Оилада тазйиқлардан холи бўлиш ҳуқуқи. Оилада аёлларга нисбатан тазйиқнинг турли шаклларда бўлиши мумкин. Тазйиқ оилаларда, уларнинг ижтимоий мақомига боғлиқ бўлмаган ҳолда юз бериши мумкин.
Тазйиқ ҳаётга, соғлиққа, жинс дахлсизлигига, эркинликка қарши, шахснинг кадр-қиммати, ғурурига қарши қаратилган жиноят.
Тазйиқ жиноятнинг шундай турларига кирадики, улар ҳақидаги хабар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга камдан-кам етиб боради, чунки жабрланувчилар кўп ҳолатларда шикоят қилмайдилар.
Мутасадди шахслар аёлларни уриш, калтаклаш, азоблашни- ижтимоий муаммо деб ҳисобламайдилар, чунки улар бу ҳолат болаликдан одат тусига кирган деган фикрда, гендер хурофотлари тўғрисида ўйламайдилар.
Ҳеч бир инсон, айниқса аёл тайзиқка лойиқ эмас, бироқ амалда жабрланувчи ўзини қандай тутганлигидан қатъий назар, озор берувчи ҳар доим хам ўз ҳаракатларига важ топади, ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Оиладаги ўзаро муносабатларга оид ўтказилган сўров натижаларига кўра 100 ҳолатдан 60 тасида аёллар ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслигини кўрсатди26. Бу ҳолатлар эса Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг «Оилавий муносабатларда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги» 3 моддасига зиддир. Бу моддада «ҳар бир фуқаро оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқларга эгадирлар ва ҳуқуқларнинг бевосита ёки билвосита қандайдир чекланишига йўл қўйилмайди» дейилган. Аммо шунга қарамай аксарият аёллар ҳал қилувчи овозга эга эмаслар. Бу эса аёлларни ўз оиласининг тенг ҳуқуқли аъзоси эмаслигини кўрсатади, уларнинг ҳис-туйғулари, фикрлари, хоҳишлари ва эҳтиёжлари кўпинча оилада эътиборсиз қолдирилади.
Оиладаги можаролар. Оила муносабатларда тенгсизлик, бу оила аъзосининг иккинчисидан устунлиги асосига қурилади, бу эса “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига зиддир. Фарзандлар ҳам худди шундай муҳитда ўсадилар ва тарбияланадилар ҳамда шунинг учун келгусида ота-оналари мисолида ўз оилаларида оилавий турмуш ахлоқ моделига тақлид қиладилар.
Бу масалага оид ўтказилган сўровда 100 аёлдан 95 фоизи можароли вазиятга эга оилаларда яшайдилар, улардан 15 фоизида эса бундай вазиятга ҳали эрга тегмаган қизларнинг оилаларида йўл қўйилганлигини қайд этишган27. Баъзида оиладаги можаро вазияти вазифаларни тақсимлаш асосида юзага келиши мумкин, фарзандларни тарбиялаш одат бўйича аёлларнинг вазифасидир, эрлар фарзандларни парвариш қилиш, ўқишини назорат қилиш давомида ва уларнинг ҳаётидаги бошқа воқеаларда иштирок этмайдилар. Шу сабабли маълум босқичда оилада фарзандлар ва ота-оналар бир-биридан узоқлашиб кетадилар. Ўзбек оилаларида энг кўп можаро вазиятлари «қайнона-келин» муносабатлари асосида келиб чиқади. Бу ерда гап ахлоқ-одоб жиҳатларида эмас, балки аёлни жисмоний ва руҳий эзишда боради. Келиннинг ҳар бир ҳаракатини қатъий назорат қилиш, шахсий ҳаётига, ҳатто эр-хотин ҳаётининг нозик соҳаларигача қўполлик билан аралашиш шулар жумласига киради28.
Оиладаги можаролар кўпинча оила бошлиғининг қатъий қарори билан бартараф қилинади. Жуда кам ҳолатларда оилада можарони тушуниш, моҳиятини очиш ва унинг сабабларини зарарлантиришга ҳаракат қиладилар. Аёлларни ҳимоя қилиш учун далиллар анъанавий қарашлар таъсири остида оила аъзоларининг кўзи билан ҳам кўпинча ишонарсиз кўринади. Оиладаги вазиятларни ҳал қилиш учун руҳий хизмат кўрсатадиган муассасаларга мурожаат қилиш холлари жуда камдир.
Аёлларнинг репродуктив ҳуқуқлари Эрта никоҳга кириш ва эрта она бўлиш муносабати билан репродуктив ҳуқуқлар масаласи долзарб масалага айланиб қолмоқда. Репродуктив ҳуқуқлар – «хотин-қизлар, шунингдек, эркакларнинг ўз хаётларидаги репродуктив жараёнларни ўзлари тасарруф қилишларига оид тамойилни акс эттирадиган юридик категориялардир29”.
Репродуктив ҳуқуқ икки демографик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда саломатлигини ҳимоя қилиш халқаро ҳаракатлари негизида пайдо бўлди. Ер юзи, хусусан жанубий минтақалар аҳолисининг тез ўсиб боришидан ташвишланиш репродуктив ҳуқуқ қоидаларини ишлаб чиқишга ундади. Мазкур қоидалар туғилишни муттаносиблаштириши (болалар миқдори ва улар орасидаги муҳлат)ни назарда тутади30. Репродуктив ҳуқуқ ҳар бир кишининг асосий ҳуқуқига киради, у неча ёшда қандай вақт оралигида нечта бола кўриши, кутилмаган ҳомиладорликдан сақланиш ва репродуктив саломатликнинг юқори даражада бўлишига эришиш каби эркин ва онгли равишда қарор қабул қилиш имконини беради. Репродуктив ҳуқуқ, шунингдек ҳар бир инсоннинг турли камситиш, мажбурлаш эркин равишда репродукцияга тегишли қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўз ичига олади.
Репродуктив ҳуқуқлар қуйидаги принципларга асосланади:
Инсон қадр-қимматини ҳурматлаш;
Тенгликни ҳурматлаш, камситишларга чек қўйиш;
Шахсга нисбатан даҳлсизлик ҳуқуқи;
Шахсий ҳаётга нисбатан дахлсизлик ҳуқуқи;
Шахс эркинлиги ва хавфсизлиги ҳуқуқи;
Юқори даражадаги жисмоний ва руҳий соғлиқга эга бўлиш ҳуқуқи;
Ўзбекистонда никоҳлар бирмунча ёшариб бормоқда, қизларнинг оилавий ҳаётга жисмонан, маънавий ва руҳан, репродуктив тайёр бўлмагани холда турмушга чиқишлари қуйидаги оқибатларга олиб келади:
Ёш оилалар орасида ажралишлар сонини кўпайиши;
Туғишни назорат қилмаслиги, туғиш ва хомиладорлик ўртасидаги оралиқ вақтнинг қисқариши;
Биринчи бор туғаётганлар ва 20 ёшгача бўлган аёллар орасида ўлимнинг кўпайиши.