Сийдикдаги баъзи моддалар синтезланишида буйракларнинг
иштироки
Қон билан келадиган модда алмашинув маҳсулотлари (мочевина, сийдик кислотаси, индикан, уробилин ва б.) ни чиқариб юборишдан ташқари, буйракларнинг ўзи ҳам сийдикка ўтувчи баъзи моддаларни ҳосил қилади. Бу моддаларга гиппур кислота ва б. киради.
Гиппур кислота буйрак каналчалари эпителийсида бензоат кислота ва гликокол аминокислотасидан синтезланиш йўли билан ҳосил бўлади. Организмдан ажратиб олинган буйраклар устидаги тажрибалар буйрак тўқимасида гиппур кислотасининг ҳосил бўлишини исбот этади, бундай буйракнинг томирлари орқали бензоат кислота ва гликокол қўшилган озиқ эритмаси юборилганда, сийдик йўли (уретер)дан чиқаётган сийдикда гиппур кислотаси пайдо бўлади.
Буйракларнинг каналчалар эпителийсида аммиак ҳосил бўлади, аминокислоталар дезаминланганда ажралиб чиқадиган аминогруппалар, асосан глютаминдан ажралиб кетадиган аминогруппаси аммиак ҳосил қилади.
Буйрак венасидаги қонда аммиак буйрак артериясидаги қонга ва бошқа тўқималардан кетаётган қонга қараганда 2—3 баравар кўпроқ эканлиги аммиакнинг буйракда ҳосил бўлишини исбот этади.
Буйрак тўқимаси ферментларга бой бўлиб, унда бир қанча химиявий процесслар рўй беради, булар орасида олтингугуртли ва фосфорли баъзи органик бирикмалардан сульфат ва фосфатлар ажралиб чиқишини кўрсатиш мумкин.
Организм ички муҳитининг таркиби доим бирдай туришини бажаришда буйракларнинг иштироки
Сув алмашинувида ва қоннинг осмотик босимини бошқаришда буйракларнинг иштироки. Организмга кўп сув ёки тузлар кирганда уларнинг ортиқчасини буйраклар чиқариб юборади ва қоннинг нормал осмотик босимини тиклашда шу билан қатнашади. Сув ёки тузлар кўп миқдорда организмга жуда тез киритилса, масалан, венага юборилса, улар аввал тўқимага (асосан тери ва мускулларга) ўтади, сўнг буйраклар орқали аста-секин организмдан чиқариб ташланади. Сийдик ҳосил бўлиши кучайиб, организмдан ортиқча сув ва тузларнинг чиқарилиши суюлтириш диурези деб аталади. Унинг интенсивлиги бир қанча бошқарувчи механизмлар таъсири билан тушунтирилади.
Томирлар системасига суюқлиқ юборилганда артериал босим, демак, коптокчалардаги фильтрацион босим ҳам ортади. Шунинг учун фильтрация ошади ва кўпроқ сийдик ажралиб чиқади. Томирларда қон босимининг ортиши томирлар системасининг прессорецепторларига таъсир этади, натижада артериолалар тонуси рефлекс йўли билан пасаяди: қон коптокчаларга келтирувчи томирлар орқали кўпроқ келади, фильтрация, демак, диурез ҳам ошади. Қондаги суюқлиқ миқдорининг кўпайиши бўлмаларнинг қон билан тўлишини оширади, бу эса сийдик ҳосил бўлишини рефлекс йўли билан кўпайтиради.
Қонга гипертоник ёки гипотоник эритмаларнииг киритилиши унинг осмотик босимини оширади, бу ҳам диурезнинг ўзгаришига сабаб бўлади. Бу реакциянинг механизми мураккаб. Оралиқ мияда — гипоталамуснинт супраоптик ядросида жойлашган осморецепторлар бу реакциянинг амалга ошишида катта аҳамиятга эгадир. Осморецепторлар — махсус дифференциалланган нерв ҳужайраларидир. Бундай ҳужайра танасида вакуоль бор, у ҳужайра ичи суюқлиғи билан тўла, бу суюқлиқнинг осмотик босими эса тўқима суюқлиғи билан қоннинг осмотик босимига тенг. Тўқима суюқлиғи билан қоннинг осмотик босими ортса, осмос қонунларига мувофиқ сув осморецептор вакуолидан тўқима суюқлиғига ўтади, бу эса вакуолни ҳам, осморецептор ҳужайрани ҳам кичрайтиради. Натижада осморецепторда ҳосил бўладиган нерв импульсларининг частотаси ошади ва гипофизда антидиуретик гормоннинг ишланиши кучаяди. Антидиуретик гормон буйракка таъсир қилиб, йиғувчи найларда сийдикдан сувнинг қонга қайта сўрилишипи кўпайтиради, натижада кўпроқ концентрланган сийдик чиқади. Шундай қилиб, сув кам йўқотилганда организм ортиқча тузлардан халос бўлади, бу эса қоннинг осмотик босимини пасайтиради.
Кўп сув ичилгач ёки қонга гипотоник эритма юборилгач қондаги сув кўпайганда, яъни гидремияда антидиуретик гормон секрецияси камаяди. Бунинг сабаби шуки, қоннинг ва тўқима суюқлиғининг осмотик босими пасайганда сув осморецептор ҳужайраларнинг вакуолларига ўтади, айни вақтда осморецептор ҳужайралардан гипофизга импульслар камроқ келади, шу сабабли антидиуретик гормон ишланиши сусаяди. Натижада сийдикдан қонга сув сўрилиши камаяди, буйрак кўпроқ суюқ сийдик чиқаради, пиравардида организм ортиқча сувдан қутилади.
Қон осмотик босимининг ўзгариши буйрак каналчаларида сувнинг қайтадан сўрилиш процессларига ҳам бевосита таъсир этади. Шунинг учун қонга поғонасиз моддалар , масалан, сульфатлар ёки креатинин юбориш йўли билан ҳам диурезни кучайтириш мумкин. Поғонасиз моддалар осмотик босимига кўра сув реабсорбциясига тўсқинлик қилиб, каналчаларда пича сувни ушлаб туради, шу сабабли сийдик кўпроқ чиқади. Бу ҳодиса каналчалар диурези деб аталган.
Поғонасиз моддалар юборилгандагина эмас, балки поғонали моддалар юборилганда ҳам каналчалар диурези вужудга келиши мумкин. Поғонали моддаларнинг қондаги миқдори погонадан юқори бўлган тақдирда улар каналчаларда қайта сўрилади. Бунга глюкоза мисол бўла олади. Глюкозанинг қондаги миқдори поғонадаи юқори кўтарилса, унинг каналчаларда рсабсорбциялана олмайдиган қисми сийдикка ўтади ва шу билан сувнинг кўп чиқишига сабаб бўлади. Шундай қилиб, диурез ортади, шу билан бирга қондаги глюкозанинг поғонадан юқори концентрацияси қанча юқори бўлса, диурез ўшанча ортиқ бўлади. Қандли диабетда сийдик билан кўп глюкоза чиқиши (глюкозурия) билан бир қаторда сийдикнинг кўп чиқиши (полиурия) сабабларидан бири ҳам шу.
Do'stlaringiz bilan baham: |