НЕРВ МАРКАЗЛАРИНИНГ ХОССАЛАРИ Нерв марказларининг бир қанча характерли хоссалари бор. Бу хоссалар нерв марказларини ҳосил қилувчи нейрон занжирларининг тузилишидан ва нерв импульсларининг синапс орқали ўтиш хусусиятларидан келиб чиқади.
Қўзғалишнинг бир томонлама ўтказилиши Нерв толасида импульслар икки томонга ўтказилиши мумкин. Марказий нерв системасида қўзғалиш фақат бир томонга тарқалиши, яъни рецептор нейрондан оралиқ нейронлар орқали эффектор нейронга ўтказилиши мумкин. Бу ҳодиса нерв марказларида қўзғалишнинг бир томонлама ўтказилиш қонуни деб аталади. Нерв импульслари ҳаракатининг рефлектор дуга учун характерли йўналиши шундан келиб чиқади.
Нерв марказларида қўзғалишнинг бир томонлама ўтказилишини. қуйидаги тажрибада ҳаммадан яққол кўрсатиш мумкин. Ҳайвон орқа миясининг бирон сегментидаги олдинги ва орқа илдизлари қирқиб қўйилади. Олдинги илдиздан эфферент нерв толалари, орқа илдиздан эса аффер°нт нерв толалари ўтади. Орқа илдизнинг марказий учига электр
токи билан таъсир этилса, олдинги илдизнинг марказий учидан эса электр потенциаллари кучайтиргич ва осциллографга узатилса, ҳаракат потенциалларининг разрядларини қайд қилиш мумкин. Олдинги илдизга электр токи билан таъсир этиб, потенциаллар орқа илдиздан олиб кетилса, унда осциллограф ҳаракат потенциалларини қайд қилмайди Бунинг боиси шуки, нерв импульслари синапслар орқали фақат бир томонга ўтади. Импульсларни бир томонлама ўтказиш шу тариқа барча — периферик ва марказ ичидаги — синапсларнинг умумий хоссасидир.Секинроқ ўтказилиш Қўзғалиш нерв толаларидагига нисбатан нерв марказларида секинроқ ўтказилади Рефлекс вактининг, яъни рецептор таъсирланган пайтдан бошлаб жавоб реакцияси юзага чиққунча ўтадиган вақтнинг нисбий узунлиги шу билан изоҳланади. Бу вақтни рефлекснинг латент даври деб ҳам юритишади. Латент давр мобайнида қуйидаги процесслар рўй беради: рецепторлар қўзғалади (Л)қўзғалиш марказга интилувчи нерв толалари орқали нерв марказларига ўтказилади (Б), қўзғалиш марказий нерв системасининг ичида бир хил нейронлардан иккинчи хил нейронларга ўтказилади (В), қўзғалиш марказий нерв системасидан марказдан қочувчи нейронларга ўтказилади (Г), қўзғалиш нервдан ижрочи органга ўтказилади ва шу орган фаолиятининг латент даври бошланади (Д). Шундай қилиб, рефлекс вақти (Р) шу барча процесслар узунлигининг йиғинди ифодасидан иборат: Р=А + Б + В+Г+Д. Марказ ичида қўзғалишнинг афферент нейрондан эфферент нейронга ўтказиладиган вақти (В) рефлекснинг чин, ёки марказий вакти деб лталади. Бу вақтни аниқлаш учун юқорида айтилган бошқа барча процессларга сарф қилинган вақтни рефлекснинг умумий вақтидан чегириб ташлаш зарур: В = Р—(А + Б + Г+Д). Одамда пай рефлексларининг, масалан тизза рефлексининг вақти ҳаммадан камроқ; у атиги 0,0196—0,0238 секундни ташкил этади. Бу рефлексларнинг марказий вақти 0,003 секундга тенг.
Кўз қовоғига таъсир этилганда ёки кўзГа равшан ёруғлик тушганда пайдо бўладиган кўз юмиш рефлексининг вақти узунроқ, у 0,05—0,2 секундни ташкил этади. Шу рефлекснинг марказий вақти 0,036—0,186 секундга тенг Ички органлар, қон томирлари ва тер безларининг рефлектор реакциялар вақти ҳаммадан узунроқ. Бу органларга импульслар вегетатив нерв системаси орқали ўтади. Масалан, тери томирларининг кенгайиши натижасида тери қизариш рефлексининг умумий вақти 20 секундни ташкил этади ва ундан ҳам ошади. Вегетатив рефлекслар вақтининг бундай узунлигига сабаб рефлекс вақтининг узунлигигина эмас, периферик эффектор органнинг секин жавоб қайтариши ҳамдир.
Рефлекс вақти таъсирот кучига ва марказий нерв системасининг ҳолатига боғлиқ. Таъсирот кучли бўлганда рефлекс вақти кучсиз таъсиротдагига нисбатан калтароқ бўлади. Чарчаганда эса рефлекс вақти узаяди. Нерв марказларининг қўзғалувчанлиги ошганда рефлекс вақти анча қисқаради.
Марказий нерв системасида қўзғалишнинг секинроқ ўтказилиши қўзғалишнинг синапслар орқали ўтиш хусусиятларидан келиб чиқади.
Юқорида айтилганидек, қўзғалишнинг синапс орқали ўтиши қуйидаги уч асосий процессдан иборат: 1) нерв охири ўзига аксон орқали келган импульсга жавобан медиатор ишлаб чиқаради; 2) медиатор синапс ёриғи орқали постсинаптик мембранага диффузияланиб ўтади; 3) шу медиатор таъсирида қўзғатувчи постсинаптик потенциал вужудга келади. Нерв охирига импульс келган пайтдан бошлаб, то қўзғатувчи
постсинаптик потенциал келиб чиқа бошлагунча тахминан 0,5 мсек ўтиши аниқ ўлчаб аниқланади. Нерв охиридан медиатор ажралиб чиқиши ва постинаптик мембранага диффузияланиб ўтиши учун шунча вақт керак. Бу вақт синапсда кечикиш деб аталади. Постсинаптик потенциал келиб чиққан пайтдан тортиб, то чўққи потенциали пайдо бўлгунча яна 1,5—2 мсек вақт ўтади. Бу вақт қўзғатувчи постсинаптик потенциал критик миқдорга кўтарилиши учун зарурдир. Шундай қилиб, қўзғалишнинг бир синапс орқали ўтиши учун ҳаммаси бўлиб 2—3 мсек вақт кетади.
Шунга асосланиб, нерв импульсини марказий нерв системасига ўтказувчи синапслар миқдорини аниқлаш мумкин. Масалан, аксари паймускул рефлексларининг, жумладан тизза рефлексининг марказий вақти одамда тахминан 3 мсек ни ташкил этгани учун бу рефлекслар дугасининг таркибига фақат битта синапс (тўғриси параллел уланган бир қатор синапслар) киради, деб ҳисоблашади. Шунинг учун ҳам бундай рефлексларга моносинаптик рефлекслар деб ном берилган.
Бошқа рефлекслардан аксарисининг дугаси, юқорида айтилганидек, камида 2—3 синапсдан ёки шу синапс қаторларидан иборат.