|
Орқа мия рефлекслари (спинал рефлекслар)
|
bet | 394/493 | Sana | 09.07.2022 | Hajmi | 13,93 Mb. | | #760607 |
| Bog'liq fizi
Орқа мия рефлекслари (спинал рефлекслар)
Терининг оғритилишига, масалан, игна санчилишига жавобан рўй берувчи букиш рефлекслари (флексор рефлекслар) орқа мия кўндалангига тўла қирқиб қўйилгач бошқа рефлекслардан эртароқ тикланади. Букиш рефлекси тўла тикланганда оёқни букувчи мускуллар қисқариш билан бир вақтда реципрок (пайваста) тормозланиш натижасида ёзувчи мускуллар бўшашади. Айни вақтда қарама-қарши — контралатерал — оёқни ёзувчи мускуллар қисқариб, букувчи мускуллар бўшашади. Терининг турли қисмларига таъсир этиб, букиш рефлексини юзага чиқариш мумкин. Айни вақтда жавоб реакциясининг характери ҳар хил бўлиши, яъни унда турли мускул группалари қатнашуви мумкин. Бир рефлектор актнинг таъсирот жойига боғлиқ бўлган хусусиятлари рефлекснинг локал белгилари деб аталади.
Спинал ҳайвонда оёқ панжаларининг кафт ястиқчалари сал-пал босилганда ёзиш рефлексини, тананинг ён юзасига таъсир этилганда қашиш рефлексини, шунингдек, мускул пайига урилганда шу мускулнинг чўзилишига жавобан бир қанча миотатик рефлексларни ҳам кузатиш мумкин. Айрим ҳолларда кучли таъсиротга жавобан алмашиниш (отдача) феномени келиб чиқиши туфайли (кучли таъсирот букиш рефлексини юзага чиқаради) оёқнинг ритмик ҳаракатлари вужудга келади. Спинал итнинг танаси осиб қўйилганда оёқларидан бирининг панжаси босилса тўрттала оёқни босиб қадамлаш типидаги рефлектор ҳаракатлар келиб чиқади (Филиппсон рефлекси). Ички органларнинг баъзи рефлекслари: сийдик чиқариш, дефекация, томир ҳаракатлантириш рефлексларини ҳам орқа мия марказлари юзага чиқаради.
Орқа мия юқорироқдан қирқиб қўйилиб, марказий нерв системасининг юқорироқдаги бўлимларидан ажратиб қўйилгач боя айтилган рефлексларнинг ҳаммаси сақланиб тургани учун бу рефлексларнинг марказлари орқа миянинг қирқилган жойидан пастроқда, деган хулоса чиқиши табиий. Орқа миянинг кўпчилик қисми юқоридаги кўкрак сегментларидан бошлаб пастдаги бел сегментларигача умуртқа поғонасининг каналидан сикиб чиқарилгач орқа миянинг барча рефлекслари йўқолади. Орқа миянинг муайян қисмлари емирилганда ёки уларга мос келувчи орқа мия илдизлари қирқиб қўйилганда ҳам муайян рефлекслар йўқолади.
Одамнинг орқа мияси узилгач бир неча вақтдан кейин букиш рефлексларидан ташқари, тизза рефлекси ва ахилл рефлекси яққол кўринади. Тизза рефлекси шундан иборатки, сон тўрт бошли мускулининг пайига урилганда оёқ тизза бўғимидаи ёзилади, ахилл рефлекси шундан иборатки, ахилл пайига урилганда оёқ болдирпанжа бўғимидан ёзилади. Бу рефлекслар «спинал» одамда айниқса кучайган бўлади. Одам орқа мияси тўла узилгандан кейин бир неча вақт ўтгач сийдик чиқариш ва дефекация рефлекслари тикланади, қовуқ ва тўғри ичак маълум даражада чўзилгач шу рефлекслар юзага чиқади. Эркакнинг жинсий олати таъсирланганда рефлектор эрекция ва эйякуляция келиб чиқиши, яъни жинсий олат бўртиб, уруғ отиши мумкин.
Орқа мияси узилган одамда қўзғалиш процесси орқа мияга кенг ёйилгани сабабли барча спинал рефлекслар нормал чегараланганлик
ва локализацияланганлик хусусиятларидан маҳрум бўлади. Бу, мия стволининг тормозловчи таъсири келмаганлиги сабабли рефлектор реакциялар координацияси жуда бузилганлигини кўрсатади. Ҳар қалай, орқа миядаги координация ҳайвондагига нисбатан одамда камроқ ривожланган, чунки марказий нерв системасининг юқорироқдаги бўлимларида рўй берувчи координация процесслари каттароқ роль ўйнайди.
Одам орқа миясининг чекли айрим қисмлари зарарланганда шу қисмларнинг локализациясига қараб турли рефлекслар йўқолишини кузатса бўлади: Масалан, орқа миянинг кўкрак сегментларидан бир нечтаси зарарланганда кўкрак ва қориннинг тегишли метамерларида тери сезувчанлиги йўқолиб, тер ажратиш ва томир ҳаракатлантириш реакциялари юзага чиқмайди, шунингдек айрим мускул группаларининг ҳаракат фалажи рўй беради. Бундай кўпгина мушоҳидалар орқа мия марказларининг нисбий сегментар тартибда жойлашганлигидан гувоҳлик беради.
Орқа миядаги бир қанча марказларнинг сегментар локализациясини қайд қилар эканмиз, бутун орқа миянинг функционал бутунлигини таъминлайдиган сегментлар аро алоқалар орқа мияда кўп эканлигини таъкидлаб ўтмоқ керак.
Одамнинг клиник практикада текшириладиган энг муҳим спинал рефлекслари, уларни юзага чиқариш усуллари, кузатиладиган реакция характери ва орқа мия марказларининг, яъни ўша рефлексларни юзага чиқаришда қатнашувчи нейронлар группаларининг локализацияси қуйидаги жадвалда келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |
|
|