Рецепторларнинг қўзғалиш механизми Рецепторлар таъсирланганда уларда нерв импульслари келиб чиқади, яъни рецепторлар гўё таъсиротни қўзғалишга айлантиради (трансформация). Шунга асосланиб, рецепторларни кўпинча техникада ишлатиладиган ўзгартирувчи датчикларга ўхшатишади. Датчикларга ташқи куч таъсир этганда электр токи ёки кучланиш вужудга келади ёки уларнинг электр характеристикалари ўзгаради. Бу ғоят шартли ўхшатишдир. Узгартирувчи датчиклар уларга таъсир этувчи энергиядан фойдаланиб ишлайди, бундай датчикларда рўй берувчи процессларга қарама-қарши ўлароқ, рецепторларда таъсирот энергияси қўзғалиш процессига айланади, бунинг учун рецепторларга ташқи энергия берилмайди, балки рецепторлар ўзидаги моддалар алмашинувидан энергия олади. Рецепторларда қўзғалишнинг вужудга келиш механизми анчагина мураккаб.
Ташқи стимул рецепторга таъсир этиб, унинг ташқи мембранасини деполяризациялайди. Хоссалари билан локал жавобга ўхшайдиган бу деполяризацияни рецептор потенциали ёки генератор потенци-ли деб юритишади. Рецептор потенциали «бор ёки йўқ» қонунига бўйсунмайди, балки таъсироткучига боғлиқ бўлиб, кетма-кет тез келувчи таъсиротлар қўлланилганда қўшила олади ва нерв толаси бўйлаб тарқалмайди.
Рецептор потенциалининг фарқ қилувчи хусусиятларидан бири шуки, у узоқ давом этади: баъзи рецепторларда потенциал неча минутлаб (стимул таъсир этиб турган вақт мобайнида) ўзгармай тураверади; каротид синуснинг прессорецепторларида (улар артериал босимнинг кўтарилишидан таъсирланади) бир неча соат давом этувчи рецептор потенциаллари қайд қилинган. Мембрана деполяризациясининг бунчалик узоқ давом этиши модда алмашинуви натижасида бўшаб чиқадиган энергиянинг сарф қилинишига боғлиқ; модомики шундай экан, ҳужайра ичидаги оксидлакиш процессларини бузадиган процесслар таъсирида рецептор потенциаллари йўқолиб кетади.
Рецептор таъсирланиб, унда ацетилхолин бўшаб чиқиши натижасида рецептор потенциали пайдо бўлади: ацетилхолин мембрананинг ион ўтказувчанлигини ўзгартириб, унинг деполяризацияланишига сабаб бўлади, деган маълумотлар бор. Рецепторлар жойлашган соҳага ацетилхолин киритилганда ҳам шундай натижа олинган.
Фоторецепторларда генератор потенциалининг вужудга келиши кўрув пурпурининг парчаланиш реакциясига боғлиқ. Бир қанча рецепторларда ташқи мембранага таъсиротлар бевосита (оралиқ химиявий звенодан ташқари) келиб мембрана хоссалари ўзгариши сабабли рецептор потенциали пайдо бўлиши мумкин.
Рецептор потенциали муайян — критик — миқдорга етгач рецептор билан боғланган нерв толасида афферент импульслар разрядини вужудга келтиради. Бу разряд рецепторга яқин турган биринчи Ранвье бўғилмасида пайдо бўлади. Рецепторлар сезувчанлигини йўқ қилиб ташлайдиган новокаин рецептор потенциалига таъсир этмайди-ю, лекин нерв толаларида афферент импульслар разрядининг вужудга келишини тўхтатади.
189-расм. Бақа мускл дугининг рецептори мембранасидаги делоляризация билан импульслар частотаси ўртасидаги нисбат (Б. Катцдан) (А) ва мускул дугидаги импульслар частотаси билан мускулга таъсир этувчи юк логарифми ўртасидаги нисбат (Меттьюсдан) (Б). Айрим тажрибаларнинг натижалари тўгаракчалар билан кўрсатилган. Нерв толаларидаги афферент импульслар частотаси рецептор мембранасининг деполяризацияланиш миқдорига, яъни рефлектор потенциалининг миқдорига тўғри пропорционал эканлиги баъзи бир объектларда, масалан, бақа мускулининг дугларида ўтказилган тажрибаларда бевосита ўлчаб аниқланган (189-расм, А). Шу билан бирга нерв толасидаги афферент разрядлар частотаси таъсирот кучининг логарифмига пропорционалдир (189-расм, Б). Бу фактларни таққослаш шуни кўрсатадики, таъсирот кучи билан рецептор потенциалининг миқдори ўртасида тўғри пропорционаллик эмас, балки логарифмик боғланиш бор. Бу электрофизиологик кузатишлар Вебер қонунининг Г. Фехнер таклиф этган математик ифодасига мос келади.