризм даъватлари” тушунчаларини тадқиқ этиш;
махсус тергов (қидирув-суриштирув) методлари;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилувчи гувоҳлар ва шахсларнинг ҳимояси;
ҳуқуқий соҳада халқаро ҳамкорлик;
терроризмнинг молиявий манбалари билан курашиш;
терроризмга қарши курашда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар1.
Ушбу устувор йўналишларда фаолият кўрсатишда Фанлараро гуруҳдан ташқари, ҳукуматлараро махсус қўмиталар (м-н, CОДЭХТЭР) ҳам ташкил этилган. Улар фаолияти натижаси сифатида 2003 йил 9-10 октябрда София шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда терроризмга қарши курашишнинг 1-сонли резолюцияси қабул қилинди. Унда Адлия вазирлари бу борадаги фаолиятни янада кенгайтириш ва айни пайтда, бағрикенглик муҳитидаги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва умумқадриятлар асосида (қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва плюралистик демократия) қуйидаги йўналишларни аниқлаб олдилар:
терроризмдан жабр кўрганларни ҳимоялаш, қўллаб-қувватлаш ва компенсация тўловлари билан таъминлаш;
терактларга муносабатда миллий юридик тизимларнинг самарадорлигини баҳолаш;
терроризмга қарши курашишда аъзо давлатларнинг қонунчилик ва институционал имкониятлари кенгайишини қўллаб-қувватлаш;
Европа миллий қонунлари ва халқаро меъёрлар тўпламини (биринчи навбатда терроризмга қарши кураш соҳасида) яратиш имкониятларини ўрганиб чиқиш;
БМТнинг бу борадаги фаолияти самарадорлигига ҳисса қўшишда терроризмга қарши кураш тўғрисидаги Умумевропа конвенциясининг эҳтимолий қўшимча ролини ошириш.
Шу билан бирга, ЕК терроризмга қарши кураш бўйича ваколатли халқаро ташкилотлар – Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, БМТ билан ҳам ҳамкорлик қилиб келади.
1991 йил декабрда собиқ Иттифоқ таркибидаги бир қанча (ҳозир 11 та) давлатлар келишуви асосида ташкил этилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилоти ҳам мазкур курашда муайян ишлар олиб бормоқда. МДҲ Уставида ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари этиб:
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш;
- ташқи сиёсий фаолиятни мувофиқлаштириш;
- умумий иқтисодий ҳудудни шакллантириш, транспорт ва алоқа ривожини таъминлашда ҳамкорлик;
- аҳоли ва атроф-муҳит муҳофазаси;
- ижтимоий ва иммиграция сиёсати муаммолари;
- уюшган жиноятчилик билан кураш;
- мудофаа сиёсати ва ташқи чегараларни қўриқлашдаги ҳамкорлик қилиш белгилаб олинган.
Бир қарашда кўринадики, ташкилот бевосита терроризм ва экстремизмнинг бирор кўриниши билан курашиш мақсадини қўймаган. Аммо бу – МДҲ бу борада ҳеч қандай фаолият кўрсатмас экан, деган хулосага олиб келмаслиги керак. Чунки юқоридаги йўналишларнинг дастлабки бештаси терроризм ва экстремизм вужудга келишига таъсир этиши мумкин бўлган омилларни билвосита бартараф этишга қаратилгандир. Бу эса терроризм ва экстремизмга қарши кураш профилактикаси демакдир. Сўнгги икки йўналиш эса ўз олдига терроризм ва экстремизмнинг намоён бўлиши, вужудга келиши билан боғлиқ ҳарбий-сиёсий масалаларни ҳал этишга қаратилган.
Мазкур масалада МДҲ ички органларининг биргаликдаги ҳаракатлари ҳам ўз ўрнига эга. Яъни МДҲ давлатларининг раҳбарлари, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, мудофаа вазирлари, бирлашган қуролли кучлар, чегара қўшинлари қўмондонлари, давлатлараро иқтисодий, молиявий-банк Кенгашлари, иқтисодий суд, статистика қўмитаси, инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ва б.лар терроризм ва экстремизмга тааллуқли масалаларда тегишли ваколат доирасида иш юритади.
МДҲ халқаро муносабатларни бошқаришда БМТ нинг марказий мавқени эгаллаши тарафдори бўлиб, терроризмга қарши кураш глобал стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳам унинг роли устувор аҳамиятга бўлиши керак деб ҳисоблайди. Бу борада аъзо давлатлар ва уларнинг ваколатли органлари ҳамда МДҲ нинг устав органлари ва соҳавий тузилмалари томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг асосий йўналишлари қуйидагича белгилаб олинган:
1. МДҲ аъзо давлатларининг ва умуман Ҳамдўстликнинг аксилтеррор имкониятларини ошириш.
2. Террористик ва экстремистик характердаги жиноятлар ҳақида огоҳлантириш, маълум қилиш, олдини олиш ва текшириш ҳамда улар оқибатларини минималлаштириш.
3. Террористик ва экстремистик характердаги жиноятлар учун жазонинг муқарралигига кўмаклашиш.
4. Терроризм ва экстремизм билан курашишда ҳамкорликдаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш.
5. Терроризм ва экстремизм вужудга келишига таъсир кўрсатаётган омиллар ва шарт-шароитларни таҳлил этиш, уларнинг ривожланиш тенденциясини ва МДҲ аъзо давлатлари ҳудудида намоён бўлишини башорат қилиш.
6. Терроризм ва экстремизмдан жабрланганларга ёрдам бериш ва улар ҳолатини тиклаш.
7. Террористик мақсадларда оммавий қирғин қуролларидан фойдаланишни ёки радиоактив, токсик ва бошқа хавфли моддалар, матуриаллар ва уларни ишлаб чиқариш технологияларини етказиб беришдан келадиган хатарларни бартараф этиш.
8. Террористик ва экстремистик фаолият молияланишига қаршилик қилиш.
9. Транспортнинг барча кўринишларида, ҳаётнинг барча инфратузилмаларида терроризмга қарши курашиш.
10. Террористик мақсадларда маҳаллий ёки глобал компъютер тизимларидан фойдаланиш ёки фойдаланиш таҳдидларини йўқотиш (кибертерроризм билан курашиш).
11.Терроризм ва экстремизмга қарши самарали курашишда фуқаролик жамияти билан ОАВ ҳамкорлигини таъминлаш.
12. Терроризм ва экстремизм тарғиботига қарши курашиш.
13. БМТ шафелигидаги халқаро ҳамжамиятнинг (халқаро ташкилотлар ва коллектив аксилтеррор операциялари доирасида ҳам) аксилтеррор фаолиятида иштирок этиш, янги таҳдидларга қарши курашишнинг глобал стратегиясини шакллантириш бўйича ҳамкорлик қилишда иштирок этиш.
14. МДҲ аъзо давлатларидан ташқари учинчи давлатларнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлигига ёрдам бериш.
15. Терроризм ва экстремизмга қарши курашда моддий-техник базани такомиллаштириш, шу жумладан, аксилтеррор тузилмаларни махсус техника ва ускуналар билан таъминлашни ишлаб чиқиш1.
Марказий Осиёда терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашишда шунингдек, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг ўрни ҳам тобора кенгайиб бормоқда. 2001 йил 15 июнда Ўзбекистоннинг “Шанхай бешлиги” га қўшилиши натижасида ташкил этилган бу ташкилот аввалбошдан, мазкур минтақадаги террористик, эстремистик ва сепаратистик ҳаракатларни аниқлаш бўйича ички имкониятларни бирлаштириб фаолият олиб боришга қаратилди. Ташкилот фаолиятида асосий расмий ҳужжатлар бўлиб Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш Шанхай конвенцияси (2001), ШҲТ Хартияси (2002; вазифалари, мақсад ва тамойиллари белгиланган базавий низом) ва Минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкил этиш Келишуви (2002) ҳисобланади.
Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш Шанхай конвенциясининг 2.1-моддасига кўра, томонлар (Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, ва Ўзбекистон) мазкур Конвенция, бошқа халқаро мажбуриятлар ва ўзларининг миллий қонунчилиги доирасида терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатлари ҳақида огоҳлантириш, фош қилиш ва олдини олиш бўйича ҳамкорликни амалга оширадилар.
Конвенциянинг 6-моддасида қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилиш белгилаб олинган:
Ахборот алмашув;
Оператив-қидирув тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги расмий талабларни бажариш;
Терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатлари ҳақида огоҳлантириш, фош қилиш ва олдини олишнинг келишилган чораларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, ҳамда уларни амалга ошиш натижалари ҳақида бир-бирига маълумот бериш;
Бошқа томонга қарши қаратилган терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатлари ҳақида маълумот бериш, уларни фош қилиш ва олдини олиш бўйича ўз давлатида чоралар кўриш;
Терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатларини амалга оширишнинг молияланиши, муайян шахс ва (ёки) ташкилотларга қурол-яроғ етказиб берилиши, бошқа кўмаклар берилиши ҳақида маълумот бериш, уларни фош қилиш ва олдини олиш бўйича чоралар кўриш;
Терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатларини амалга ошириш учун одамларни тайёрлаш ҳақида маълумот бериш, фош қилиш ва олдини олиш бўйича чоралар кўриш;
Буларни бажариш амалиёти тўғрисидаги меъёрий ҳужжатлар ва материалларни алмашиниш;
Терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатларини маълум этиш, фош қилиш ва олдини олиш бўйича ишлар тажрибасини ўртоқлашиш;
Ўзининг турли соҳалардаги мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
Терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳаракатларини маълум этиш, фош қилиш ва олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш зарурати туғилганда Томонларнинг бошқа соҳалардаги ўзаро келишувига эришиш1.
2002 йил 7 июнда Санкт-Перетбург шаҳрида қабул қилинган ШҲТ Хартиясида ҳам терроризм, сепаратизм ва экстремизмга ҳар қандай кўринишига қарамасдан биргаликда курашиш ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири ҳисобланиши қайд этилган2. 2001 йил Нъю-Йоркдаги сентябр воқеаларидан сўнг ШҲТ аъзо давлатлари бу терактларни қоралаб, халқаро ҳамжамиятни терроризмга қарши шафқациз кураш олиб боришга чақирди.
2002 йил 23 майда Остона (Қозоғистон) шаҳрида ШҲТ аъзо давлатлари раҳбарларининг навбатдаги учрашувида “ШҲТ аъзо давлатларининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси тўғрисидаги Келишув лойиҳасининг қарори” имзоланди. Мазкур Келишув қарори асосида шу йилнинг 7 июнида Санкт-Петербург шаҳрида “Минтақавий аксилтеррор тузилмаси тўғрисидаги Келишув” имзоланди.
Тошкентда жойлашган ШҲТнинг мазкур махсус тузилмаси (МАТТ) фаолиятида терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашишнинг қуйидаги йўналишлари бўйича тегишли ваколатли ташкилотлар ҳамкорлиги йўлга қўйилган:
- биргаликда оператив чора-тадбирлар ўтказиш. Бунинг натижасида минтақадаги вазиятга катта таъсир кўрсатиш аҳамиятига эга Фарғона водийсида салбий воқеликлар кенгаймаслиги таъминланди.
- оператив ахборотлар билан олдиндан огоҳлантириш. Бундай ҳамкорлик маълум даражада 2005-2006 йиллардаги ШҲТ аъзо давлатлари ҳудудида қатор терактлар – Налъчик шаҳри (Россия), Андижон (Ўзбекистон), Жалолобод ва Ўш (Қирғизистон), Исфара ва Хўжанд (Тожикистон) шаҳарларида босқинчилар томонидан ҳужум уюштирилишининг олди олинди.
- террорчилик ташкилотлари раҳбарлари ва аъзоларини қидириш ва манфаатдор давлатларга топшириш. 2007 йилнинг ўзида масалан, Қозоғистоннинг ваколатли органлари томонидан 10 нафар (улардан 2 таси РФ да терактларни содир этишни мўлжаллаган) шахслар Россияга, терроризм, қотиллик ва диверсияда айбланаётган 3 нафар шахс Ўзбекистонга ва ШҲТнинг бошқа давлатларига топширилган.
- биргаликда аксилтеррор машғулотларини ўтказиш. 2006 йилнинг мартида ШҲТ МАТТ Ижро қўмитасининг мувофиқлаштирувчилик роли остида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларида “Шарқ-аксилтеррор-2006”, августда эса Қозоғистон ва Хитойда “Тянъ Шанъ №1 - 2006” қўшма машғулотлари ўтказилди3.
Таъкидлаш жоизки, бундай машғулотлар биринчи марта 2003 йил августда Қозоғистонда, кейин Хитойда; кенг миқёсда эса биринчи марта 2005 йил август ойида ХХР ва Россия ҳарбий кучларининг ҳамкорлигида “Тинчлик миссияси – 2005” номи остида бўлиб ўтган эди. 2007 йил август ойида эса машғулотлар Россиянинг Челябинск вилоятида бўлиб ўтди.
Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ШҲТ аъзо давлатлари шунингдек, уларнинг таянч молиявий манбаси сифатида халқаро наркомафияга қарши кураш (2006 йил 21 апрел) ҳамда Халқаро ахборот хавфсизлиги (ХАХ) йўналишлари бўйича ҳамкорлик ҳаракатлари Режаларини ҳам тасдиқлаганлар (2007 йил август – Бишкек декларацияси).
Юқоридаги халқаро ва минтақавий даражадаги саъй-ҳаракатлар таҳлилидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, умуман, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашишнинг жамият соҳалари, таъсир этувчи омиллари, ўзига хос хусусиятлари ва б. жиҳатларидан келиб чиқиб, қатор йўналишларини ишлаб чиқиш ва белгилаб олиш мумкин. Аммо улардан энг асосийлари сифатида қуйидагиларни келтириш фикримизча, ўринлидир:
терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
терроризм ва экстремизм ҳаракатларининг моддий-техник ва молиявий таъминланишини бартараф этиш;
маънавий-маърифий тарбия ишларини тизимли йўлга қўйиш;
тарғибот-ташвиқот ишларини яхшилаш, мақсадли ахборот-таҳлилий дастурларни яратиш ва жамиятга кенг ҳавола этиш;
махсус хизмат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш.
Бу йўналишлар характерига кўра, аксилтерроризм ва контртерроризм шаклига эга бўлиб, уларни мувофиқлашган ҳолда ташкил этишгина мазкур йўлдаги самарали натижаларни таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |