Резина-плиткалар. Саноат ва жамоат бинолари полларини қуришда қўлланилади. Бундай поллар қайишқоқ, эластик ва шовқинсиз бўлади. Резина плиткалар икки қаватли қилиб ишланади. Сирт томони синтетик каучукли рангли резина аралашмасидан, таги эса майдаланган резина билан битум аралашмасидан тайёрланади. Қурилишда юпқа ва товуш ўтказмайдиган қалин резина плиткалар ҳам полга ётқизиш учун кўп ишлатилади.
Чоксиз қуйма поллар. Ишлатиладиган хомашё турига кўра, бундай поллар 3 хил бўлади: полимербетонли, полимерцементли ва поливинилацетатли. Бундай таркибда тайёрланган қоришмалар пластик бўлади ва қуйма ёки махсус тебратгич машиналар воситасида ётқизилади. Бундай поллар текис, бир хил рангда ва турли майда ёки йирик чуқурчалардан холи бўлиши керак.
Поливинилацетатли (ПВA) қоришма одатда юқори нам, зарб таъсирида бўладиган ва темир ғилдиракли машина ёки аравачалар юрадиган полларда ишлатилмайди. Чунки, ПВA қотгандан кейин ҳам унинг пластиклиги сақланиб туради. Унга сув ёки нам таъсир этганда мустаҳкамлиги камаяди. ПВА бўтқа чоксиз полларни ётқизишда бир қатламли ёки икки қатламли бўлиши мумкин. Бир қатламли ПВA бўтқа, обдан сифатли қилиб текисланган асосга 2-2,5 мм қалинликда ётқизилади. Aгар пол асоси қониқарсиз бўлса, 3-4 мм қалинликда икки қатлам қилиб ётқизилади. ПВA бўтқаси, асосан боғловчи кукун тўлдиргич, ранг берувчи ва сув қоришмасидан ташкил топган.
ПВA бўтқа ашёни оғирлигига кўра % ҳисобида тахминан қуйидаги миқдорда олиш мумкин: қуйи қатлам учун ПВА суви — 36%, кукун тўлдиргич — 54%, пигментлар — 6% ва сув — 5%; юқори юза қатлам учун ПВA суви — 56%, кукун тўлдиргич — 30%, пигментлар — 4% ва сув 10% гача миқдорда олинади. Бўтқанинг сувга чидамлилигини ошириш учун уни 1 соат давомида 50°С иссиқликдаги формалин ва хлорид кислота билан ишлаш зарур. ПВА бўтқаси билан ётқизилган пол лак билан бўялса унинг чидамлилиги ортади.
Чоксиз полларни ётқизишда ишлатиладиган полимерцемент қоришмалар ПВA ёки дивинилстирол каучук суви, портландцемент, қум, мармар ёки гранит майдаси ва минерал пигментларни қориштириб олинади. Полимерцемент поллар ишлатилишига кўра бир ва икки қатламли бўлади. Полимерцемент қоришма пластик ва қуйма ҳилларга бўлинади.
Қуйма полимерцемент поли бир қатламининг қалинлиги 3-4 мм бўлса, пластик қоришма ётқизилганда эса қалинлиги 7—10 мм қилинади. Икки қатламли пол ётқизиш керак бўлса, қуйма полимерцемент бўтқа 10—14 мм қалинликда бўлиши керак. Шу билан бирга юза қатлами 7—10 мм қалинликда пластик қоришма билан текисланади.
Полимерцемент бўтқаси қуйидаги таркибда тайёрланади (бир хил рангдаги қуйи қатлам учун): 400 маркали портландцемент —17—18%; 50% ли ПВA суви — 7—8%; кукун тўлдиргич — 70%; ранг берувчи пигмент — 5—6%.
Текисловчи юза қатлам учун: 400 маркали портландцемент — 13-14%; 50% ли ПВA суви — 5-6%, кукун тўлдиргич — 75—80%.
Бўтқанинг қулай жойлашувчанлигини ошириш мақсадида қоришмага цемент оғирлигига нисбатан 45—55% миқдорда сув қўшилади. Полимерцемент қоришмаси асос билан жуда мустаҳкам ёпишувчанлик хусусиятига эга. Шунингдек, ишқаланишга ва зарбга бўлган мустаҳкамлиги қониқарлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |