ОРАЛИҚ МИЯ ВА ПУСТЛОҚ ОСТИДАГИ ЯДРОЛАР Оралиқ мия (diencephalon) анатомия нуқтаи назаридан мия стволининг бир бўлимидир. Аммо, ўрта мия билан узунчоқ мияга қарама-қарши ўлароқ, оралиқ мия эмбриогенез процессида миянинг олдинги пуфагидан катта ярим шарлар билан бирга шаклланади.
Оралиқ миянинг асосий тузилмалари кўрув дўмбоқлари — thalami optici ва дўмбоқ остидаги соҳа — hypothalamus-дан иборат. Унинг функ цияси организмдаги вегетатив процессларни бошқаришдан иборат бўлиб, қуйида кўздан кечирилади (592бет).
Таламус функциялари Таламус катта ярим шарларга борувчи барча (ҳидлов йўлларидан ташқари) афферент (сенсор) йўллар коллектори ҳисобланади. Таламус катта ярим шарлар пўстлоғига олиб борувчи йўлда бамисоли бир дарвоза бўлиб, ташқи муҳитдан ва организмнинг ички муҳитидан таъсирот қабул қилувчи рецепторлардан келадиган бутун ахборот ўша дарвоза орқали ўтади. Таламусдаги баъзи ядролар чекли шикастланганда катта ярим шарлар пўстлоғи бирон (кўрув, эшитув, таъм билув, тактил ва ҳоказо) ахборотдан маҳрум бўлиши мумкин.
Мия анатомияси ўрганила бошлаган вақтда фақат кўрув йўллари таламус орқали ўтади деб ҳисоблашарди. «Кўрув дўмбоқлари» деган эски ном шундан келиб чиқади. Кўрув дўмбоқларини ҳозир «сезув дўмбоқлари» деб аташ тўғрироқ бўларди, чунки ҳамма сезув йўллари таламусда тўпланган.
Таламус оқ модда қатламлари билан олдинги, латерал ва медиал соҳалар деган уч соҳага бўлинади. Ҳар бир соҳа бир қанча ядроларнинг тўпламидан иборат. Ҳозир таламуснинг 40 тага яқин ядроси тафовут қилинади.
Р. Лоренте дено таламуснинг барча ядроларини функционал жиҳатдан специфик ва носпецифик ядролар деган иккита катта группага ажратишни таклиф этди. Бунда таламус ядроларидан катта ярим шарлар пўстлоғига борувчи толалар охирларининг морфологик характеристикаси ва шу ядролар таъсирланганда ярим шарлар пўстлоғидаги электр активлиги ўзгаришларининг электрофизиологик характеристикаси асос қилиб олинди. Специфик ядролардан бошланувчи толалар — таламуснинг специфик йўллари катта ярим шарлар пўстлоғининг 3—4 қаватида тугаб, сенсор ва ассоциатив зоналарнинг чекли миқдордаги ҳужайраларида синапслар ҳосид қилади. Носпецифик ядролардан бошланувчи толалар — таламуснинг носпецифик йўллари катта ярим шарлар пўстлоғининг турли қисмларида бир талай тармоқлар беради ва ярим шарлар пўстлоғидаги бир талай нейронларни қўзғалиш процессига тортади. Таламуснинг специфик ядролари катта ярим шарлар пўстлоғининг муайян қисмларига бевосита боғланган. Таламуснинг носпецифик ядролари эса сигналларни кўпинча пўстлоқ остидаги ядроларга ўтказади, бу ядролардан эса импульслар ярим шарлар пўстлоғининг турли қисмларига бир йўла киради.
Морфологик маълумотларга яраша ўтказилган электрофизиологик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, специфик ядролар таъсирланганда катта ярим шарлар пўстлоғининг фақат чекланган қисмларидаги электр активлиги ўзгаради, яъни бирламчи жавоблар келиб чиқаДи (Г. Жаепер). Носпецифик ядроларнинг таъсирланиши эса электр активлигига таъсир этади, яъни катта ярим шарлар пўстлоғининг кенг соҳаларида «активация реакцияси»ни (554бет) вужудга келтиради.
Таламуснинг специфик ядролари таъсирланганда катта ярим шарлар пўстлоғида юзага чиқарилган потенциалнинг майдонга келадиган латент даври атиги 1—6 м/сек, ҳолбуки таламуснинг носпецифик ядролари таъсирланганда ярим шарлар пўстлоғидаги электр активлиги ўзгарадиган латент давр 10—50 м/сек. Бу ҳолда латент даврнинг шундай узоқ давом этиши таламуснинг носпецифик ядроларидан катта ярим шарлар пўстлоғига борадиган йўлда кетмакет уланган нейронлар ва синапслар кўплигидан гувоҳлик берувчи салмоқли далил ҳисобланади.