Фазони идрок қилиш Кўриш ўткирлиги (кўз қуввати). Кўриш ўткирлиги кўз пайҳай оладиган икки нуқта ўртасидаги энг кичик масофа билан белгиланади.
Нуқталар ўртасидаги масофани фарқ қила билиш қобилияти ўша нуқталарнинг қай бурчак остида кўринишига боғлиқ. Нормал кўз 60 секундлик бурчак остидаги икки нуқтани ажратади.
Сариқ доғнинг кўриш ўткирлиги максимал даражада бўлади. Сариқ доғдан периферияга томон кўриш ўткирлиги камайиб боради.
Кўриш ўткирлиги (кўз қуввати) махсус жадваллар ёрдамида аниқланади. Бу жадваллар бир неча қатор ҳарфлардан ёки катта-кичик чала (камбут) ҳалқалардан таркиб топган. Ҳар бир қатордаги ҳарф ёки шаклларни нормал кўз қанча масофадан фарқ қила олса, ўша масофа ҳар бир қаторнинг рўпарасига метр ҳисобида ёзиб қўйилади.
Жадвалга қараб аниқланадиган кўриш ўткирлиги одатда нисбий миқдорларда ифодаланади, шу билан кўзнинг нормал ўткирлиги 1 деб олинади. Текширилаётган киши рўпарасига 8 рақами ёзилган қаторни 8 м дан эмас, фақат 4 м дан кўрса, унинг кўриш ўткирлиги нормал ўткирликнинг ярмига тенг бўлади ва ҳоказо.
Кўриш майдони. Кўз бирон нуқтага тикилса, шу нуқтанинг тасвири сариқ доғга тушади, бу ҳолда биз нуқтани марказий кўрув билан кўрамиз. Тўр парданинг қолган жойларига тасвири тушадиган нуқталарни периферик кўрув билан кўрамиз.
Кўзни бир нуқтага тиккан вақтда кўринадиган нуқталар йиғиндиси кўрув майдони деб аталади.
Периферик кўрув майдонининг чегаралари периметр деган асбоб билан ўлчанади.
Рангсиз нарсаларни кўриш майдонининг чегаралари 70° пастроқда, 60° юқорида ва 90° ташқарида бўлади. Одамнинг иккала кўз билан кўриш майдонлари бир-бирига қисман мос келади, бу эса фазони идрок қилиш учун катта аҳамиятга эгадир.
Ҳар хил рангларни кўриш майдони бир хил змас, рангсиз нарсаларни кўриш майдони ҳаммадан каттароқ. Кўк ва сариқ рангларни кўриш майдони кичикроқ, қизил рангни кўриш майдони янада кичик, яшил рангни кўриш майдони эса фақат 20—30—40° атрофида.
Масофани билиш. Чуқурликни идрок этиш, бинобарин, масофани билиш бир кўз билан кўриш (монокуляр кўриш) да ҳам, икки кўз билан кўриш (бинокуляр кўриш) да ҳам мумкин. Икки кўз билан (бинокуляр) кўришда масофа аниқроқ билинади. Монокуляр кўришда масофани баҳолаш учун аккомодация ҳодисасининг бир қадар аҳамияти бор. Яқиндаги нарсаларга қараганда киприксимон мускулга зўр келади; бу мускул таранглигининг сезилиши (проприорецепция) нарсанинг қанча масофада турганлигини билишга ёрдам беради.
Нарса қанча яқинроқ бўлса, тасвири тўр пардага ўшанча каттароқ тушади. Масофани билиш учун бунинг ҳам аҳамияти бор.
Масофани ва рельефни билишда икки кўз билан кўришнинг аҳамияти жуда катта.