Синтетик смолалардан ишланадиган пардозбоп қурилиш буюмлари
Тураржой ва жамоат биноларини қуришда сарфланадиган умумий харажатнинг 15—20% ини пардозлаш ишлари ташкил этади. Полимер ашёлар ишлатилишига кўра қуйидаги хилларга бўлинади: полбоп ашёлар; хонанинг ички деворларини пардозлашда ишлатиладиган ашёлар; қурилиш конструкцияларибоп ашёлар; узун ўлчамли қурилиш буюмлари; синтетик елим ва мастикалар; иссиқликни ва товушни кам ўтказадиган ашёлар; томбоп сувга чидамли ва герметик ашёлар; сантехника асбоблари, қувурлар ва синтетик арматуралар; синтетик лок-бўёқ ашёлар.
Полбоп ашёлар. Кейинги вақтларда тоза табиий ашёлардан пол қуриш кўпаймоқда. Шулар қатори синтетик смолалар асосида тайёрланадиган ўрама ашёлар ҳам кенг ишлатилмоқда. Шуларнинг айримлари билан танишиб чиқамиз.
Линолеум — бир ёки икки қатламли ўрама ашё. Устки қатлами пластмассадан, осткиси дағал газлама, намат, махсус картон ва бошқа ашёлардан ишланган бўлади. Саноатимиз глифтал полихлорвинил, колоксилин ва резина линолеумлар ишлаб чиқармоқда.
Глифтал линолеум асоси мато бўлиб, унга ўсимлик мойи, ёғоч ёки унинг ўрнини босувчи бошқа модда, кукун тўлдиргичи (пўкак, ёғоч ёки пигментлар) бўлган сунъий ёки табиий смолалардан иборат пластик масса қатлами ётқизилган. Ўрама линолеумнинг узунлиги 20 метр, эни 1,8—2,0 метр, қалинлиги 2,5-3,0 мм га тенг. Бир хил линолеум сидирға ва рангдор қилиб чиқарилади.
Колоксилин линолеум (нитролинолеум) — смола ва тўлдиргичлардан ташкил топган пластик массани махсус барабанлар воситасида яссилаб ишланган асоссиз бир қатламли ўрама тасма. Ўраманинг узунлиги 20 метргача, эни 0,88 дан 1,2 метргача бўлади.
Полихлорвинил линолеум — асосли ва асоссиз бўлади. Линолеумнинг устки қатлами сифатида синтетик смолалар (масалан, полихлорвинил смола), кукун тўлдиргич (талк), пигментлар ва пластификаторлардан ишланган мастика ишлатилади. Линолеум ўрамининг узунлиги 12—15 метр, эни 1,6 метр, қалинлиги 2-2,5 мм, ранги — жигарранг, сариқ, яшил, тўқ-қизил ва ҳ.к. бўлади. Линолеумлар сиртига гулдор ғалтак юргизиб, унда ҳар хил расмлар ҳосил қилиши мумкин.
Aшёларнинг пишиқ ва пухталиги, ҳар хил кимёвий моддалар таъсирига бардош бериши, шунингдек, бежирим кўриниши ундан тажрибахоналар, саноат ва жамоат бинолари полларини тўшашда, шунингдек, автоматика, самолёт ва поезд вагонларида кенг фойдаланилади.
Булардан ташқари, бинокорликда асбест-кумарон ва асбест-смола плиткаларидан ҳам кенг фойдаланилади.
Шиша-линолеум. Шиша-линолеум бир қанча афзалликларга эга: чиримайди, киришмайди, ташқи кўриниши бежирим, товуш ютувчан, илиқ асосли. Шиша линолеум асосига шиша толали ашё қопланган бўлади. Икки қатламли илиқ шиша линолеумнинг икки қатламли оддий жун асосли линолеумдан фарқи шундаки, у ёнғинда хавфсиз бўлади. Илиқ шиша линолеумни бевосита бетон устига ётқизса ҳам бўлади.
Релин (резина линолеум) икки қатлам қилиб тайёрланади. Устки қатлам синтетик каучук асосида тайёрланган рангли резина аралашмасидан (қалинлиги 1 мм), остки қатлам эса битум қўшиб регенерланган (тикланган резинадан, қалинлиги 2 мм) га тенг. Бир ўрамининг узунлиги 10—12 метр, эни 1,5 метргача, қалинлиги 3—5 мм бўлади. Релин сидирға рангли (қизил, кўк, сариқ, яшил ва ҳ.к. рангларда) ва мармарсимон қилиб чиқарилади. Унинг ишқаланишга чидамлилиги 0,05 г/см2 дан ошмайди. Релин сувга ва кўпгина зарарли эритмалар таъсирига чидамли. Шунинг учун у санитария хоналари, ошхона, зина супачаси ва полларни қоплашда ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |