202-расм. Баланд (А), урта (Б) ва паст (В) товушларда асосий мембрананинг тебраниш схемаси.
Ҳар хил баландликдаги товушларни сезиш учун кортий органининг қўзғаладиган рецептор ҳужайралари локализацияси муҳим аҳамиятга эгадир. Бу купгина физиологик экспериментларда исбот этилади.
И. П. Павлов лабораториясида Л. А. Андреев итда ҳар хил баландликдаги тонларга шартли рефлексларни ҳосил қилган, сўнгра бир қулоқнинг кортий органини емириб, иккинчи қулоқдаги кортий органининг турли қисмларига ингичка игна билан шикаст етказган. Чиғаноқнинг асосидаги биринчи ўрами зарарланган бўлса, баланд тонларга ҳосил қилинган шартли рефлекслар йўқолар эди; чиғаноқ учига яқин шикастланган бўлса, паст тонларга ҳосил қилинган шартли рефлекслар йўқоларди; чиғаноқнинг фақат ўрта ўрами емирилганда ўрта диапазондаги тонлар сезилмасди.
Денгиз чўчқачаларининг чиғаноғи 4,5 ўрамли бўлади, Г. Девис шу ҳайвонлар устида тажриба қилиб, чиғаноқ асосидан электр потенциалларини ажратиб олишда барча товуш частоталарида микрофон эффекти рўй беришини аниқлади, чиғаноқнинг учига яқин қисмларидан электр потенциаллари ёзиб олинганда эса фақат паст товушлар таъсирида микрофон эффекти рўй беришини кузатди.
Келтирилган фактлардан шундай хулоса чиқариш мумкин: турли баландликдаги тонлар, яъни ҳар хил частотали товуш тебранишлари таъсир этганда чиғаноқда товуш информацияси масофада кодларга солинади. Тебранаётган асосий мембрана қисмининг муайян узунлиги ва юқори канал перилимфасининг тебранишларини пастки канал перилимфасига ўтказадиган муайян жойи тоннинг ҳар бир баландлигига мос келади. Шунга кўра, қўзғаладиган рецепторларнинг муайян миқдори, шунингдек таъсирланиш кучи кўпроқ бўладиган рецепторларнинг муайян группаси тоннинг ҳар бир баландлигига мос келади.
Секундига 100—150 марта тебранадиган товуш частоталарида асосий мембранадаги тебранишларнинг максимал амплитудали қисми мембрананинг чиғаноқ учидаги қисмига етиб бормайди ва юқори каналдаги перилимфа тебранишлари асосий мембрана орқали пастки каналга ўтади. Пастроқ товуш частоталарида перилимфа тебранишлари геликотрема орқали ўтади, бунинг натижасида эшитув рецептор ҳужайраларининг ҳаммаси таъсирланади. Бу ҳолда товуш ахбороти масофада кодларга солина олмай қолади. Аммо у ҳолда паст частотали тебранишлар эшитув нервининг толаларида бехато гавдаланиши мумкин, шунинг учун бунда товуш информациясининг кодларга солинишига эҳтиёж қолмайди. Товуш частотасининг электр тебранишлари телефон кабели орқали ўтгани каби, бу ҳолда тон баландлиги ҳақидаги ахборот эшитув нервидан ўтувчи импульсларнинг тегишли частотаси билан етказиб берилиши мумкин.
Шу тариқа, тонлар баландлигини ажратишнинг иккита механизми бор. Паст тонлар таъсир этганда улар ҳақидаги информация эшитув нервининг толалари орқали импульслар шаклида ўтади, бу импульсларнинг частотаси чиғаноқда сезиладиган товуш тебранишларининг частотасига мос келади. Баланд тонлар таъсир этганда эса, ахборот масофада кодларга солинади.
Секундига 1000 тебранишгача частотали (баъзи маълумотларга қараганда, бирмунча юқорироқ частотали) ўртача баландликдаги тонларнинг муайян диапазонида товуш информациясини кодга солувчи иккала система ишлаши мумкин: бир система частотаси таъсирот частотасига мос келадиган импульсларни ўтказишга, иккинчи система эса, қўзғалган рецептор ҳужайраларнинг ҳар хил жойлашганлигига ва турли миқдорда эканлигига асосланади.