Каналчалардаги реабсорбция
Сув ва унда эриган бир қанча моддалар каналчаларда қайтадан сўрилади, яъни реабсорбцияланади.
Каналчалар ингичка узун найчалардир. Уларнинг умумий узунлиги жуда катта бўлиб, 70—100 км гача етади. Каналчаларнинг турли бўлимлари турлича эпителий билан қопланган. Биринчи тартибдаги бурама каналчаларда эпителий ҳужайралари цилиндр шаклида. Генле қовузлоғининг тушувчи қисми соҳасида эпителий ҳужайралари яссиланади, қовузлоқнинг кўтарилувчи қисмида эса кубсимон эпителий бор (100-расм). Иккинчи даражадаги бурама каналчалар ҳам кубсимон эпителий билан қопланган.
Цилиндрик эпителий ҳужайраларининг каналчалар ичига қараган юзаси сертук хошияли бўлиб, электрон микроскопда текшириш маълумотларига қараганда, микроворсинкалардан тузилган. Шу туфайли каналчаларнинг умумий юзаси катта бўлиб, 40—50 м2 га етади. Қовузлоқ соҳасида ҳам микроворсинкалар бор.
Каналчалар йиғинди юзасининг катта эканлигидан реабсорбция ҳажми юқори бўлади. Бир суткада ҳосил бўлган 170 литр коптокча фильтратидан фақат 1 — 1,5 литри охири (дефинитив) сийдик шаклида ажралиб чиқади. Суюқликнинг қолган қисми ва унда эриган моддаларнинг анчагинаси каналчаларда сўрилиб, буйракнинг тўқима суюқлигига ва қонга ўтади.
А. Н. Ричардс каналчаларга иккита микропипетка суқиб қўйган, шу йўл билан муайян моддалар эритмасини бурама каналчанинг проксимал қисмига юборган, унинг пастки — дистал қисмидан эса бу ерга оқиб келаётган суюқликни олиб, анализ қилган. Сийдик каналчалардан ўтаётганда сув ва ундаги бир қатор моддаларнинг қайтадан қонга зўр бериб сўрилиши шу тажрибаларда исбот этилган.
Бир қанча моддаларнипг қайтадан сўрилиши уларнинг қондаги концентрациясига боғлиқ. Масалан, қон плазмасидаги глюкоза концентрацияси 150—180 мг % дан ошмаса, бу модда тўла реабсорбцияланади. Плазмадаги глюкоза концентрацияси 150—180 мг % дан ортиб кетса, тўла реабсорбцияланмайди ва бир қисми сийдикка ўтади (гликозурия). Турли моддаларнинг ажралиб чиқиш поғонаси ҳақидаги тасаввур шунга асосланган.
Ажралиб чиқииг поғонаси — модданинг қондаги шундай концентрациясики, бунда модда каналчаларда тўла реабсорбциялана олмай, охирги сийдикка ўта бошлайди. Поғонали моддалар деб аталувчи турли моддаларнинг ажралиб чиқиш поғонаси турлича. Поғонасиз моддалар буйрак каналчаларида реабсорбцияланмайди ва плазмада ҳатто жуда оз концентрацияда бўлса ҳам, сийдик билан чиқиб кетаверади.
Бундай моддаларга креатинин ва инулин киради. Қондаги концентрацияси нормал бўлганда тўла реабсорбцияланадиган глюкоза поғонали моддаларга киради. Қон плазмасининг фильтратга ўтиб қоладиган кўпчилик аминокислоталари, оқсиллари, кўпчилик витаминлар, шунингдек натрий, калий, кальций, хлор ионлари ва бошқа моддаларнинг кўпчилик қисми каналчаларда тўла реабсорбцияланади. Шундай қилиб, организмга зарур моддаларнинг ҳаммаси қайтадан сўрилади, яъни реабсорбцияланади.
Модда алмашинувининг организмдан чиқариб ташланадиган охирги маҳсуллари — мочевина, сийдик кислотаси, аммиак — камроқ реабсорбцияланади, баъзилари (сульфатлар, креатинин) эса бутунлай реабсорбцияланмай, организмдан сийдик билан чиқиб кетади.
Одамда плазма, коптокча фильтрати, яъни бирламчи сийдик ва дефинитив сийдикдаги турли моддалар миқдори А. Кешни маълумотларига мувофиқ қуйидаги жадвалда кўрсатилган:
Модданинг номи
|
Кон плазмасидаги вабирламчи сийдикдаги микдори (%хисобида)
|
Сийдик йулларига чиккан сийдикдаги микдори ( % хисобида)
|
Шу модданинг сийдикдаги микдори кон плазмасидаги микдоридан канча фарк килиши.
|
Мочавина
|
0,03
|
2,0
|
65 марта ортик
|
Сийдик кислотаси
|
0,004
|
0,05
|
12 марта ортик
|
Глюкоза
|
0,1-0,15
|
--
|
Сийдикда йук
|
Калий
|
0,02
|
0,15
|
7 марта ортик
|
Натрий
|
0,32
|
0,35
|
Тахминнан шунча ортик
|
Фосфатлар
|
0,009
|
0,15
|
16 марта ортик
|
сулфатлар
|
0,002
|
0,18
|
90 марта ортик
|
Do'stlaringiz bilan baham: |