Фарзандга оид муаммолар. Тез-тез туғишлар, абортлар, бола тушишлар, анемия ва уларнинг натижаси организмнинг жисмоний ва руҳий заифлашиши бола туғиш ёшидаги аёллар саломатига жиддий путур етказади. Бу масалада ўтказилган сўровда 100 та сўралганлардан 57 фоиз оилани режалаштириш масалаларини ўзлари ҳал қиладилар, 43 фоизи эса эрларининг (33), қайноналарининг (9) ва ҳатто қайноталарининг (1) қарорини ҳисобга оладилар. Шундай қилиб, 100 аёлдан 45 таси яна бир бола туғишга мустақил равишда қарор қабул қила олмайдилар, агар оилада ўғил бола бўлмаса у яна бола туғади, одат шуни талаб қилади. Ҳатто фарзанд тўғрисида аёлнинг ўзи ҳал этганида ҳам, одатда у ўзи яшаётган оиланинг талаблари билан ҳисоблашади31. Бу ҳолатлар эса, биринчи ўринда аёлнинг соғлиғини ўйламай қарор қабул қилишга ёки бундай қарор қабул қилишига мажбурлашга олиб келади.
Аёл репродуктив ҳуқуқларга эга бўла туриб, танлаш имкониятига эга эмас ва кўпинча қиз туғилганидан хурсанд эмаслигини намойиш қилувчи эри ва қариндошлари томонидан камситиш қилишларга дуч келадилар32.
Фарзандсизликка оид муаммолар. Одатлар ва баъзи расм-русумлар жамият ҳаётини тартибга солади ва ахлоқ нормалари ҳамда ҳар бир одамнинг шахсий ҳаётига аралашиш даражасини белгилайди. Одатлар ва уларга амал қилиш талаби аёлларни тобе қилиб қўяди. Қизларни шаъни масаласи бевосита оила шаънига боғлиқдир.
Агар аёл қандайдир аниқланмаган сабабларга кўра ҳомиладор бўла олмаса, айб биринчи галда аёлга юкланади. Аммо, фарзандсизлик сабаблари эркакларда ҳам бўлиши мумкин. Шифокорга биринчи бўлиб аёл мурожаат қилади ва йиллар давомида даволаниши мумкин. Ваҳоланки айрим даволаниш муолажалари фақат эр-хотин билан бирга келгандагина белгиланиши ва эр-хотин уларни биргаликда ўтишлари лозим. Эркакларнинг фарзандсизлик муносабати билан шифокорга мурожаат қилиш холлари жуда камдир.
Полигамия, яъни кўп хотинлилик муаммоси ижтимоий –иқтисодий илдизларга эга. Ижтимоий-иқтисодий соҳада жамиятнинг заиф қисми ўз муаммоларининг ечимини унутиб юборилган одатларда излайдилар. Ўзларининг боқимандачилик ҳолатларини оқлашда айрим аёллар эски маросимлар томонидан ҳимоя қидирадилар33. Кўп хотинлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига асосан жиноий жавобгарликка тортилишга асос бўладиган жиноий қилмиш бўлиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 50-100 энг кам иш хақи миқдорида жарима тўлашига олиб келади.
Полигамия замонавий аёл ҳуқуқларининг қўпол равишда чеклаб қўйилишидир ва эркакларнинг имтиёзлари олдида хўрланган ҳолатга қўйган холда, аёлнинг оиладаги ва жамиятдаги аҳволини камситади. Бу одат диний асосга эгадир ва эркаклар шариат нормаларини баҳона қилган холда, фуқаролик нормаларини бузадилар.
Айрим кўп хотинлик холларида аёллар диний никоҳдан ўтиши билан ихтиёрий равишда ёки билмай туриб ўзлари ва фарзандларини юридик маънода ҳимоя қилиш ҳуқуқларидан маҳрум қилишлари ва никоҳда ўзларини ижтимоий жиҳатдан ўта тобе ва тенг бўлмаган ҳолатга қуйишларини кўрсатади. Бундай никоҳда туғилган болани давлат хизматларида рўйхатдан ўтказиб бўлмайди, бу ўрнатилган тартибни четлаб ўтган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга ФҲДЁда рўйхатдан ўтказилмаган никоҳ юридик кучга эмас. Демак, Оила ва Фуқаролик кодекслари аёлни ҳимоя қила олмайди.
Аёллар траффиги муаммоси. Бу муаммо, бугунги кунда нафақат бизнинг жамиятимизнинг, балки кенг халқаро ҳамжамиятнинг қаттиқ ташвишга солаётган муаммолардан бири ҳисобланади. Бу муаммо, олдинги муаммолардан ижтимоий хавфлилиги билан ҳам ажралиб туради. Чунки, аёллар траффиги (яъни савдоси) бугунги кундаги трансмиллий жиноятчиликнинг энг кўп тарқалган турларидан бирига айланди. Аёллар траффиги, бошқача қилиб қилиб айтганда аёлларни фоҳишабозлик ва бошқа мақсадларда сотиш деб ҳам тушунилади. Шу нуқтаи назардан бу муаммога чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, бу муаммо бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Глобаллашув жараёнида халқаро чегараларни очилиши, чет мамлакатлардан келиш ва уларга бориш қоидаларининг соддалашуви аёллар траффигини кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда умуман одам савдоси орқали келадиган ноқонуний даромадлар халқаро наркобизнес ва қурол савдосидан келадиган фойдадан кейинги учинчи ўринга чиқиб олганлигини БМТ каби халқаро ташкилотлар эътироф этишмоқда.
Афсуски, баъзи ҳолларда аёлларимиз етарли даражада ҳуқуқий билимларга эга бўлмаслиги орқали фирибгарлар қўлига тушмоқдалар. Жиноий гуруҳлар, ёш қизларни катта даромад ваъда қилиш эвазига, уларни хорижий мамлакатларда турли ишларни таклиф этадилар ва чет элга келганидан сўнг, уларни паспортлари ва бошқа ҳужжатларини тортиб олиб, фоҳишабозликка мажбурлайдилар. Чет элда ҳеч қандай ҳужжатларсиз ва маблағсиз улар зомбига айланиб қолишмоқда.
Аёллар ҳуқуқларини бузилишига олиб келадиган ҳуқуқбузарликлар хусусида қисқача хулоса қилиб айтганда, аёлларни камситилишига, уларнинг ҳуқуқларини поймол этилишига олиб келаётган юқорида кўриб ўтган муаммолар жамиятда мавжуд бўлиб, улар одатий ҳолга айланган ҳуқуқбузарликлар бўлиб қолмоқда.
Аёллар траффигига қарши жиноий жавобгарликни белгиловчи Жиноят кодексида алоҳида моддалар бор. Аммо, унда яъни Жиноят кодексининг 135 моддасига биноан шаҳвоний ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун алдаш йўли билан одам ёллаш тегишли жавобгарликка тортилади деб кўрсатиб ўтилган. Аммо, фикримизча, бу модда аёллар траффигига қарши кураш учун етарли эмасдир. Шунинг учун “Инсон савдосига қарши кураш тўғрисида”ги алоҳида қонун қабул қилинса, бу соҳадаги кўплаб ҳуқуқий муаммолар ечилган бўлар эди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва барҳам бериш учун биринчи ўринда жамиятимизнинг барча аъзоларини ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришимиз, мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш лозимдир.
Хулоса
Мамлакатимиз ҳуқуқий демократик жамият қурар экан, бу жамиятнинг барча аъзолари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлиқ кафолатланган бўлиши лозим. Инсон ҳуқуқлари соҳасида жамиятнинг муҳим қатлами бўлган аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимини топиш бугунги ҳуқуқий ислоҳотлар кетаётган даврнинг долзарб талабидир.
Аёлларнинг ижтимоий аҳволини яхшиланиши жамият пойдевори бўлиб, ривожланишнинг кўрсаткич даражасини белгилайди. Шундай экан, аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш ҳар қандай давлатнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Халқимизда қадимдан аёллар улуғланади ҳамда иззат-икром кўрсатилади. Лекин аёлларнинг жисмоний заифлиги жамиятнинг барча қатламларида уларга нисбатан камситишларни келтириб чиқаради. Буларга қарши кураш қонун ишлаб чиқарилиши жараёнида ҳам ўз аксини топиши, яъни ҳар бир соҳада аёллар имкониятини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқариши лозим. Мамлакатимизда аёлларнинг аҳволини яхшилаш ва жамиятда уларнинг ролини ошириш бўйича миллий ҳаракат дастури давлат амалга ошираётган энг муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида “Соғлом авлод учун” ноҳукумат жамғармасининг тузилиши ҳам аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эгадир. 1995 йил март ойида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат ва жамият қурилишида аёллар ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармони эълон қилинди.
Аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Миллий ҳаракат дастурида аёллар манфаатларини ҳисобга оладиган муайян чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган. Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг миллий механизмида катта ўрин тутадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институти каби миллий институтлар, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда аёллар ҳуқуқлари бўйича турли нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкил этилиши аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва гендер тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар ичида алоҳида аҳамиятга эгадир.
Аҳолининг ўта ижтимоий заиф тоифаси бўлмиш аёллар ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ушбу ташкилотлар фаолиятининг устувор йўналишидир. Шахс ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган ёки чеклаб қўйилганда вакилга мурожаат қилиш ҳолларининг кўпайиб бориши мамлакатда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси бўйича бундай ташкилотлар ва муассасаларнинг хизмати обрўсининг ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 60га яқин халқаро ҳужжатни имзолади. Бу ҳужжатлардаги қоидалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда. 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган «Хотин қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция » шундай халқаро ҳужжатлар сирасига киради.
Аммо, бундай халқаро ҳужжатлар ва уларда қайд этилган ҳуқуқ ва эркинликлар тўғрисида нафақат оддий аҳоли, керак бўлса, кўпчилик мансабдор шахслар ҳам билмайдилар. Халқаро ҳуқуқий онгнинг пастлиги, ҳуқуқий маърифат муаммосини янада долзарблаштиради. Инсон ҳуқуқларини бузилишида, албатта ҳуқуқий маданият даражаси муайян ўрин тутади. Аёллар бошига тушадиган кулфатлар, ҳуқуқларининг бузилишига, асосан уларнинг ҳуқуқий билимсизлиги, ўзларининг шахсий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини билмаслиги сабаб бўлади. Шу сабабдан ҳам аёллар ҳуқуқларини таъминлашдаги муҳим вазифа биринчи ўринда аёлларнинг, шу жумладан эркакларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳисобланади. Чунки, ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишининг биринчи гарови, бу ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда мажбуриятлари хусусида етарли билимларга ва уларни амалга ошириш кўникмаларига эга бўлишдир. Бу вазифани ҳал этиш жамиятдаги ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият соҳасидаги муаммоларни ҳал этади.
Бу соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун қуйидаги вазифаларни ҳал этмоқ лозим:
жамиятнинг барча қатламлари орасида аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги тушунчасининг моҳиятини кенг тарғиб қилиш;
мансабдор шахсларни аёллар ҳуқуқлари бўйича билимларини ошириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ўз ҳуқуқлари бўйича мурожаат қилган аёлларга амалий ёрдам беришни кенгайтириш.
аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигига оид таълимни кадрлар тайёрлашнинг барча босқичларида ва қайта тайёрлаш тизимида ривожлантириш;
Ижтимоий-сиёсий фаолиятда аёллар ва эркакларнинг тенглигини мустаҳкамлаш ва ҳимоялашнинг махсус қонунчилигини такомиллаштириш, яъни махсус қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилиш. Масалан, тенг ҳуқуқлилик ва тенг имкониятларни белгилаб берувчи алоҳида қонунни қабул қилиш. Унда аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги тушунчаси, масалалари ва бу соҳадаги муаммоларни хал этишнинг қонуний кафолатлари ўз иродасини топиши керак.
Давлат ва жамият бошқарув тизимида аёлларнинг иштирокини кенгайтириш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш. Масалан, бошқарув органлари резервига аёллардан номзодлар тайёрлашни шакллантирувчи тайёрлов тизимида аёлларни тенглигини таъминлаш;
Аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги, яъни сиёсий партиялардаги иштирокини янада кенгайтириш ва бу йўл билан уларнинг мамлакатнинг қонун чиқарувчи органи бўлган олий вакиллик органидаги фаолиятини кучайтириш;
Иқтисодий-ижтимоий ҳаётда аёллар ролини ошириш, иқтисодий сектордаги аёллар иштирокини кўпайтириш.
Иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий хаётда фаол иштирок этувчи турли аёллар ташкилотлари фаолиятини кучайтириш;
Аёлларни иш билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш ва аёллар учун махсус иш ўринларини ажратиш; аёлларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва иш ҳақларини тўлиқ ва ўз вақтида берилишини таъминлаш;
Кўп болали аёллар, боқувчисини йўқотган ва ногирон аёлларга моддий ва маънавий ёрдам беришни кенгайтириш;
Аёллар траффигига қарши кураш тўғрисида, яъни «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида” махсус қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
Меҳнат, ғоя, технология бозорида талаб даражасида бўлиш учун аёллар амалий саводсизлигини тугатишлари, мунтазам малака ва маълумотларини ошириш, эркаклар билан рақобат бардош бўла олишга интилишлари лозим.
Аёлларнинг нодавлат ташкилотлари ва аёллар гуруҳлари тарғибот ва маърифат фаолиятлари воситасида аёллар ҳуқуқларининг ўсиб бориш жараёнини тезлатадилар, шунинг учун ҳам уларни давлат тузилмалари томонидан қўллаб-қувватлаш, хамда ахборотлар билан таъминлаш лозим.
Мустақиллик йилларида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий қонунчилик умуминсоний қадриятларга асосланган ҳолда такомиллаштирилиб борилмоқда. Қонунчилик «имтиёзлар тарқатиб»гина қолмасдан болаларни дунёга келтирадиган, уларни тарбиялайдиган хамда мамлакатнинг иқтисодини мустаҳкамлайдиган барча аёлларни тенг имкониятлар ва реал тенг ҳақ-ҳуқуқлар билан кафолатлаши лозим.
Аммо, қонунлар яхши бўлишининг ўзи муаммоларни ҳал этиб қўймайди. Яъни, уларни самарали равишда амалга ошириш керак. Президентимиз, ўзининг Олий Мажлисдаги турли чиқишларида бир неча маротабалаб, «Қонунни қабул қилиниши ишни эллик фоиз бажарилиши, қолган эллик фоизи эса уни амалга оширилишида» деб таъкидлаганлар. Бу ерда аёлларнинг ҳуқуқларининг амалга ошириш билан боғлиқ бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, ихтисослашган органларнинг, яъни бир сўз билан айтганда миллий механизмининг ролининг аҳамияти беқиёсдир. Бундай механизмни аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали воситасига айлантириш бу куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Ваҳоланки, аёллар муаммоларини ҳал этиш биринчи галда, жамият муаммоларини ҳал этиш ҳамда фуқаролик жамиятига асосланган давлатнинг демократик, ҳуқуқий давлат сифатида эътироф этилишининг асосий талабларидан биридир.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати: