Винипласт қувурлар — пластификатор ва махсус тўлдиргичлар қўшиб тайёрланган поливинилхлорид смоладан олинади.
Винипласт қувурлар ўзининг занглашга чидамлилиги, пишиқлиги ва енгиллиги туфайли газ ва нефт қувурлари, оқова сув шахобчалари, шамоллатиш системаларини монтаж қилиш ва зарарли суюқликларни, газларни ва кимёвий реактивларни узатишда ишлатилади.
Полиетилен қувурлар. Полиетилен қувурлар ўзининг юқори физик-кимёвий хоссалари туфайли хилма-хил жойларда ишлатилади.
Қувурлар тайёрлаш учун полиетилендан кенг фойдаланилаётганлигига асосий сабаб шуки, у енгил, занглашга чидамли, оқиб ўтаётган суюқлик ҳаракатига кам қаршилик кўрсатади, кислота, ишқорлар таъсирига чидамли ва эластик. Полиетилен қувурлар винипласт қувурлардан 1,5 марта, пўлат қувурлардан эса 10 марта енгил. Уларни 50 йилгача бемалол ишлатиш мумкин.
Фаолит қувурлар. Фаолит — фенолформалдегид смола асосида олинадиган зичланган ашё. У учун тўлдиргич сифатида асбест, графит, кварс қуми ва майдаланган кокс ишлатилади. Фаолит қувурлар кислоталар (хлорли ва фторли водород) таъсирига чидамли. Шунинг учун улар кимё саноатида зарарли суюқликларни узатишда ишлатилади.
Шишапластик қувурлар — Қурилишда ишлатиладиган қувурлар ичида асосан босимсиз ишлайдиган қувурлар, саноат биноларида шамоллатиш каналлари, ванна, раковина, идиш-товоқ ювадиган баклар ва бошқаларни ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Шишапластик қувурлар 150°C ва ундан ортиқ ҳароратга чидайди. Улар полиефир смолалардан олинади. Улардан сув иншоотларида ва кимёвий суюқликларни узатишда ҳам фойдаланилади.
Узунасига ўлчанадиган буюмлар деганда плинтуслар (пол ёки девор ўртасидаги чокни беркитиб турувчи узун тахталар), зинапоя тутқичи, часпак (наличниклар), эшик ва ойна блоклари ҳам кўзда тутилади.
ПВХ дан тайёрланган, узунасига ўлчанадиган буюмлар, плинтус, даста ва зинапоячалар учун накладкалар тайёрлашни ўз ичига олади. Плинтуслар бурама мих ёрдамида маҳкамланади, ашёнинг силлиқ сиртидаги ифлос доғлар осон артилади, қўшимча бўяшни талаб қилмайди. Мураккаб шаклдаги плинтусларда радио ва телефон симлари учун найчалар қолдирилган бўлади.
Зинапоя тутқичини ўрнатиш ва уни маҳкамлаш жуда осон, қўшимча меҳнатни талаб қилмайди, сирти тўғри ва силлиқ, қўл билан ушлаш қулай. Зинапоя тутқичлари оқ, кўк, зангори, ҳаворанг, пушти, қизил, кулранг, жигарранг, қора ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Часпак (наличник) эшик, дераза, айниқса пардадевор тирқишларини беркитишда ишлатилади.
Нашелниклар сантехника ускуналари билан деворлар ўртасидаги тирқишларни беркитишда ишлатилади. Шунингдек, деворлар ўрама ашёлар ва плиткалар билан қопланганда қоладиган чокларга ишлов бериш ва деворбоп йирик панелли биноларнинг уланиш жойлари ва чокларига ишлов бериш учун ишлатилади. Ундан ташқари, дераза, эшиклар ва йирик панелли девор чокларини зичлашда ишлатиладиган қистирмалар тайёрланади. Карнизлар девор билан шифтнинг туташган бурчакларини безашда ишлатилади. Бундай буюмлар бўтқа, бурама мих ёрдамида асосга маҳкамланади ёки иссиқ ҳаво воситасида пайвандланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |