14 ТАЪСИРОТЛАР РЕЦЕПЦИЯСИ УМУМИИ ҚИСМ
Марказий нерв системаси таъсиротларни қабул қилишга ихтисос лашган рецепция органларидан ташқи олам ва организмнинг ички ҳолати ҳақида ахборот (информация) олиб туради. Кўпгина рецепция органларини сезги органлари деб аташади, чунки бу органларнинг таъсирланиши ва улардан импульслар келиши туфайли бош мия катта яримшарларида сезгилар, идроклар, тасаввурлар, яъни ташқи олам ҳиссий инъикосининг турли формалари юзага чиқади.
Рецепция органлари ахборот етказиб бериши туфайлигина оддий рефлекслар, шунингдек, хулқ-атворнинг ҳар хил актлари ва психик фаолият ҳам юзага чиқади. Буни философлар ва физиологлар аллақачон кўрсатиб ўтишган. И. М. Сеченов «Бош мия рефлекслари» деган классик асарида «психик акт онгда ташқи, ҳиссий қўзғалишдан ташқари ҳозир бўла олмайди», деб ёзган эди.
Таъсиротларни қабул қиладиган нерв охирлари ёки ташқи муҳитдаги муайян ўзгаришларга реакция кўрсатадиган — ихтисослашган нерв ҳужайралари рецепторлар ҳисобланади.
Импульслар рецепторлардан афферент нерв толалари орқали марказий нерв системасига боради. Қўзғалиш бир рецептор нейрондан иккинчи, сўнгра учинчи нейронга ўтади (учинчи нейрон таламусда бўлади) ва бош мия катта яримшарлари пўстлоғига етиб боради. Бу нейронлар занжирининг ҳамма звенолари қабул қилинган таъсиротларни анализ қилишда қатнашади. Анализнинг олий формалари катта яримшарлар пўстлоғида юзага чиқади.
Таъсиротларни қабул қилишда ва қўзғалишларни ўтказишда қатнашадиган нейронларнинг бутун мажмуасини, шунингдек бош мия катта яримшарлари пўстлоғининг сенсор ҳужайраларини И. П. Павлов ягона система ҳисоблади ва уни «анализатор» деб атади. Рецепторлар — а-лизаторнинг периферик звеносидир. Афферент нейронлар ва ўтказувчи йўллар анализаторнинг ўтказувчи бўлимини ташкил этади. Қатта яримшарлар пўстлоғининг рецепторлардан қўзғалишни қабул қиладигав қисмлари анализаторларнинг марказий охирлари ҳисобланади.
Морфологик дифференциалланиши ва физиологик ихтисосланганлиги жиҳатидан фарқ қиладиган кўпгина рецептор аппаратлар бор.
Бу бобда проф. Н. К. Верешчагин ёзган текстдан қисман фойдаланилди.
Рецепторларнинг морфологик дифференциалланиши структура тафовутида ва рецепторлардан кўпчилигининг ихтисослашган кўп ҳужайрали органлар — рецепция органларида эканлигида намоён бўлади. Рецепция органлари таъсиротларни рецептор ҳужайраларга ёки нерв охирларига ўтказишга мослашгандир. Рецепторларнинг ихтисослашганлиги шунда кўринадики, биринчидан, улар таъсиротларнинг муайян тури — ёруғлик, товуш, химиявий, механик, иссиқ, совуқ ва шунга ўхшаш таъсиротларни қабул қилишга мослашган, иккинчидан, улар жуда юксак даражада қўзғалувчан бўлади, яъни минимал миқдордаги ташқи таъсирот энергияси билан қўзғала олади.