Доминанта принципи
Доминанта принципини А. А. Ухтомский нерв марказларинпнг асосий иш принципи деб таърифлаган эди. Унинг фикрича, организм яшайдиган табиий шароитда нерв системасининг яхлит бир бутун бўлиб ишлаши учун доминант, яъни устун қўзғалиш ўчоқларининг борлиги характерлидир, бу қўзғалиш ўчоқлари бошқа ҳамма нерв марказларининг ишини ўзгартиради ва гўё ўзига бўйсундиради.
А. А. Ухтомский турли ҳаёт шароитида ҳайвонлар ва одамнинг феъл-атворидаги ўзгаришларни кузатиш натижасида ва экспериментларга асосланиб, шундай хулосага келган эди.
Экспериментда аниқланган доминантлардан иккита мисол келтирайлик: дефекация актидан илгари ҳайвон катта яримшарлар пўстлоғининг ҳаракатлантирувчи нуқталарига таъсир этилса (бу нуқталар қўзғалганда олдинги оёқ букилади) бу шароитда оёқ қимирламайди, бунинг ўрнига дефекация тезлашади ва кучаяди. Мушуккатта яримшарлари пўстлоғининг шу нуқталари овқат ютиш рефлекси вақтида таъсирланса, шу рефлекс кучаяди, лекин оёқ букилмайди.
Бу фактлар кўрсатадики, дефекация ва овқат ютиш марказларининг рефлекс йўли билан қўзғалиши марказ ичидаги муносабатларни тубдан ўзгартириб юборади. Орқа миянинг мотонейронлари (уларга катта яримшарлар пўстлоғидан импульслар келади) тормозланган бўлиб чиқади, айни вақтда овқат ютиш марказларидаги ҳужайралар қўзғалувчанлиги шу қадар ошадики, улар ўзлари учун ёт қўзғалишга жавоб қайтара бошлайди.
Нерв марказининг қўзғалувчанлигини оширадиган химиявий моддаларни шу марказга бевосита таъсир эттириш йўли билан шунга ўхшаш натижани олиш мумкин. Масалан, кичкина қоғоз парчасини стрихнин эритмасига ҳўллаб, бақадаги қашиниш рефлексининг орқа миядаги марказларига тегизилса, тормозловчи синапсларнинг блокада қилиниши натижасида ўша марказлар қўзғалувчанлиги ошади, шу сабабли гавда юқори қисмларининг хилма-хил таъсирланиши одатда ҳеч қачон артиш рефлексини юзага чиқармагани ҳолда энди бир неча вақтгача шу рефлексни юзага чиқарадиган бўлиб қолади, нормал шароитда юзага чиқарадиган реакцияларини энди вужудга келтирмайди.
Стрихнинни (И. С. Беритов ва бошқалар) ёки ўзгармас ток анодини (В. С. Русинов) ҳаракатлантирувчи бирон марказга қўйиб, катта яримшарлар пўстлоғида ҳам шундай доминант қўзғалиш ўчоғини сунъий йўл билан вужудга келтириш мумкин.
Ҳайвонлар ва одам яшайдиган табиий шароитда доминанта рефлексларнинг катта системаларини ўз ичига олади, овқат, жинсий, мудофааланиш ва бошқа доминанталар шу тариқа келиб чиқади.
Доминантага ўхшайдиган ҳодисалар клиника практикасида ҳам учрайди. Масалан, нерв стволлари шикастланганда ярадор қўл-оёқ баъзан ачишиб оғрийди (каузальгия), бу оғриқ турли ёт таъсиротларда, масалан, баданнинг ҳар қандай жойига текканда, қаттиқ товушда ва шу кабиларда кучаяди.
А. А. Ухтомскийнинг маълумотларига кўра, доминант қўзғалиш ўчоғи қуйидаги асосий хоссалари билан характерланади: 1) ошган қўзғалувчанлик; 2) қўзғалишнинг турғунлиги; 3) қўзғалишларни қўшиш қобилияти; 4) инерция, яъни стимул тамом бўлгач қўзғалишни узоқ ушлаб туриш қобилияти.
Бирор марказда доминант қўзғалиш ўчоғи вужудга келганда ҳамиша бошқа нерв марказлари бир қадар реципрок тормозланади.
Доминанта шаклланишининг конкрет механизми ҳозирча тўла аниқлангани йўқ. Марказий нерв системасидаги ҳар қандай қўзғалиш жуда кенг, амалда чексиз иррадиацияга мойил бўлмаганда доминанта келиб чиқа олмаган бўлур эди. Бу ўзи-ўзидан равшан. Аммо нормал шароитда, яъни тормозловчи механизмлар бекам-кўст ишлаб турганда турли рефлектор марказларни мустақил равишда активлик ҳолатига келтир-моқ учун иррадиацияланувчи қўзғалиш, афтидан камлик қилса керак (яъни у қўзғалган синапсларнинг фақат озгина қисмини ўз ичига олади). Бирор марказнинг қўзғалувчанлиги ошгандагина иррадиацияланувчи қўзғалиш шу марказ учун бўсаға қўзғалиш бўлиб қолади ва у амалга оширадиган рефлексларни вужудга келтира ёки кучайтира олади.
Ҳозирги вақтда марказий нерв системасида қўзғалишнинг шунга ўхшаш кенг ирра-диациясида бош миянинг ретикуляр формацияси муҳим роль ўйнайди , деб фараз қилинмоқда.
Рефлектор дугалар — нерв импульсларини ўтказадиган, бир-биридан яккаланган йўллардир ва нерв марказлари ўртасидаги координацион муносабатлар стабил (барқарор) деган тасаввурлар классик физиологияда ҳукм сурган эди, доминанта ҳодисаларининг кашф этилиши бу тасаввурлар шартли эканлигини кўрсатиб берди.
Нейронлар ўртасида сон-саноқсиз контактлар борлиги ва оралиқ контакт нейронлар системаси мавжудлиги туфайли бутун нерв системаси ўз фаолиятининг ҳар қандай пайтида бир бутун яхлит бўлиб ишлашини ҳозир исбот этилган деса бўлади. Нерв марказлари ўртасидаги координацион муносабатлар уларга келувчи афферент импульслар таъсирида ўзгариши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |