БМТ тимсоли ва байроғи
Тимсоли
Тавсифи
БМТнинг мавжуд тимсоли 1946 йил 7 декабрда тасдиқланган. Бу - маркази Шимолий қутбда жойлашган, тенг узоқлашган азимутли проексия кўринишида тасвирланган дунё ҳаритаси бўлиб, у бир-бири билан ўзаро кесишувчи, оч мовий фонга тилла рангида туширилган шартли зайтун новдаларидан иборат чамбар ичига чизилган. Сув сатҳининг ҳаммаси оқ рангда тасвирланган. Харита проексияси жанубий кенгликнинг 6-даражасигача етказилган ва бешта концентрик ҳалқани ўз ичига олади.
Рамзлар
Зайтун новдалари тинчлик рамзидир. Дунё картаси БМТ ўзининг асосий вазифасини бажариш - тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида шуғулланадиган минтақаларни тасвирлайди.
Фойдаланилиши
Тимсолдан фойдаланиш БМТ Бош Ассамблеясининг 1946 йилда қабул қилинган 92 (И) - Резолюцияси шартлари билан чекланган.
Байроқ
Сана
1947 йил 20 октябр
Тавсифи
БМТ расмий тимсоли оқ рангда оч мовий тўгри тўрт бурчак марказида жойлашган ҳолда тасвирланган.
Ўлчамлари
Эни ва баландлигининг нисбати - 2га 3 ёки 3га 5, ёхуд БМТ байроғи кўтариладиган ҳар қандай мамлакатнинг миллий байроғи каби ўлчамларда; тимсоли энининг ярмига тенг бўлиб, айни марказга жойлаштирилган.
Фойдаланилиши
Байроқдан фойдаланиш БМТ байроғи тўғрисидаги БМТ кодекси ва тегишли қоидалар билан тартибга солинади
3-БОБ. БМТНИНГ БУГУНГИ КУНДА ДУНЁДА ТИНЧЛИКНИ ЎРНАТИШДАГИ РОЛИ
3.1. БМТнинг дунёда тинчликни ўрнатиш йўлдаги фаолиятининг умумий хусусиятлари
Тинчлик ва омонлик. Бир қарашда, оддий бўлиб кўринадиган ушбу икки калима замирида ривожланиш, тараққиёт ва фаровонлик тушунчалари мужассам.
Шу боис нуронийларимиз дуога қўл очишганида, оилаларимизга, маҳалламизга, юртимизга, бутун дунёга тинчлик ва омонлик тилашни канда қилишмайди.
Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида ушбу ҳаётий ҳақиқатни яна бир бор ёдимизга солиш орқали тинчликни таъминлашга ҳар биримиз масъул эканимизни алоҳида таъкидлади.
Хусусан, “...халқимизнинг юрак-юрагига сингиб, ҳаётининг мазмунига айланиб кетган “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватни амалга ошириш ҳаммамизнинг энг долзарб вазифамиз бўлишини истардим”, деб барчамизни янада огоҳ бўлишга чорлади. Бу бежиз эмас, албатта. Нега деганда, бугун дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган нохуш воқеаларнинг оқибатларини, ҳимоясиз қолган гўдакларнинг кўз ёши, оналарнинг фарёди ва вайронагарчиликларни кўриб, билиб турибмиз. Энг ёмони, бу ҳудудларда тинчликни қарор топтириш осон кечмаяпти. Шунинг ўзиёқ бизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди. Бунинг устига, тинчлигимизга таҳдид солиши мумкин бўлган хавф-хатарлар мавжудлигини инобатга олсак, бу даъват замирида нечоғли катта ҳикмат мужассам эканлигини чуқур англаб етамиз.
Маълумки, дунёга хавф солаётган таҳдид бугунги кунда жуда серқирра бўлиб, эндиликда у бирон давлат ёки минтақа билан чегараланиб қолаётгани йўқ. У бутун дунёга хавф солмоқда. Жумладан, бугунги таҳдид сиёсий ва диний экстремизм, миллатчилик ва миллий маҳдудлик, этник ҳамда миллатлараро низолар, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик зиддиятлари, коррупция ҳамда жиноятчилик ва экологик муаммоларни ўз ичига қамраб олади. Буларга турли кимёвий воситалар, зарарли модда ҳамда минерал ўғитларни, саноат ва қурилиш материалларини сақлаш, ташиш ҳамда фойдаланиш қоидалари қўпол равишда бузилиши билан боғлиқ таҳдидларни қўшсак, она-сайёрамизни ўраб-чулғаб олаётган хавф-хатар қанчалик чуқур илдиз отиб бораётганини ўзимизга теран тасаввур қиламиз.
Гарчи, бундай таҳдидлар турли минтақада турли кўринишда намоён бўлса-да, инсоният учун, унинг тараққиёти учун бир хилда хавф солаётганини англамаслик, тушунмаслик асло мумкин эмас. Шу боис давлатимиз раҳбари, халқимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бундай хатарли таҳдидларга нисбатан доимий равишда ўзининг қатъий позициясини билдириб келмоқда.
Хусусан, Президентимиз И. Каримов Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида бунга яна бир бор эътибор қаратиб, жумладан, шундай деган эди: “Минтақамизда ва бутун дунёда юзага келаётган мураккаб геосиёсий шароитда бизнинг зиммамизда мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шу муқаддас заминимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаётни сақлаш каби бири-биридан масъулиятли ва кенг кўламли бир қатор вазифалар борки, юртимизнинг, жондан азиз фарзандларимизнинг бугунги ва эртанги куни ана шу масалаларни қанчалик муваффақият билан ҳал этишимизга боғлиқдир”.
Айтиш керакки, бу борада, бир зумга бўлсин, ҳушёрликни қўлдан бериб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Зеро, терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, наркобизнес ҳамда “оммавий маданият” ёки “инсон ҳуқуқлари ҳимояси” ниқоби остида кириб келаётган турли хавфли таҳдидлар инсоният бошига қандай бало ва офатларни солаётганини кўриб турибмиз. Шундай экан, улар билан сира муроса қилиб бўлмайди.
Мазкур ҳаётий ҳақиқатни теран англаган Ўзбекистон Истиқлолнинг илк даврларидаёқ бу борада қатъий позицияни белгилаб олганлигини бугун нафақат биз, балки халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этмоқда. Бунинг учун яқин ўтмишга ибрат кўзи билан назар солишнинг ўзи кифоя қилади. Кечагидек ёдимизда. Президентимиз ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бизга ҳасад билан қарайдиган ташқи ва ички душманларнинг юртимизда ҳукмронлик қилиш, ўз ёвуз мақсадига эришиш учун қандай хавфли хуружлар қилганини содда ва тушунарли қилиб баён қилиб берганди.
Ана шундай таҳликали паллаларда ҳам Юртбошимиз донишмандлик ва жасорат билан нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё минтақасида тинчликни кафолатлай олди. Буни вақт ўтгач, барчамиз янада теран англаб етаяпмиз.
Иккинчи томондан, давлатимиз раҳбари нафақат юртимиз ва минтақамиз, балки бутун дунёда тинчликни сақлашда ҳам қатор ташаббуслар кўрсатиб келмоқда.
Хусусан, НАТО/СЕАП саммитидаги нутқи шу жиҳатдан аҳамиятли, десак, айни ҳақиқатдир. Ўшанда Ўзбекистоннинг НАТО билан “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасидаги ҳамкорлик истиқболи, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида ўз қарашларини баён этиб, хусусан, шундай таъкидлаган эди: “Кўп миллатли Афғонистон халқининг анъанавий диний, миллий-маданий қадриятлари ва урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, камсонли миллатлар манфаатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, нафақат Афғонистон, балки бутун мусулмон оламида тоқат қилиб бўлмайдиган вазият ва кескинликка сабаб бўлаётган ислом динига нисбатан мутлақо асоссиз хуруж ва бўҳтонларга йўл қўймаслик даркор.
...1997 — 2001 йилларда БМТ кўмагида самарали фаолият кўрсатган, Афғонистон билан қўшни давлатлар, Америка Қўшма Штатлари ва Россиянинг ваколатли вакилларидан ташкил топган “6+2” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича музокаралар жараёнини қайта тиклаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Ушбу мулоқот гуруҳи томонидан БМТ шафелигида Афғонистон муаммосини ҳал этиш юзасидан гуруҳга аъзо давлатларнинг умумий принциплари ва ягона ёндашувлари ишлаб чиқилди, 1999 йил июлда Тошкентда қарама-қарши томонларнинг учрашуви ташкил этилди ва ўтказилди, “Афғонистондаги зиддиятни бартараф этишнинг асосий принциплари тўғрисида”ги Тошкент декларацияси қабул қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши Тошкент учрашуви якунларини афғон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этди ва ушбу декларация асосида тегишли қарор қабул қилди.
2001 йилгача фаолият кўрсатган “6+2” мулоқот гуруҳини ҳозирги воқеликни инобатга олган ҳолда ва музокаралар жараёнида НАТО ваколатхонаси ҳам албатта иштирок этишини назарда тутиб, “6+2”ни “6+3” гуруҳига айлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз”.
Фақат дунё тинчлиги ва инсониятнинг эртанги кунидан хавотирга тушган шахс ана шундай ғоялар устида бош қотиради ҳамда минг бор ўйланган режасини нуфузли минбарларда ҳам дангал ва дадил айта олади.
Умуман олганда, Президентимиз фаолиятида нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда тинчликни сақлаш учун кураш етакчи ўринларда туради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, биз истиқлол йилларида қандай натижаларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси тинчлик ва омонлик туфайлидир. Буни суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва қўлга киритилган ютуқлар, хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишидаги натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йиллар давомида соҳада олиб борилган ислоҳотлар туфайли юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг самарали механизми яратилди.
Айтиш лозимки, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш жараёнида суд ишини соддалаштириш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Шу мақсадда амалдаги Жиноят-процессуал кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартишлар киритилиб, ишларни апелляция инстанциясида кўриб чиқиш тартиби йўлга қўйилди. Натижада апелляция инстанцияси суд қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, янги ҳал қилув қарори қабул қилишдек процессуал ҳуқуққа эга бўлди. Бу Фуқаролик процессуал кодексига киритилган янги бобда ҳам ўз ифодасини топган, яъни судья маълум низосиз тоифадаги талаблар бўйича суд буйруғи чиқариш ваколатига эга бўлди.
Яна бир янгилик шундаки, ўтган даврда иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти кенгайтирилди. Унга кўра, жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш кўринишидаги жазо тури чиқариб ташланди. Айни чоғда 2001 йилда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан жиноятлар таснифи ўзгартирилди. Натижада оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киритилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида халқимизнинг табиати ва феълига мос келадиган ярашув институти татбиқ этилиши ҳам муҳим янгилик бўлди. Зеро, халқимизга хос бағрикенглик, олижаноблик, йиқилганни суяш ёхуд адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби қадриятларни ўзида мужассам этган бу институт амалда ўз самарасини бермоқда. Мазкур институт жорий этилгандан буён ўтган давр ичида 143 минг нафардан ортиқ фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилганлиги ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Айни чоғда юртимизда 53 та жиноят бўйича бу институт қўлланилаётгани унинг кўлами ва аҳамиятидан дарак бериб турибди.
Табиийки, буларнинг барчаси юртимизда бебаҳо неъмат бўлган тинчлик ва тотувликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Буни “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги байрами арафасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ҳам яққол тасдиқлаб турибди. “Кўп миллатли Ўзбекистон” мавзуидаги бу каби сўровлар БМТнинг ирқий камситишларни бартараф этиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид тавсияларини бажариш бўйича амалдаги Миллий дастур мониторинги ва Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган фуқаролар тинчлиги, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, барқарорлик ҳамда бир-бирини тушуниш фазилатларини мустаҳкамлашга қаратилган шароит ва омилларни яратиш бўйича вазифалар ижроси доирасида доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Сўровда қатнашган юртдошларимиз — турли миллат ва касб эгалари мустақиллик йилларида тинчлик, миллатлараро ва фуқаролар ўртасидаги аҳиллик тушунчаларини қадрлаб, уларга ўзларини дахлдор, деб билишини баён этишган. Айни чоғда тинчлик ва осойишталикни бу даврда эришган энг катта ютуғимиз сифатида келтиришган. Иштирокчиларнинг катта қисми — 98,6 фоизи ана шу фикрда эканлиги, айниқса, эътиборлидир. Шу билан бирга, ижобий кўрсаткичларнинг асосий омили, бу — Президентимиз томонидан узоқни ўйлаб олиб борилаётган сиёсат, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар самараси сифатида баҳоланган.
Мониторинг якунларига кўра, ҳамюртларимиз миллати, дини, ижтимоий мақомидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади. Миллий ва фуқаровий ўзига хос жиҳатлар ҳамда хилма-хиллик ёрқин намоён бўлган мустаҳкам фуқаролик бирлиги бугунги ҳаётимизда ўз ифодасини топган. Бундай фазилатлар ёшлар ва фаол меҳнат ёшидаги фуқаролар ўртасида кенг қарор топган бўлиб, бу юртимизнинг истиқболда янада тараққий топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади, албатта.
Иштирокчилар тимсолида бутун халқимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолайди. Бу борадаги кўрсаткичлар йилдан-йилга ошиб бораётгани, айниқса, диққатга сазовор. Жорий йилда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларни мамлакат аҳолисининг 96,5 фоизи эътироф этгани ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
Сўровда аниқландики, аҳолининг кўмакка муҳтож қатламининг ижтимоий муҳофазаси, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган интилишлар самараси ўлароқ, юртдошларимизда кўтаринки ижтимоий кайфият янада ошиб, мустаҳкамланиб бораяпти.
Давлат тили мамлакатда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро тотувлик, одамларнинг маънавий ва сиёсий бирлигини таъминлашда муҳим ижтимоий ва социал-психологик аҳамият касб этаётгани ҳам сўров чоғида ўз тасдиғини топди.
Дарҳақиқат, давлат тилини билиш аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, таҳлилларга кўра, давлат тилини билмасликка оид муаммо йилдан-йилга камаймоқда. Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойи, миллатидан қатъи назар, давлат тилини у ёки бу даражада билади.
Сўровда қатнашганларнинг катта қисми ўзбек тилини етарли даражада билишини қайд этган. Айтиш мумкинки, истиқлол йилларида фуқаролар ўртасида давлат тилини билиш айни зарурат эканлиги тўғрисидаги қараш шаклланиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир.
Жорий йилда аҳолининг қарийб 92 фоизи Ўзбекистонда “ўзини аъло даражада ҳис этаётгани”ни кўрсатган. Бу эса истиқлол йилларида ўтказилган ижтимоий сўровлар давомидаги энг яхши кўрсаткичдир. Респондентлар буни мамлакатимизда оилалар ижтимоий аҳволи яхшиланиб бораётгани, уларнинг фаровонлиги ўсаётгани ҳамда бу ерда яшаётган барча миллатлар ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётгани билан боғлаганлар. Улар ўз жавобларида миллатлараро ҳамжиҳатлик, тинчлик-барқарорлик, миллатлараро, динлараро, фуқаролараро аҳилликни юксак баҳолар экан, бунинг барчаси Президентимиз томонидан олиб борилаётган изчил ва самарали миллий, ички ва ташқи сиёсат самараси эканлигини алоҳида қайд этишади.
Сўровларда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари одил судловни амалда қарор топтириш орқали юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тинчлик ва омонликни кафолатлашга хизмат қилаётгани ҳам таъкидланган. Айни чоғда респондентлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиши юртимизда тинчлик ва омонликни таъминлашда муҳим роль ўйнаётир, деб ҳисоблашган.
Умуман олганда, Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар диёримизда тинчлик ва омонликни кафолатлаш орқали аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу амалда ўзининг кутилган самарасини бермоқда. Зеро, тинчлик ва омонлик бўлган жойда юксалиш бўлади, ана шу икки омилга эришган одамнинг уйида ҳам, кўнглида ҳам хотиржамлик ҳукм суради, бундай инсон ҳақиқий бахт ва ҳаловатни туйиб яшайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |