Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги. Диссертацияда фойдаланилган ахборот базасининг ишончлилиги уларнинг расмий манбалардан олинганлиги билан, ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг ишончлилиги республика иқтисодиётини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган устувор йўналиш ва дастурларга қай даражада мувофиқлиги ҳамда тегишли хулосаларни мутасадди ташкилотлар томонидан амалиётга жорий этишга қабул қилинганлиги билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти диссертациядан олинган илмий хулосалардан ушбу йўналишдаги услубий ёндашувларни такомиллаштириш ҳамда улардан истиқболда иқтисодиётни инновацион-инвестицион ривожлантириш асосида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг устувор йўналишларини аниқлашга қаратилган илмий тадқиқот ишларини олиб боришда фойдаланиш мумкинлиги билан белгиланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни республика иқтисодиётини инновацион-инвестицион ривожлантириш асосида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган мақсадли давлат дастурлари ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, олий ўқув юртларида «Иқтисодиёт назарияси», «Макроиқтисодиёт», «Саноат иқтисодиёти», «Инвестицияларни бошқариш» сингари фанларнинг ўқув дастурларини такомиллаштириш ва ўқитишда фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг жорий этилиши.Миллий иқтисодиётни инновацион-инвестицион ривожлантириш асосида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида;
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (иттки)га инвестицияларни мақсадли ўсиш нуқтаси сифатида киритиш орқали такомиллаштирилган миллий ишлаб чиқаришнинг ўсишига инновацион унсурлар таъсири ва тармоқлараро ўзаро таъсир самарадорлигини баҳолашнинг омилли таҳлил усули Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 15 майдаги CC-4-0/20-1054сон маълумотномаси). Таклифнинг жорий қилиниши натижасида инновацион таъсирнинг юқори натижадорлиги ҳамда тармоқлараро мажмуа унсури бўлган аралаш тармоқларни келишилган инновацион ривожлантиришга қаратилган технологик ривожланиш дастури ишлаб чиқилган ҳамда уни амалга ошириш орқали тармоқлараро мажмуанинг амал қилиш самарадорлигига эришилган;
молиявий бошқарув тизими, венчур молиялашнинг «краудфандинг» ҳамда «спин-офф корхона ташкил қилиш» моделларини киритиш орқали такомиллаштирилган миллий иқтисодиётни инновацион-инвестицион ривожлантиришни молиялаштириш механизми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2019 йил 30 апрелдаги БА 19-01-32-20/1301-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари миллий иқтисодиётнинг инновацион-инвестицион ривожланишини давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш ҳамда инновацион ривожлантириш ва барқарор иқтисодий ўсиш концепциясини ишлаб чиқишга хизмат қилган;
юқори қўшилган қийматли, рақобатбардош ва илмий сиғимли маҳсулотлар яратиш асосида яим ҳажмини оширишга қаратилган инновацион-инвестицион ривожлантиришнинг тизимли модели, илмийтехнологик зоналар ва технологик платформаларнинг такомиллаштирилган кластер шакли Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси фаолиятига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 15 майдаги CC-4-0/20-1054-сон, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг 2019 йил 25 апрелдаги 04/06-1929-сон маълумотномалари). Таклифнинг амалга оширилиши натижасида истиқболда миллий иқтисодиёт даражасида, жумладан, қайта ишлаш ва юқори технологияли тармоқларда инвестиция меъёри оширилган, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш учун сарфланаётган инвестициялар улушининг ва инвестициялар самарадорлигининг ҳамда иқтисодиёт рақобатбардошлигининг ортишига кўмаклашган;
республика иқтисодиётини инновацион-инвестицион ривожлантиришнинг эконометрик модели ва 2019-2023 йилларга мўлжалланган вариантли прогноз кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан амалиётда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 15 майдаги CC-4-0/20-1054сон маълумотномаси). Прогноз натижалари республика иқтисодиётига жалб этилаётган инвестицияларнинг тармоқ таркибини шакллантириш, инновацион тараққиёт йўлига ўтиш жараёнини жадаллаштириш йўналишларини белгилашга хизмат қилган.