Бўёқбоп елимлар. Бўёқ таркибларини тайёрлашда боғловчи сифатида ҳайвонот, ўсимлик ва полимер елимлар кўп ишлатилади. Бўяладиган юзани грунтлашда, деворларни шпаклёвкалашда, бўёқ таркибини тезроқ қотириш мақсадида елимли эритмалардан фойдаланилади. Улар ҳайвонот елими, суяк, казеин ва гўшт пардадан ишланган хилларга бўлинади.
Суяк елими обдан тозаланган ва ёғи ажратиб олинган ҳайвон суякларини қайта ишлаб олинади. Суяк елими тўрт хил кўринишда: қаттиқ плитка шаклида, йирик донали қилиб туйилган, кукун қилиб туйилган ва галлерит деб аталувчи бўтқасимон кўринишда тайёрланади. Шуни эсда тутиш керакки, елим чириши мумкин, шу сабабли уни қуруқ жойда сақлаш керак. Елим эритмаси айниқса тез чирийди. Бунда, чириган елимдан фойдаланиб тайёрланган бўёқ ички юзаларга суртилса, хонада бадбўй ҳид узоқ вақт сақланиб қолади.
Бўёқ таркиблар тайёрлаш учун ишлатиладиган суяк ва гўшт парда елимлари қуйидаги техник талабларга жавоб бериши лозим: қаттиқ елимни 24 соат сувга солиб қўйганда унда моғорлаш ёки чириш сингари аломатлар бўлмаслиги, у шишмаслиги керак.
Казеин елими. Казеин елими қуруқ казеин кукунининг ишқор ва минерал тузлар билан аралашмасидан иборат. Казеин-сут таркибида 4% миқдорида оқсил моддалар бор. Сут ачитилганда ундан сузмасимон қуйқа тарзда казеин ажралиб чиқади. Творогда 20% га яқин тозаланмаган хом казеин бўлади. Техника казеини сутдан тайёрланади. Бунинг учун сут ачитилади. Aжратиб олинган казеин ювилади ва қуритилади. Натижада, хира сариқ рангли қаттиқ казеин кесакчалар олинади, кейин улар манний крупа йириклигида туйилади.
Казеин совуқ сувда ҳам иссиқ сувда ҳам эримайди. Уни эритиш учун сувга сода, поташ, новшадил спирт каби ишқорларнинг биридан тахминан 5% қўшилади. Шунда казеин эриб кетади ва бир соатдан кейин ундан пишиқ елим ҳосил бўлади.
Казеин елими обдан туйилган казеинга сўндирилган оҳак ва минерал тузлар (фторли натрий, сода, мис купароси ва ҳ.к.) қўшиб бир оз керосин аралаштириб тайёрланади. Ишлатиш учун жуда қулай бўлган кукунсимон казеин елими тоза бўлиши, ундан ҳид келмаслиги керак. Казеинли бўёқ таркибларни тайёрлашда асосан ишқорга чидамли пигментлар ишлатилади.
Қўшиладиган ашёларнинг сифатига қараб казеин елими икки хил: экстра (В-107) ва оддий (06) навда тайёрланади. Кукун ҳолдаги казеин елими бир жинсли, қўшилмалар аралашмаган ва моғорламаган бўлиши керак. Елимдан чириган ҳид келмаслиги зарур. Бир оғирлик қисм елимга икки оғирлик қисм сув қўшиб, 15—20°C ҳароратда кўпи билан бир соат аралаштирилганда барча бўлаклари эриб битган бир жинсли эритма ҳосил бўлиши керак. Елимни қуруқ жойда сақлаш шарт.
Казеин елими асосан фасадларни бўяшда ишлатилади, чунки у жуда пишиқ, ювилмайдиган бўёқ парда ҳосил қилади.
Крахмаллар. Қандай хомашёдан тайёрланганига қараб крахмаллар ҳар хил бўлади: картошка, маккажўхори, буғдой, гуруч крахмали ва бошқалар. Крахмал кафтга солиб сиқилганда ғирчиллайдиган майда оқ кукундан иборатдир.
Крахмал совуқ сувда эримайди, шунинг учун уни ишлатишда устига иссиқ сув қуйилади ва қайнатилади, шундан кейин қуюқ клейстер ҳосил бўлади. Крахмал думалоқ-думалоқ бўлиб қолмаслиги учун унга аввал совуқ сув қўшиб қорилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |