Ё. Н. Файзиев,А. М. Ашурметов, А. Ж. Хамраев,М. Н. Агзамова, М. Д. Ахмедов, Билим соҳаси ижтимоий таъминот ва соғлиқни сақлаш-500000 Таълим сохаси соғлиқни сақлаш -510000
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМВАЗИРЛИГИ.
Ё.Н.Файзиев,А.М.Ашурметов, А.Ж.Хамраев,М.Н.Агзамова, М.Д.Ахмедов, Билим соҳаси ижтимоий таъминот ва соғлиқни сақлаш-500000 Таълим сохаси соғлиқни сақлаш -510000
Даволаш иши- 5510100 Педиатрия иши- 5510200 Таълим йуналишлари учун
ТОШКЕНТ 2015
Кириш
Қон кетиши ва унинг хирургиядаги ўрни. Қон кетишни тўхтатиш ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимидан ўта тезкорлик билан ва уни аниқ амалга оширишни талаб этади. Бу эса ўз навбатида беморни ҳаётини сақлаб қолишга ва батамом қонни тўхтатишга замин яратади. Бу борада тиббиёт олигохларида талабаларнинг умумий хирургия фанидан қон кетиши ва уни тўхтатиш усулларини ўргатишда ушбу ўқув қўлланмаларнинг аҳамияти катта хисобланади.
Қўлланмада қон кетишининг тарихи, таснифи, клиник белгилари, кузатиладиган асоратлар, йўқотилган қон миқдорини аниқлаш усуллари баён этилган.
Қон кетишини вақтинчалик ва батамом тўхтатиш усуллари кўргазмали расм ва жадваллар билан берилиши ўқув қўлланмани талабалар томонидан ўзлаштирилишини енгилаштиради.
Ўқув қўлланмада қон ва унинг таркибий қисмларини қуйишда кузатиладиган асоратлар ва қон ўрнини босувчи суюқликлар ҳақидаги барча маьлумотлар ўз аксини топган.Ўқув қўлланма намунавий тест ва вазиятли масалалар билан бойитилган. Қўлланмада Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган буйруқ иловалари ва фойдаланилган асосий ва қўшимча адабиётлар рўйхати келтирилган.
I -БОБ. ҚОН КЕТИШИ ВА УНИ ТЎХТАТИШ УСУЛЛАРИ.
1.Қон кетиши ва уни тўхтатишнинг қисқача тарихи.
Қадим замонларда ҳам одамлар тан жароҳатлари олганларида қон кетишининг олдини олиш мақсадида жароҳат юзасини босиб ёки қаттиқ боғлаб кўйганликлари хакида маълумотлар бор. Қадимги Миср ҳакимларининг қон кетаётган жароҳат юзасига қиздирилган темир босилганлиги ҳақида маълумот берган қўлёзмалар хозирги вақтларгача сақланиб қолган. Ўрта асрларда қон кетишини тўxтатиш мақсадида жароҳат юзасига қайноқ ёғ томчилари томизилган. XIX аср ўрталарида эса Пакелен асбоби орқали жароҳатни куйдириш усули билан қон кетишини тўxтатишга уринишган. Айни вақтда бу усуллар диатермокоагуляция асбоби - электр пичоғи орқали бажарилган. Милоддан аввалги III асрдаёқ кўхна Александрияда боғлам усуллари қўллана бошланган. Қон кетаётган жароҳат юзаси томирини тикиш усулларини Целс ва Гален қўллаган. Аммо бу усуллар унутилиб, фақатгина XVI асрда Амбруаз Паре қон кетаётган томирларни, асосан артерияларни тикишни таклиф қилган. Шу билан биргаликда, А. Паре жароҳатларни даволаш вақтида аъзолар ампутациясини таклиф қилган. Ампутациялар вақтида оғрикларни камайтириш ва қон кетишининг олдини олиш мақсадида боғлам (жгут)ларни тавсия қилган. 1616 йилда У. Гарвей артериал ва веноз қон томирларидан қон кетишини тўxтатишда боғлам (жгут)ларни ҳар xил ҳолда қўйишни таклиф қилган. 1628 йилда эса одам қон айланиш доирасига оид ўз илмий мақоласини эълон қилган. Шундан кейингина қон кетишида жгутлашдан кенг миқёсда қўллай бошлашган. Асосан бу боғламлар 1673 йилда Ф. Эсмарx юмшоқ резина боғлам (жгут)ни таклиф этганидан кейин кенг таркалган. XVIII асрда Ж. Xантер қон кетаётган томирларни жароҳат сохасидан эмас, балки бошқа томир йўналишидаги қисмидан тикишни таклиф этган. Томирларни тикишни осонлаштириш мақсадида Ж. Пеан томирлар учун қисқич асбобини яратган. Сўнгги ўн йилликларда томирдан кетаётган қонни тўxтатишнинг янги усуллари сифатида қуруқ совуқ ва лазер нурлари қўлланилаяпти.