Нерв марказларининг пластиклиги. Компенсатор мосланишлар Нерв марказларининг мосланувчанлиги ва функционал аҳамиятининг ўзгарувчанлигини А. Бете пластиклик деб атади.
Нерв марказларининг пластиклиги нерв системасидаги турли операцияларда, жумладан нерв стволларини кесишма тикиш тажрибаларида жуда яққол кўринади. Ҳар хил иккита нерв стволи қирқилиб, биттасининг марказий учи иккинчисининг периферик учига тикиб қўйилади. Нерв толаларининг қирқилиши натижасида уларнинг периферик учлари дегенерацияланади, лекин кейин регенерация рўй беради: нервнинг марказий учидан периферияга нерв толалари ўсиб чиқади, қирқилган нервнинг периферик учи илгари қайси органга борган бўлса, ўша органда янги нерв толаларидан яна нерв охирлари вужудга келади. Айни вақтда периферияда янгидан ҳосил бўладиган нерв охирлари шу нерв толаси учун эмас, балки нерв стволи ўсиб кирадиган орган учун специфик бўлади. Масалан, скелет мускулининг нерви билан бирлашган ва шу мускул ичига ўсиб кирадиган сайёр (адашган) нерв, ҳар қандай ҳаракатлантирувчи нерв каби, охирги пластинкалар чиқаради, симпатик нерв стволига ўсиб кирганда эса симпатик нерв учун характерли нерв охирларини ҳосил қилади.
Нервлар шу тариқа улангач маълум вақт (одатда бир неча ой) дан кейин нерв марказлари қайта тузилиб, илгари ўзларига хос бўлмаган янги функцияларни касб этади.
Масалан, тил мускулларини иннервациялайдиган тил ости нервининг марказий учи диафрагма нервининг периферик учига улангач тил ости нервининг ядросидаги нерв ҳужайралари диафрагмага импульсларнинг ритмик разрядларини юборадиган бўлиб қолади, шунинг натижасида диафрагманинг нафас функциялари тикланади. Бошқача айтганда, бу нерв ҳужайралари функционал жиҳатдан нафас марказининг таркибига киради.
П. Қ. Анохин адашган нервни олдинги оёқнинг нерв стволларига киритиб улаганда ит оёғининг ҳаракатлари ва сезувчанлиги тикланганини кузатган.
Медицина кўрсатмалари бўлганда, масалан юз нерви фалаж бўлганда функционал аҳамияти ҳар хил нервлар одамда ҳам операция қилиб уланган. Айни вақтда фалаж бўлган юз нервининг периферик учи қўш-ни нервлардан биронтасининг марказий учига киритиб уланган.
Операция натижасида юз мускулларининг нормал иннервацияси тикланган.
Бузилган функция марказий нерв системасининг айрим қисмлари емирилгач ёки олиб ташлангач ҳам тикланади (компенсация) Масалан, мияча батамом ёки қисман олиб ташлангач, бош миянинг айрим қисмлари олиб ташлангач ёки лабиринтлар емирилгач ҳайвонларнинг дастлабки вақтда жуда ҳам издан чиққан ҳаракатлари нерв марказларининг пластиклиги туфайли бир қадар вақтдан кейин маълум даражада тикланиши мумкин. Одатда, бундай тикланиш учун кўп ойлар керак.
Юксак даражадаги ҳайвонлар ва одамда нерв марказларининг шикастланишга ва функционал қайта тузилишга компенсатор мосланиш ҳодисаларида шартли рефлектор алоқалар органи — бош мия катта яримпарлари пўстлоғининг ғоят катта аҳамияти бор. Ҳайвон операция қилипиб, оёғининг ҳар хил нервлари улангач ёки оёқлари кесиб ташлангач, ки мияча олиб ташлангач шикастланишга мослашиб ҳаракат функциялари тикланган даврда бош мия ярим шарларининг пўстлоғи олиб ташланса, илгари қилинган операция учун характерли ҳодиса — ҳаракатларнинг бузилиши яна намоён бўлишини Э. А. Асратян кўрсатиб берди. Марказий нерв системасининг энг ёш ва мукаммал бўлими — катта ярим шарлар пўстлоғи, афтидан, максимал даражада пластик орган бўлиб, шикастланишдан кейинги янги шароитга, янги функционал шароитга бошқа ҳамма бўлимларнинг мосланишини таъминлайди.